Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Коронавирус юрак касалликларини авж олдиришининг сабаби топилди

Коронавирус юрак касалликларини авж олдиришининг сабаби топилди

Колумбия университети (АҚШ) тадқиқотчилари CОVID-19 юрак ҳужайраларининг кальций каналларида ўзгаришларни юзага келтириб, уларни ишдан чиқариши мумкинлигини аниқлади.

Маълум бўлишича, коронавирусга чалинган беморларда инфаркт ва инсультга чалиниш кўрсаткичи 55 фоиз юқори. Шунингдек, уларда бошқа юрак хасталиклари, хусусан, аритмия (юрак ритми тартиби бузилиши) ва миокардит (юрак мушаклари яллиғланиши) кўпроқ кузатилмоқда.

Шу сабабли тадқиқотчилар CОVID-19 ни юқтирган кишиларнинг юрак тўқималарини таҳлил қилиб, яллиғланиш жараёни кучайиши, тромблар шаклланиши, ҳужайралар нобуд бўлиши ва кальций миқдори ўзгариши каби белгиларни кузатдилар.

Якунда бунга юракдаги кальций ионлари даражасини назорат қилувчи RyR2 оқсили фаолияти бузилиши сабаб бўлгани хулоса қилинди.

Негаки, тана ва юрак мушакларининг қисқариши учун кальций ионлари зарур. Бу модда даражаси назорати издан чиқиши аритмия ёки юрак етишмовчилигига олиб келиши мумкин.

Мутахассислар мазкур тадқиқот коронавирусга чалинган беморларда кузатиладиган юрак симптомларини аниқлаш ва даволашда катта натижа беришига ишонч билдиришмоқда. Ўз навбатида, касалликка қарши тўлиқ босқичда ва бустер дозада эмланиш бундай оғир асоратларнинг олдини олиши айтиляпти.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг