Коронавирус хотирани пасайтириши бўйича саволга жавоб берилди
АОКА ҳузуридаги штабда Коронавирусга қарши курашиш штаби аъзоси Барно Абдусаматова иштирокида брифинг бўлиб ўтди. Унда айрим муҳим саволларга жавоб берилди.
Ушбу ҳафта Россиянинг нуфузли клиникаларидан бир гуруҳ шифокорлар келишган эди. Улар қаерда ва нима иш олиб бормоқдалар?
Россиялик мутахассислар:
- Эпидемиология, микробиология ва юқумли касалликлар илмий текшириш институти,
- Вируслогия илмий текшириш институти клиникаларида,
- Зангиота туманидаги юқумли касалликлар шифохонасида,
- вилоятлардаги шу соҳага ихтисослашган шифохоналарда маҳаллий мутахассислар билан биргаликда оғир беморларни консультация қилмоқдалар ва ўзаро тажриба алмашмоқдалар.
Ўзбекистон олимлари, юқори малакали мутахассислари ишлаб чиққан протоколлар, тавсиялар ҳамда беморларни касаллик кечиши бўйича саралаш алгоритми билан танишиб чиқмоқдалар.
Коронавирус инфекцияси касаллигидан сўнг хотирам пасайганини сездим. Шунақа бўлиши мумкинми? Хотирам ўз ҳолига келадими, бунинг учун қандай муолажалар қилишим керак?
Мумкин. Касаллик ўрта ва оғир кечган бўлса тест натижалари манфий чиқиши бемор тезда олдинги ҳолатига келади дегани эмас.
Беморда тез чарчаш, ҳолсизлик, таъм ва ҳидни сезмаслик, курак соҳасидаги оғиқлар, йўтал, депрессия ҳолатлари, хотира пасайиши кузатилиши мумкин.
Касаллик енгил кечса ҳам асорати бўлади. Лекин барча аъзолар фаолияти секин-аста яхшиланади.
Асоратлар бир неча ҳафта ёки ой ичида йўқолиши мумкин, аммо баъзи одамларда бу узоқроқ вақт давом этиши эҳтимоли ҳам мавжуд.
Хотирани тезроқ олдинги ҳолига қайтариш учун қуйидагилар тавсия этилади:
- жисмоний машқлар билан шуғулланинг. У мия фаолиятини тиклашга ёрдам беради; когнитив функцияни тиклашга янги қизиқишлар (хобби), жумбоқ машғулотлар, сўзли ва рақамли ўйинлар, хотирани тикловчи машқлар ва китоб ўқиш ёрдам беради;
- ўзингиз учун қилишингиз керак бўлган ишларни соат нечада ва қайси куни бажаришингиз ҳақида эслатиб туриш учун турли хил эслатмалардан фойдаланинг;
- масалан, бажарилиши керак бўлган ишларингиз рўйхатини тузиб ёзинг, турли эслатмалар ва телефон товушларидан фойдаланишингиз мумкин;
- режалаштирилган ишларингиз мураккаб ва ҳатто имконсиз бўлиб кўринмаслиги учун уларни алоҳида ҳаракатларга бўлишингиз керак;
- витаминга бой овқатлар, мева-сабзавотларни кўпроқ истеъмол қилинг.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter