Ипотека кредитидан фойдаланишда аҳолига қўшимча қулайликлар яратилмоқда
Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ипотека кредитидан фойдаланишда аҳолига қўшимча қулайликлар яратиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори қабул қилинди.
«Уй-жой шароитини яхшилашга муҳтож аҳолини қўллаб-қувватлаш, ипотека кредити механизмларидан фойдаланиш амалиётини янада такомиллаштириш ва кенгайтириш мақсадида:
1. Шундай тартиб ўрнатилсинки, унга мувофиқ 2023 йил 1 январдан бошлаб дастлабки бадалнинг ва ипотека кредити бўйича фоизларнинг бир қисмини қоплаш учун субсидия берилган фуқароларнинг уй-жойларни сотиб олиш, қуриш ёки реконструкция қилиш учун олинган ипотека кредитларини ҳамда улар бўйича ҳисобланган фоизларни тўлаш учун йўналтирилган иш ҳақи ва бошқа даромадлари жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғига тортилмайди».
Мазкур қарорнинг 1-бандида кўзда тутилган имтиёз қарз олувчи ва бирга қарз олувчилар даромадининг бир солиқ даврида меҳнатга ҳақ тўлаш энг кам миқдорининг саксон бараваридан ошмаган қисмига татбиқ этилади;
2023 йилдан бошлаб ипотека кредити ҳисобига сотиб олинган, қурилган ва реконструкция қилинган мол-мулк унга бўлган ҳуқуқ давлат рўйхатидан ўтказилган санадан эътиборан ўттиз олти ой ичида бегоналаштирилганда, мазкур қарорнинг 1-бандида назарда тутилган даромадлар белгиланган тартибда солиққа тортилади.
2022 йил 1 ноябрдан бошлаб, хусусий пудрат ташкилотлари томонидан тайёр ҳолда топшириш шартисиз қурилган уйлардаги квартираларни (хоналарга бўлинган ва пардоз ишларига тайёр) бирламчи уй-жой бозорида сотиб олиш учун ипотека кредитларини ажратишга ҳамда улар бўйича дастлабки бадалнинг ва ипотека кредити бўйича фоизларнинг бир қисмини қоплаш учун субсидия тўлашга рухсат берилади.
2021 йилда янги тартиб асосида ипотека кредитлари ажратишнинг мақсадли параметрлари доирасида берилган субсидия ажратиш тўғрисидаги хабарномаларнинг амал қилиш муддати 2022 йил 31 декабрга қадар узайтирилади.
Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси ва вилоятлар ҳокимлари йил якунига қадар уй-жойларни сотиб олиш ва ипотека кредитларини расмийлаштириш жараёнларида фуқароларга қўшимча қулайликлар яратиш мақсадида вилоятлар марказларида Тошкент шаҳри тажрибаси асосида ипотека марказларини ташкил этади.
Вазирлар Маҳкамаси бир ҳафта муддатда аҳолига уй-жой сотиб олиш ёки якка тартибдаги уй-жойларни қуриш ва реконструкция қилиш учун субсидия ажратиш жараёнларини рақамлаштириш, шунингдек, ипотека кредити ажратиш тартибини соддалаштиришни назарда тутувчи қарорни қабул қилади.
Қарорнинг тўлиқ матни ушбу ҳаволада.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter