Хитой Халқ Республикаси маданият ва туризм вазири юртимизга келди
27 октябр куни Хитой Халқ Республикаси маданият ва туризм вазири Ху Хепин бошчилигидаги делегация юртимизга ташриф буюрди.
Юқори мартабали меҳмонни Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропортида Ўзбекистон Республикаси Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазири Азиз Абдуҳакимов ва Маданият вазири Озодбек Назарбеков кутиб олди. Бу ҳақда вазирлик ахборот хизмати хабар бермоқда.
Ташрифдан мақсад Ўзбекистон вазирлик ва идоралари раҳбарлари билан «Бир макон – бир йўл» ташаббусининг 10 йиллигига бағишланган қатор учрашувлар ўтказишдан иборат. Шунингдек, ХХР маданият ва туризм вазири «Хитой маданияти кунлари» доирасидаги гала-концертда иштирок этиб, Тошкент, Самарқанд ва Бухоро вилоятларидаги туризм масканларига ташриф буюради.
Маълумот учун, «Бир макон – бир йўл» ташаббусининг 10 йиллиги муносабати билан 28-октябр куни Ўзбекистон тарихи давлат музейида «Ўзбекистон ва Хитой табиат дурдоналари» Ўзбекистон-Хитой маданий алмашинув кўргазмаси очилади.
Шунингдек, ташриф доирасида Ху Хепин БМТ Бутунжаҳон туризм ташкилоти Бош котиби Зураб Пололикашвили ва Экология вазири Азиз Абдуҳакимов билан уч томонлама учрашув ўтказади.
Таъкидланишича, Ўзбекистон билан Хитой ўртасидаги ҳамкорлик кейинги йилларда барча соҳаларда сезиларли даражада фаоллашган. Хусусан, Хитойдан Ўзбекистонга чартер рейслари йўлга қўйилди, Ўзбекистон нуфузини Хитой оммавий ахборот воситаларида кенг тарғиб қилиш бўйича қатор ишлар амалга оширилди, қўшма тадбирлар ўтказилди ва муҳим ҳужжатлар ҳамда меморандумлар имзоланди.
Туризм соҳасидаги икки томонлама муносабатларнинг мустаҳкамланиши натижасида 2023-йилнинг 8 ойи давомида Ўзбекистонга Хитойдан 21 мингдан ортиқ сайёҳ келган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter