Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Миллий гвардияда алоҳида қўмондон ўринбосари лавозими жорий этилади – Президент

Миллий гвардияда алоҳида қўмондон ўринбосари лавозими жорий этилади – Президент

Президент Шавкат Мирзиёев раислигида ногиронлиги бўлган, ота-она қарамоғидан маҳрум ва етим болаларни давлат томонидан қўллаб-қувватлашнинг янги тизимини жорий этиш чора-тадбирлари бўйича видеоселектор йиғилиши ўтказилаётгани хабар қилинганди.

Унда президент янги тизим яратилишини билдирди.

«Очиқ айтиш керак, бугунги кунда халқ таълими тизимига қарашли Меҳрибонлик уйлари ва Болалар шаҳарчаларидаги тарбиячиларнинг 95 фоизи аёллар бўлиб, болалар уларни «она» деб чақиришади.

Лекин, «ота» тарбияси-чи? Бу ердаги фарзандларимизни оилага имкон қадар яқин муҳитда тарбиялашимиз учун, албатта, «ота» ва «она» меҳрини бера оладиган тизим яратишимиз керак.

Туман ва шаҳар ҳокимлари ҳамда сектор раҳбарлари болаларни ҳомийлик, васийлик ва оила патронатига бериш ишларига умуман эътиборсиз.

Шу боис, соҳада мутлақо янги тизим жорий қилинади.

Биринчидан, 16 та Меҳрибонлик уйлари ва 4 та Болалар шаҳарчалари Халқ таълими вазирлиги тизимидан чиқарилиб, Миллий гвардияга ўтказилади.

Бунинг учун, Миллий гвардияда алоҳида қўмондон ўринбосари лавозими жорий этилиб, бошқарма ташкил этилади.

Миллий гвардия қўмондони икки ҳафта муддатда ҳар бир Меҳрибонлик уйлари ва Болалар шаҳарчаларига шахсан ўзи бориб, уларга Миллий гвардиянинг ҳудудий бошқарма бошлиқлари, ҳар бир гуруҳга малакали офицер ва психологларини бириктиради, логопед ва дефектологларни ишга олади. Икки ой муддатда бириктирилган Миллий гвардия ходимларини болалар билан ишлашга ўқитади.

Шунингдек, «Меҳрибонлик уйлари»даги болаларга тарбия бериш, уларни фан, IT, хорижий тиллар, касб-ҳунар ва тадбиркорликка ўқитиш, спорт билан шуғулланишларини ташкил этиш бўйича мутлақо янги методикаларни ишлаб чиқади», деди давлат раҳбари.

Президентнгинг ишонч билдиришича, бу тизим орқали, келгусида ушбу ўғил-қизлар орасидан «Темурбеклар мактаблари» ўқувчилари ва Жамоат хавфсизлиги университети тингловчилари,  Ватанимизнинг чинакам посбонлари етишиб чиқади.

Шунингдек, йиғилишда, Олий таълим вазирлиги, Туризм ва спорт вазирлиги вилоят ҳокимлари билан бирга, бир ҳафта муддатда ҳар бир Меҳрибонлик уйи ва Болалар шаҳарчасига 2 тадан олийгоҳ ва спорт мактабларини бириктириши уқтирилди.

Жумладан, Юнусобод туманидаги 21-сон «Меҳрибонлик уйи»га Ахборот технологиялари университети ва Молия институти, Чилонзордаги 22-сон «Меҳрибонлик уйи»га Жаҳон тиллари университети ва Тошкент педагогика университети бириктирилади.

«Биргина мисол, Чирчиқ шаҳридаги 14-сонли Меҳрибонлик уйида Инҳа университети билан янги тизим яратган.

Шу боис, бириктирилган ректорлар Меҳрибонлик уйларига тарбиячилар тайёрлаш, кутубхона фондини бойитиш, болаларни ахборот технологиялари, хорижий тиллар, аниқ ва табиий фанларга ўргатиш ва уларни келгусида олийгоҳларга киришига кўмаклашиш муҳитини шакллантиришга, театр ва концертлар ташкил этишга масъул ва жавобгар бўладилар», таъкидлади давлат раҳбари.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг