Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Қашқадарёлик солиқчиларга ҳайфсан берилди

Қашқадарёлик солиқчиларга ҳайфсан берилди

Ижтимоий тармоқларда Қашқадарё вилояти Нишон туманидаги 14-мактабда туман солиқ инспекцияси ходимининг 2-синф болаларига солиқларни ўз вақтида тўлаш ҳақида қилган тарғиботи акс этган видео тарқалганди.

Қашқадарё вилояти давлат солиқ бошқармаси ушбу солиқчиларга тайинланган хизмат текшируви натижасини маълум қилди. Қайд этилишича, солиқчиларга интизомий жазо қўлланган.

«Жорий йил 4 сентябр куни солиқ инспекциясининг Ишлаб чиқариш ва ёрдамчи ходимлар таркибидан Рўзмамат Нурманов ва Бобур Ҳазратқулов тумандаги 14-сонли ўрта мактаб бориб, 3-синф ўқувчиларига жисмоний шахслар томонидан тўланадиган мол-мулк ва ер солиқлари ҳақида эслатмаларни ота-оналарига етказиш учун тарқатган.

Инспекция раҳбарияти томонидан ушбу ходимларга эслатмани айнан мактаб ҳудудида тарқатиш ҳақида топшириқ берилмаган.

Ходимлар мактаб ўқитувчиси билан келишиб, синф хонага кирган ҳолда ўқувчиларга эслатмаларни тарқатган. Ҳолат синф раҳбари томонидан видеотасвирга олиниб, синф ўқувчилари ота-оналарининг Telegram’даги гуруҳига ташлаб юборилган. Натижада ушбу видеотасвир ижтимоий тармоқларга салбий талқинда тарқалиб кетган», дейилади бошқарма расмий муносабатида.

Қўшимча қилинишича, ҳолат юзасидан Нишон тумани солиқ инспекцияси бошлиғининг биринчи ўринбосари И.Раҳимқуловга расмий огоҳлантириш берилган. Ходимлар Р.Нурманов ва Б.Ҳазратқуловга ҳайфсан интизомий жазо чораси қўлланган. Шунингдек, барча шаҳар ва туман солиқ инспекциялари бошлиқлари бу каби ҳолатларга йўл қўймасликлари юзасидан огоҳлантирилган.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг