Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Ҳокимликлардан фуқароларга 21 млрд сўмдан ошиқ пул ундириб берилди

Ҳокимликлардан фуқароларга 21 млрд сўмдан ошиқ пул ундириб берилди

Фото: Xabar.uz

Бухорода фуқаролар ва юридик шахслар бузилган уй-жойлари, иморатлари учун маҳаллий ҳокимликлардан компенсация ундириш даъвоси билан чиқишган.

Мажбурий ижро бюросининг Бухоро вилояти бошқармаси бошлиғи Олим Мардоновнинг «Xabar.uz»га маълум қилишича, компенсация ундириш билан боғлиқ 157 та ижро ҳужжатлари бошқарма томонидан кўриб чиқилган. Ижро ҳужжатлари бўйича фуқаро ва юридик шахсларга жами 21,3 миллиард сўм маблағ ундириб берилган.

«Бюро фуқароларга бузилган уй-жойлари, иморатлари учун компенсация ундириб беришдан ташқари, бошқа мурожаатларни бартараф этишда ҳам фаол ҳаракатда. Ўтган даврда келиб тушган 8 609 та мурожаатларнинг 8 368 таси бюро ходимлари томонидан кўриб чиқилиб, ҳал қилинди. 4 381 та мурожаат қаноатлантирилиб, 1 944 нафар шахсларнинг бузилган ҳуқуқлари тикланди. 3 986 нафар мурожаат муаллифларга ҳуқуқий тушунтиришлар берилиб, 7 та мурожаатлар тааллуқлилиги бўйича бошқа органларга юборилди. Аҳолининг ночор, ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламини қўллаб-қувватлаш мақсадида «Темир дафтар», «Аёллар дафтари» ва «Ёшлар дафтари» жамғармаларига бюро маблағлари ҳисобидан 56,2 миллиард сўм йўналтирилди. Бундан ташқари, тўлов қобилияти бўлмаган 168 нафар қарздорларнинг 3 миллиард 762 миллион сўм алимент қарздорликлари Алимент тўловлари жамғармаси ҳисобидан тўлаб берилди. Ҳозирги кунда энг оғриқли дард: ёш оилалар ўртасида ажримлар кўпаймоқда. Шунинг баробарида қарздорлар ҳам сон жиҳатдан ошмоқда»,-деди Олим Мардонов.

Билдирилишича, ҳозирда алимент ундируви билан боғлиқ иш юритувда бўлган 16 369 та ижро ҳужжатлари мавжуд. 3 613 нафар қарздорлар доимий иш ўрнига эга эмас. Ҳамкорликдаги тадбирлар натижасида қарздорларнинг 4 374 нафари ишга жойлаштирилган. 732 нафар қарздорлар Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг 474-моддаси билан маъмурий жавобгарликка тортилган ва 100 нафар қарздорларга нисбатан жиноят ишлари қўзғатилиб, судларга юборилган.

Шунингдек, 705 нафар қарздорларга нисбатан қидирув тадбирлари амалга оширилган. 416 нафари топилиб, уларга нисбатан жавобгарлик масаласи ўрнатилган. Қидирувдаги шахсларнинг 235 нафарининг эса чет элга чиқиб кетганлиги аниқланиб, қидирув тадбирлари Минск конвенцияси талабларига асосан олиб борилмоқда. Ёш оилалар ўртасида олиб борилган тарғибот ва тушунтиришлар натижасида 16 369 тадан фақат 3 860 та оилалар яраштирилган.

 

 

 

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг