Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

6400 км масофани босиб ўтган санъат дурдоналари энди Тошкентда!

6400 км масофани босиб ўтган санъат дурдоналари энди Тошкентда!

Фото: TİKA

12 сентябрь Тошкент санъат галереясида хаттотлик санъати дурдоналари кўргазмаси очилди. Маросимда Ўзбекистон ва Туркия сиёсат, санъат ва маданият намояндалари қатнашди.

«Albayrak» ширкатлар гуруҳи ҳамда TİKA (Туркия ҳамкорлик ва мувофиқлаштириш агентлиги) ҳамкорлигида ташкил этилган маданий лойиҳа хорижий давлатлар орасида даставвал Ўзбекистонда намойиш этилмоқда.

Тўққиз йилдан бери, ҳар гал ўзгача мавзуда ўтказиладиган хаттотлик кўргазмаси орқали ислом тамаддунининг бойлиги, бетакрорлигини кўрсатиш, кўҳна ижодий анъаналарни сақлаш, келажак авлодларга етказиш ва дунё бўйлаб тарғиб этиш мақсад қилинган.

Бу йил лойиҳа учун калимаи тавҳид мавзуси танланган.

Ислом тафаккурини ўзида мужассам этган 25 та асар Туркиянинг Истанбул, Баликесир, Анқара, Трабзон, Арзурум, Қайсари, Ғозиантеп каби шаҳарларида кўргазмага қўйилди.

Ташкилотчиларга кўра, қарийб 6400 км масофани босиб ўтган хаттотлик дурдоналари эндиликда ўзбекистонлик санъат ихлосмандлари эътиборига ҳавола этилмоқда.

«Хаттотлик асарлари кўргазмаси кўнгил диёримиз – ислом тамаддуни излари билан қопланган Ўзбeкистонда намойиш этилаётганидан мамнунмиз. Кўргазма икки қардош давлат ўртасидаги маданий алоқаларни янада мустаҳкамлашига тилакдошмиз», – дейилади Туркия ҳамкорлик ва мувофиқлаштириш агентлиги ваколатхонаси хабарида.

Маълумот ўрнида, TİKA Болқондан Марказий Осиёгача, Лотин Америкасидан Африкагача – 5 қитъа, 170 га яқин давлатда 30 мингдан ортиқ лойиҳани амалга ошириб келмоқда.

Тошкент санъат галереясида очилган кўргазма 23 сентябрга қадар давом этади.

Ушбу санъат масканида аввалроқ ўзбек ва турк ҳунарманд-усталарининг хаттотлик, тазҳиб (зарҳаллаш), қатиъ (наққошлик), абру баҳор, миниатюра, қалам тасвир, муқовасозлик, ўймакорлик каби йўналишлардаги асарлари ҳам намойиш этилган эди.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг