Тадқиқот: жами дарахт турларининг 38 фоизи йўқолиб кетиш хавфи остида турибди
Мутахассислар бутун дунё бўйлаб дарахтларнинг глобал ҳолати бўйича текшириш ўтказдилар. Тадқиқот ўн йилга яқин давом этди, унда турли мамлакатлардан мингга яқин мутахассислар иштирок этди.
Ҳаммаси бўлиб рўйхатга 47 282 тур киритилган (Ерда 58 минг тур мавжуд). Улардан 16 425 тур ёки 38 фоизи йўқолиб кетиш хавфи остида ҳисобланган. Бу кўрсаткич Қизил китобга киритилган қушлар, сутэмизувчилар, судралувчилар ва амфибия турларининг умумий сонидан икки баравар кўпдир.
Олимларнинг фикрича, ўрмонларнинг кесилиши ва иқлим ўзгариши маҳаллий флорани сиқиб чиқарадиган касалликлар ва инвазив (бегона) турлар каби салбий таъсир кўрсатади.
Дарахт турларининг энг катта хилма-хиллиги Жанубий Америкада жойлашган. Аммо бу минтақада ҳам турларнинг тўртдан бир қисми хавф остида (баҳоланган 13668 турдан 3356таси).
Олимларнинг таъкидлашича, дарахтларнинг йўқолиши сайёрамизнинг бутун экотизимига глобал таъсир кўрсатади. Улар кўпчилик жонзотларнинг омон қолиши учун зарурдир ва одамлар озиқ-овқат, ёқилғи ва дори-дармонлар учун дарахт турларига таянади. Дарахтлар кислород ишлаб чиқаради ва карбонат ангидридни ўзлаштиради.
«Табиий хилма-хилликка эга гуллаб-яшнаётган ўрмонлар иқлим ўзгаришини юмшатиш ва биологик хилма-хилликни сақлашда муҳим роль ўйнайди», деб таъкидлайди илмий мақола муаллифлари.
Яна бир тадқиқот шуни кўрсатдики, ҳар йили дунё бўйлаб 15 миллиардга яқин дарахт кесилади ва уларнинг сайёрадаги умумий сони инсоният цивилизацияси юксалганидан бери икки бараварга камайди, деб ёзади Nature нашри.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter