Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

«Дунёдаги ҳар уч аёлдан бири зўравонликка учраган» – Алан Мельцер

«Дунёдаги ҳар уч аёлдан бири зўравонликка учраган» – Алан Мельцер

Алан Мельцер. Фото: АҚШ элчихонаси

Жаҳондаги ҳар уч аёлдан бири ҳаёти давомида жисмоний ёки жинсий зўравонликка учраган. Бу ҳақда АҚШ муваққат ишлар вакили Алан Мельцер Тошкентда ўтган «Хотин-қизларга нисбатан зўравонликка қарши 16 кун» тадбирида маълум қилди.

Анжуманда Олий Мажлис Сенати, Бош прокуратура, Адлия вазирлиги, «Тараққиёт стратегияси» маркази, АҚШ элчихонаси ҳамда USAIDнинг Ўзбекистонда суд-ҳуқуқ ислоҳотлари дастури масъул ходимлари иштирок этди.

«Бундай жиноятни таг-томири билан йўқ қилиш мақсадида USAID бутун дунёдаги мамлакатларга хотин-қизларга нисбатан зўравонликка, жумладан, оиладаги зўравонлик, жинсий зўрлаш ва одам савдосига қарши қаратилган қонунчиликни ишлаб чиқишда ёрдам беради. Бундай саъй-ҳаракатлар нафақат зўравонликдан жабр кўрганларнинг саломатлигини яхшилашни, балки уларга бу борада ўзгариш ясаш учун ҳимоячи бўлишга имкон яратишни ҳам мақсад қилади», – деди АҚШ муваққат ишлар вакили Алан Мельцер.

Қайд этилишича, АҚШ ҳукумати тенглик ва хотин-қизларга нисбатан зўравонликка чек қўйиш ишига содиқдир ва бу борада Ўзбекистон ҳукумати билан ҳамкорликка алоҳида эътибор қаратади.

Жумладан, USAIDнинг Ўзбекистонда суд-ҳуқуқ соҳасини ислоҳ қилиш дастури уч ярим йилга мўлжалланган 12 миллион долларлик лойиҳа бўлиб, у Ўзбекистонда қонун устуворлигини таъминлаш, юридик касбни ривожлантириш ҳамда фуқаролик жамияти ва нодавлат ташкилотлари учун ҳуқуқий шароит яратишни кўзда тутади.

БМТ маълумотига кўра, дунёдаги аёлларнинг 35 фоизи турли кўринишдаги тазйиқларга учрамоқда. Жумладан, 2017 йилда 87 минг нафар аёл тазйиқ оқибатида ҳаётдан кўз юмган.

Ўзбекистонда ҳам хотин-қизларга қарши зўравонликларга қарши курашга жиддий эътибор қаратилмоқда. Жумладан, мамлакатда «Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисида» ҳамда «Хотин-қизларни тазйиқлар ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида» қонунлар қабул қилинди.

Эслатиб ўтамиз, мамлакатимизда 25 ноябрдан бошлаб «Аёлларга нисбатан зўравонликка қарши 16 кун» медиа кампанияси ўтказилмоқда. USAIDнинг Ўзбекистонда суд-ҳуқуқ ислоҳотлари дастури ҳамда «Тараққиёт стратегияси» маркази ҳамкорлигида амалга оширилаётган ушбу медиа кампания қонунчилик тарғиботини кучайтиришга қаратилган.

С.Салим

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг