Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Қозоғистон: Кенгликлар қадар имкониятлар. Қардошларимиз туризм ривожида нималар қилишмоқда? (видео)

Жорий йилнинг 14 сентябридан бошлаб уч кун давомида қўшни Қозоғистоннинг Туркистон шаҳрида туркийзабон давлатлар оммавий ахборот воситалари вакиллари ўртасида йирик анжуман бўлиб ўтди. Унда бепоён Қозоғистоннинг туризм салоҳияти, янги имкониятлари ажойиб тарзда тақдим этилди.

Очиқ айтайлик, Қозоғистон деганда кўз ўнгимизга нималар келади? Чўл, ўтов, қимиз, бироз тўпори ҳамда содда одамлар. Ишонинг, бу тасаввурларнинг ҳаммаси эскирган. Қозоғистон айни дамда жадал ривожланаётган, ЯИМ жиҳатдан Марказий Осиёнинг қолган барча давлатларини жамлаб беллаша оладиган, тараққиётнинг ҳар бир жиҳатини ўзида намоён қилаётган давлат.

Бугунги кунда мамлакатлар ўз ривожининг муҳим жиҳати сифатида туризмни кўрмоқда. Бу йўналиш Қозоғистоннинг ҳам назаридан четда қолмаган. Хўш, бугун қардошларимиз сайёҳларга нималар таклиф қилишмоқда?

Тарихий обидалар

Қозоғистонда, жумладан, Туркистонда фақат Хўжа Аҳмад Яссавий мақбараси борлигини билиш ва фақат шу масканни зиёрат қилишга интилиш ҳам тўғри эмас. Бу гўзал заминда Саҳоба Уккоша ва Арқоян ота зиёратгоҳлари, Арслонбоб ота мақбараси, тарихий Ўтрор шаҳри харобалари, Оқмачит ғори каби диққатга сазовор жойлар борки, уларнинг ҳар бири алоҳида боришга, вақт ажратиб ўрганишга ва бошқаларга тавсия қилишга арзийди.

Гўзал шаҳар

Беш йил олдин борган одам Туркистонни таний олмаслиги аниқ. Қардошлар гўёки бошқатдан шаҳар қуриб қўяқолишган. Охирги беш йил ичида ҳудудга киритилган 3 млрд доллар инвестиция Туркистон қиёфасини буткул ўзгартириб юборган. Янгидан-янги бинолар, кенг ва равон кўчалар, кўркам боғлар, тематик парклар, ҳашаматли меҳмонхоналар ҳар қандай меҳмонни мафтун эта олади.

Айниқса, Хўжа Аҳмад Яссавий мақбараси комплекси атрофи буткул ўзгариб кетган. Кўкаламзорлаштирилган ҳудудда ўтовлар тикилган, ҳунармандлар расталари, умумий овқатланиш шоҳобчалари, комплекс бўйлаб электромобиллар қатнови ташкиллаштирилган.

Шаҳар маркази ҳам ўзига хос. Қозоқ кенгликлари шаҳарсозликда ҳам ҳис қилинади, бинолар майдонлари кенг, ўзлари ҳам жуда ҳашаматли ва деярли ҳаммаси янги.

Йўллар

Чегарадан ўтишингиз билан оғриқли мавзудаги фарқ кўзга ташланади – равон йўллар. Қозоғистон шунча катта ҳудуди бўлишига қарамай йўллар сифатига катта эътибор қаратган ва ҳавас қиларли натижаларга эришган. Айниқса, йирик трассаларга Европа давлатлари ҳам ҳавас қилса арзийди. Биз чиққан минивен нисбатан эски бўлишига қарамай ўртача 120-140 км/с тезликда ҳаракатланди ва бу умуман сезилмади. Чегарадан Туркистон шаҳригача бўлган 300 км.дан ортиқ масофа микроавтобусда уч соатга қолмай босиб ўтилди.

Нафақат халқаро аҳамиятга эга йирик йўллар, балки ички йўллар ҳам текис. Тоғлар орасида жойлашган ва шаҳардан юзлаб километр наридаги Оқ мачит ғорига боргунимизча ҳам бирор жойда чуқурликларни кўрмадик ва йўл азобини ҳис қилмадик. Бунинг устига ёқилғи ҳам арзон экан – “92” 5 минг сўмга ҳам етмайди.

Бу жиҳатдан анча олдинлаб кетишибди ва кетишяпти.

Егулик

Мақтанадиган яна бир жиҳатимизда ҳам ютқазишни бошлабмиз. Қозоғистондаги таомгоҳларда хизмат кўрсатиш сифати анча ошган. Биз борган барча масканлардаги хизматчилар миллий либосларда эдилар. Делегация ва давлат тадбири бўлгани учун шундайдир, дейишингиз мумкин. Йўқ, тадбирдан ташқари сайрларда ҳам шунинг гувоҳи бўлдик – миллийликка эътибор юқори даражада.

Алоҳида мавзу – таомлар. Ўзбек миллий таомларини алоҳида бренд сифатида тақдим этиб, гастрономик туризмни ривожлантирамиз, деб юрган бир пайтимизда қардошлар буни амалга ошириб бўлишибди. Жуда мазали, ҳалол ва миллийликка йўғрилган таомлар шу қадар ранг-барангки, ҳар қанда сайёҳни шодлантирмай қўймайди.

Қулайликлар

Мезбонимиз, биз учун атайлаб Остонадан ташриф буюрган Ўлжас Беркинбоевнинг айтишича, бугунги кунда деярли ҳеч ким нақд пул ишлатмай қўйган. Ҳамма “Каспи” иловаси орқали ҳисоб китоб қилади. Биз дўконларга кирганимизда нақд пул берсак, кўпчилик қайтим топа олмади. Янаям қизиқарлиси – улар доллар олишни тасаввур қила олишмас экан. Узатганимизда ҳатто ҳайратланишди ҳам. Яъни, қонун ишлаб турибди ва ҳамма унга риоя қиляпти.

Тўловлар тўлиқ рақамлаштирилган, ҳар бир хизмат онлайн йўлга қўйилган, инсон омили максимал камайтирилган. Бу жиҳатлардан ҳам қўшниларимиз илгарилаб кетганини тан олмай иложимиз йўқ.

Табиат ва ўзгача мусаффолик

Бу алоҳида мақолага тортадиган мавзу. Айниқса, Тошкентдан борганларга Туркистон гўёки тоғли маскандай ором бағишлайди. Ҳаво мусаффо, кенгликлардан, бемалол юрган йилқилардан, сурув-сурув қўйлардан, эриниб кавшанаётган юзлаб туялардан беқиёс завқ туйасиз.

Автомобилларнинг 90 фоизидан ортиғи суюлтирилган газга ўтказилган ва бу бензинли муҳитга нисбатан экологияга анча кам зарар етказади. Шаҳарнинг марказида ҳам тирбандликлар, шовқин йўқ. Тўйиб-тўйиб нафас оласиз, енгил шабададан роҳатланасиз.

Қозоғистон туризми улкан салоҳиятга эгалиги ҳар жабҳада сезилади. Мамлакат раҳбарияти, хусусан Туркистон вилояти ҳокимлиги бу соҳага катта эътибор қаратяпти. Лекин биз қардошларни бу борада рақобатчи деб эмас, ҳамкор сифатида кўришимиз зарур. Чунки бизга келган сайёҳ уларга ҳам боради ва акси. Бундан ташқари, Қозоғистон ва Ўзбекистон ўртасидаги икки томонлама туризмнинг ўзи ҳам катта истиқболга эга.

Аброр ЗОҲИДОВ,
Тошкент-Туркистон-Тошкент.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг