Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Нега Ўзбекистонда ногиронлар депутатликка сайланмайди?

Нега Ўзбекистонда ногиронлар депутатликка сайланмайди?

Фото: «Ctvnews.ca»

«Мен ХДПдан норозилигимни бемалол айта оламан, — дейди Ногиронлар жамиятининг раиси Ойбек Исоқов. — 2014 йили биз билан имзолаган меморандумга кўра, Олий мажлис, Парламентга ногиронлиги бор шахслардан ҳам номзод кўрсатилиши кўзда тутилган. Лекин бахтга қарши биз икки нафар номзодимизни Олий мажлисга тавсия қилганимизда вақтни чўзиб-чўзиб, уларни туман кенгаши рўйхатига қўшиб қўйишганди. Уларнинг ёнида ишончли вакил бўлиб мен қўлтиқтаёқда, ўринбосарим аравада кириб бордик. Ва улар бир овоздан буларнинг ўзи ёрдамга муҳтожку деган гапни айтишди. Энди айтинг-чи, зиёли ва интеллекти юқори бўлган одамлар бизга нисбатан шундай фикр билдириб тургач, омманинг стереотипидан хафа бўлмасак ҳам бўлади. Масалан, хорижда Парламент, Олий мажлисга аравачада ўтирадиган, оғир ташхис қўйилган имконияти чекланган шахслар депутатликка қўйилган».

Оғир ногиронлиги бўлган 61 ёшли Ясухико Фунаго ва 58 ёшли Эико Кимура Япония парламенти йиғилишида иштирок этишди. Уларнинг иккаласи ҳам ногиронлар аравачасида ўтиришибди ва деярли фалаж бўлиб қолишган. Фунаго ва Кимура 21 июлдаги сайловлардан кейин парламентнинг юқори палатасига чиқишди.  Фунагода амётрофик латерал склероз ёки Лоу Гергиг касаллиги мавжуд. Касаллик 2000 йилдан бери ривожланиб келмоқда, ҳозир у фалаж бўлиб, фақат компютер ва ёрдамчининг ёрдами билан гаплашиши мумкин. Кимуранинг эса ёшлигидан фалажи бор, энди у фақат ўнг қўлини ҳаракатлантира олади. Иккаласи ҳам ғилдираклардаги ногиронлар аравачасининг катталаштирилган версиясидан фойдаланадилар ва иккаласи ҳам ёрдамчиларининг доимий кўмагига муҳтож.

«Узоққа бормайлик, Қирғизистонда кўзи ожиз депутат бор. Бизда эса ҳатто туман кенгашларида ҳам ногиронлиги бор шахслар депутатликка сайланмаган. Ахир ногиронлиги бор одамлар бошқаларга қараганда масъулиятлироқ ва ўзгалар дардини эшитишга, кўмакка доимо тайёр», дейди Ойбек Исоқов.

... Мамлакатимизда 700 мингдан ошиқ ногиронлиги бор шахслар бўлса, шуларнинг 110 минг нафарини  болалар ташкил қилади. Улардан 40 минг нафари ихтисослашган мактабларга боради. Демак 70 мингги уйда таълим олишга мажбур. Бир мисол айтаман. Оддий мактабларнинг бирида физкултура ўқитувчиси қандайдир айби учун жазо сифатида ногирон болага дарс бериш учун жўнатилади. Ва у ўша болага химиядан, биологиядан, хуллас барча фанлардан дарс беради. Айтингчи, физкултура ўқитувчиси асосий фанлардан дарс бера оладими? Физкултура ўқитувчиси жазоланганмиш, аммо у боланинг айби нима, имконияти чекланганими? Яна бир факт: уйда ўқиган болаларнинг бирортаси олий таълим муассасаларига ўқишга киролмайди. Чунки уларга аттестат берилмайди, маълумотнома билан кифояланишади...

Ҳар қандай жамиятнинг маънавияти болалар, қариялар ва ногиронлиги бор кишиларга нисбатан муносабати орқали аниқланади. Кўпчиликнинг фикрича «ногирон» сўзи «умидсизлик», «умидсиз касал» тушунчаси билан боғлиқ.  Уларни касаллик ёки имконияти чекланганлик азобламайди. Уларни иложсиз, кўмаксиз қолдирадиган нарса бу — атроф-муҳит, жамият, одамларнинг лоқайдлиги ёки омма ўртасидаги стереотиплар. Ногиронлиги бор одамлар учун тўсиқсиз муҳитни сизу биз яратмасак, ким яратади?

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг