Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Президент янги қарор қабул қилди

Президент янги қарор қабул қилди

Фото: Президент матбуот хизмати

Вазирликлар, давлат қўмиталари, давлат бошқарувининг бошқа органлари ва хўжалик бирлашмалари раҳбарлари ўринбосарларининг фаолияти самарадорлигини баҳолаш тизимини жорий этиш тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори эълон қилинди.

Мамлакатимиз тараққиётининг замонавий босқичида янги Ўзбекистонни барпо этиш учун амалга оширилаётган шиддатли ва кенг кўламли ислоҳотлар жараёнида мамлакатимиз олдида турган устувор, стратегик ва долзарб вазифаларни тезкор ҳал қилишда вазирликлар, давлат қўмиталари, давлат бошқарувининг бошқа органлари ва хўжалик бирлашмалари раҳбарлари ўринбосарларининг шахсий масъулияти ва жавобгарлигини ошириш, вазифалари ва ваколатларини аниқ белгилаш, шунингдек, уларнинг фаолияти самарадорлиги ҳамда мақсадли вазифаларга эришилишининг асосий мезонлари орқали баҳолашнинг янги тизимини жорий этиш мақсадида:

Вазирликлар, давлат қўмиталари, давлат бошқарувининг бошқа органлари ва хўжалик бирлашмалари раҳбарлари ўринбосарларининг эътибори уларга Ўзбекистон Республикасининг қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Вазирлар Маҳкамасининг ҳужжатлари билан ҳамда ўзларининг биринчи раҳбарлари томонидан юклатилган вазифаларни бажаришда сусткашликка, сансалорликка йўл қўйиб бўлмаслигига қаратилади.

Вазирликлар, давлат қўмиталари, давлат бошқарувининг бошқа органлари ва хўжалик бирлашмалари раҳбарлари ўринбосарлари ўзига бириктирилган тармоқ ва соҳалардаги фаолиятининг самарадорлиги ва натижадорлиги юзасидан Ўзбекистон Республикасининг Президенти олдида шахсан жавобгардир ҳамда Вазирлар Маҳкамаси олдида ҳисобдордир.

Давлат бошқаруви органлари ва хўжалик бирлашмалари раҳбарлари ўринбосарлари фаолиятини баҳолаш тизими доирасида:

давлат бошқаруви органлари ва хўжалик бирлашмалари раҳбарлари ўринбосарларининг фаолияти кўрсаткичлари ҳар йил якуни бўйича кейинги йилнинг 10 январига қадар белгиланган тартибда тасдиқланган баҳолашнинг асосий мезонларига мувофиқ давлат бошқаруви органлари ҳамда хўжалик бирлашмаларининг коллегиал органлари томонидан ишлаб чиқилади ҳамда Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг тегишли ўринбосарлари ва маслаҳатчилари билан келишган ҳолда тасдиқланади;

Давлат бошқаруви органлари ва хўжалик бирлашмалари раҳбарлари ўринбосарлари фаолияти ҳар чорак якуни бўйича коллегиал орган йиғилишида танқидий муҳокама қилинади ҳамда баҳоланади. Бунда, раҳбар ўринбосарлари томонидан фаолият кўрсаткичлари ижроси 70 фоиздан кам таъминланганда – «қониқарсиз», 71 фоиздан 90 фоизгача – «қониқарли», 91 фоиздан 99 фоизгача – «яхши» ҳамда 100 фоиз ва ундан юқори бўлганда «аъло» деб баҳоланади;

Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги икки ой муддатда вазирликлар ва идоралар раҳбарияти фаолиятининг кўрсаткичларини баҳолашда инсон омилини камайтириш мақсадида асосий кўрсаткичлар бўйича маълумотларни автоматик тарзда таҳлил қилиш орқали мавжуд ҳолатни аниқлаш имконини берувчи махсус электрон платформани ишга туширади.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг