Олий Мажлисда ҳангома: «олиб қочиш»га уринган вазир ўринбосари «дарҳол тутилди»
Бугун бўлиб ўтаётган Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги ялпи мажлисида кутилмаган ҳолат рўй берди (дарвоқе, парламаент қуйи палатаси мажлисида давлат бюджетининг ва давлат мақсадли жамғармаларининг 2020 йил 9 ойидаги ижроси кўриб чиқилмоқда).
Тўғридан-тўғри эфирга узатилётган мажлисда Мактабгача таълим вазири ўринбосари Мақсуджон Йўлдошев нутқ сўзлаб бўлгач, бир оз ўтиб, «Ие, ака, олиб қочишга мажбурмиз энди, нима қиламиз», деган гапи янграйди. Маълум бўлишича, гапини тугатган амалдор камера микрофонини ўчиришни эсдан чиқариб қўйган экан. Бу пайтда келиб, 110-Марғилон сайлов округидан сайланган депутат Дониёр Ғаниев бераётган савол эфирда янграётганди.
Вазир ўринбосарининг бундай эҳтиётсизлиги дарҳол ижтимоий тармоқларга ёйилди. Катта эҳтимол билан у «олиб қочиши»ни парламентдаги ўз нутқига нисбатан айтгани таъкидланмоқда.
Мактабгача таълим вазирлиги матбуот хизмати дарҳол ҳолатга аниқлик киритишга шошилди. Унга кўра: «...ҳақиқатан ҳам М.Юлдашев депутатлар саволларига жавоб бергандан сўнг онлайн узатилаётган эфир микрофонини ўчириш эсдан чиққанлиги ва у иш фаолиятини давом эттирганлиги ҳамда бу жараёнда унга бўлган қўнғироққа жавоб берганлиги маълум бўлди».
Вазирлик изоҳи вазиятни хаспўшлашга уринишдай кўринади. Нега десангиз, мажлисда иштирок этаётган депутат Расул Кушербаев гапнинг пўсткалласини ёзиб улгурди: «Мактабгача таълим вазири ўринбосари ўзи билмаган ҳолда иш тизими бўйича бор ҳақиқатни очиб қўйди: тизим олиб қочишга мослашган. Бугун депутатларни алдаб олиб қочинг, эртага Президентни алдаб олиб қочинг, кейин халқни алдаб олиб қочинг...
Ҳаммаси яхши кетаётувдия, аттанг, аттанг...».
Хуллас, шунақа гаплар...
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter