Пропискага оид Президент Фармонида нималар кўзда тутилмоқда?
«Доимий прописка қилиш ҳамда турган жойи бўйича ҳисобга олиш тартибини ислоҳ қилиш чора-тадбирлари тўғрисида» Президент Фармони қабул қилингани ҳақида хабар берилганди.
Ҳуқуқшунос Хушнудбек Худойбердиев мазкур фармонда нималар кўзда тутилганига тўхталди.
Энг асосийси рухсат бериш хусусиятига эга бўлган доимий прописка қилиш тизимидан босқичма-босқич хабар бериш хусусиятидаги рўйхатдан ўтказиш тизимига ўтилади. Хабар бериш хусусияти нима дегани? Яъни аксарият ривожланган мамлакатларда бўлгани каби шунчаки фуқаро қаерда яшаётганини онлайн хабар қилиб қўяди, тамом. Давлат органидан махсус рухсат сўраш, бир дунё ҳужжат йиғиш шарт бўлмайди, деб ёзади у.
Биринчи босқичда қуйидагилар амалга оширилади:
- «прописка» тушунчаси бекор бўлиб, ўрнига «рўйхатга олиш» тушунчаси киритилади;
- пропискасиз ҳам иккиламчи бозордан уй сотиб олишга рухсат берилади;
- пропискасиз фуқаролар мулк олганда тўлайдиган ўта қиммат давлат божлари ставкаси бекор қилинади;
- эр-хотиннинг никоҳдан кейин бир йил давомида биргаликда яшаш шарти ва бир йил ичида никоҳ бекор қилинганда прописка йўқотилиши ҳақидаги қоидалар чиқариб ташланади;
- иш жойидан доимий рўйхатга олинганлар ишдан кетгандан кейин ҳам пропискасини йўқотмайдиган бўлади;
- Тошкентда жойлашган давлат ташкилотларида 5 йил муддат мобайнида узлуксиз меҳнат фаолиятини юритаётган мутахассислар (техник, хизмат кўрсатувчи ва ишлаб чиқариш ходимларидан ташқари) мазкур ҳудудларда доимий яшаш жойи бўйича рўйхатга олинадиган бўлади;
- илгари Тошкент шаҳри ва вилоятида доимий рўйхатга эга бўлган фуқаролар қайтиб келганда, улар ушбу ҳудудларда ҳеч қандай қўшимча шартларсиз қайта доимий рўйхатга олиниши мумкин бўлади;
- оилага тарбияга олинган (патронат) шахслар уларнинг тутинган ота-онасининг доимий яшаш жойи бўйича рўйхатга туриш имкониятига эга бўлади;
- биринчи ва иккинчи даражадаги қариндошларни нафақат ўзи доимий рўйхатда бўлган манзилга, балки эгалигидаги бошқа уй-жойга ҳам доимий рўйхатга қўйиш ҳуқуқи берилади;
- 1 сентябрдан бошлаб Тошкентда доимий ва вақтинча рўйхатдан ўтмасдан яшаш муддати 10 кундан 15 кунга ўзгартирилади;
- паспорт, уй дафтари ёки хонадон карточкасига прописка учун штамп босиш амалиётидан воз кечилади ва бу рақамлаштирилади;
- доимий рўйхатга олишни расмийлаштиришда аввалги яшаш жойидан мустақил рўйхатдан чиқиш тартиби ҳамда ҳарбий хизматга мажбурларнинг доимий рўйхатга туришдан олдин ва кейин ҳарбий ҳисоб учун мудофаа бўлимларига бориш тартиби бекор қилинади.
- солиқ идораларида ҳисобга олинган ижара шартномаси тақдим этилганда вақтинча рўйхатга олинишда уй-жой эгасининг розилиги талаб этилмайди;
- рўйхатга олиш тартибини бузганлик Ўзбекистон фуқароларини тегишли ҳудуд ва манзилдан чиқариб юбориш учун асос бўлиб ҳисобланмайди.
Шунингдек, Фармоннинг асосий қисми идоралараро электрон тизимларни ишлаб чиқиш бўйича топшириқларга бағишланган. Бу келгусида рўйхатдан ўтиш тизими тўлиқлигича онлайн форматда амалга оширилишидан далолат.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter