Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Нурмат Отабеков: «Ўзбекистонга «омикрон» кириб келиш эҳтимоли йўқ эмас»

Нурмат Отабеков: «Ўзбекистонга «омикрон» кириб келиш эҳтимоли йўқ эмас»

Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати бошлиғи ўринбосари, тиббиёт фанлари доктори, профессор Нурмат Отабеков бу борада фикр билдирди. Бу ҳақда ССВ Матбуот хизмати хабар берди.

— Дарҳақиқат, сўнгги кунларда дунё бўйлаб ушбу мутациянинг тарқалиш географияси шиддат билан кенгайиб бормоқда, — дейди Н.Отабеков. — Шуни инобатга олсак, янги штаммнинг юртимизга кириб келиш эҳтимоли йўқ эмас. Бироқ бу ҳолатдан фойдаланиб, ижтимоий тармоқлар орқали турли ёлғон ва асоссиз ахборот тарқатиш, аҳоли орасида ортиқча ваҳима кўтариш, ўйлайманки, ҳеч бир мезонга тўғри келмайди.

Унинг фикрича, «омикрон»дан соғайиш муддати қисқа ва касалланганларда шифохоналарга ётиш эҳтимоли пастлиги инобатга олинса, Ўзбекистон вируснинг кўтарилиш хавфига тайёр.

— Бироқ ортиқча хотиржамликка берилиш ҳам ярамайди. Сабаби «омикрон» бошқа штаммларга қараганда анчагина юқумли ва қисқа муддатда аҳолининг катта қисмини зарарлаши мумкин. Шу боис айни пайтда карантин қоидаларига қатъий риоя қилиш, эмлаш тадбирларида фаол иштирок этиш ҳар қачонгидан-да муҳим, — деди профессор.

Дунё бўйлаб коронавируснинг «омикрон» штамми тез суръатда тарқалмоқда. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотларига кўра, янги мутация аллақачон жаҳоннинг 126 та мамлакатида қайд этилган. Айниқса, куни кеча Қозоғистонда ушбу штаммни юқтирган илк беморлар рўйхатга олинган эди.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг