Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

«Чиновникларнинг думи босилмайди». Блогер маиший коррупция ҳақида пост ёзди

«Чиновникларнинг думи босилмайди». Блогер маиший коррупция ҳақида пост ёзди

Блогер Отабек Бакиров ўзининг телеграмдаги каналида маиший, майда даражадаги коррупция унсурларига қарши, айниқса пора бераётганларга нисбатан кўргазмали кураш олиб борилаётгани ва бу ҳаракатлар самарасиз экани ҳақида пост қолдирди.

Бу борада қилинаётган ишлар кампания даражасига етгани учун «эришилаётган натижалар» жадваллар ва презентациялар тарзида таҳлил ҳам қилинмоқда.

Фуқарода савол туғилади, нега маиший коррупцияга қарши бу қадар курашиб қолинди?

Аввало бу хавфсиз иш, яъни маиший коррупцияга қарши ишларда ҳатто ўрта даражадаги чиновникларнинг думи босиб олинмайди. Тўрга асосан оддий фуқаро туширилади.

Иккинчидан, маиший коррупция доирасидаги ишлар пиар ва пропаганда ишларида қўл келади жуда, иш кетаётгани, кетаётгандаям кураш аёвсиз олиб борилаётганини керакли арбобларга намоён этилади.

Учинчидан, маиший коррупцияга қарши курашда курашга ажратилган маблағлар осон ўзлаштирилади. 100 долларлик ишнинг олиб борилишига ҳам, 1 миллион долларлик ишга ҳам деярли бир харажат кетади (оператив иш, тергов, суд, қамоқ вҳк). 100 долларлик иш учун солиқ тўловчиларнинг 10 минг долларини сарфлаш самарасиз-ку дейишингиз мумкин. Тўғри, лекин ишонинг, коррупцияга қарши ўзбекча курашда самара ва афзаллик 84- даражали масала.

Энди айтишингиз мумкин, сизнинг-ча маиший коррупцияга қарши курашмаслик керакми? Керак. Лекин бошқа, арзон ва самарали йўллар билан. Ахир 100 долларлик коррупцион ишга қарши кураш маъмурчилиги харажати 10 минг долларга етадиган курашдан не наф?

Тасаввур қилинг, давлат банки ходими кредит ажратиш учун пора олаяпти, қарздор пора бераяпти. Нима қилиш керак? Кимни қамаш керак? Бу ерда коррупцияга қарши кураш порахўр банкир ёки пора бераётганни ушлаб қамашда эмас, кредитнинг арзон, лекин дефицит бўлмай, бозор нархида, кенг имконли бўлишини таъминлашга қаратилиши лозим. Уч йил аввал банкдаги коррупция ишларининг 90%и валюта конвертацияси билан боғлиқ эди. Ҳозир кимдир валюта сотиб олиш учун пора берадими?

Ёки яна бир мисол. Тадбиркор ҳокимга, кадастрга ер ажратиш учун пора бераяпти. Кимни қамаш керак, айтинг? Ер товар, у ажратилмаслиги, тақсимланмаслиги, сотилиши кераклиги муҳитида биров пора берармиди?

Ҳайдовчи қоида бузди, инспекторга пора таклиф этди. Нега? Чунки пора бериш жарима тўлашдан кўра нисбий афзалликка эга. Инспектор правани олади, права прописка манзилига 1 ойда етиб боради. Жарима ойлик маошича. Нега акси эмас? Нега жаримани тўлаш пора беришдан афзалроқ бўлишини таъминлаб бўлмайди? Нега инспектор учун ҳам, ҳайдовчи учун ҳам жаримани тўлаш афзаллигини яратиш мумкин эмас?

Пора олаётган ўқитувчи, бош врач, солиқчи ва ҳок. масалаларидаям шундай саволларни қўйиш мумкин.

Қиссадан ҳисса шуки, маиший коррупцияга қарши қамаш, тутиш, кўргазмали ва пиар билан курашилмайди. Қоидалар, тизим ва жараёнлар ўзгартирилиши керак.

Дарвоқе, кўп мисол келтирадиганимиз Грузия маиший коррупцияни энг аввало қоидалар ва тизимни бутунлай янгилаш орқали енгган. Ва албатта қоидаларнинг барча учун бирлигини таъминлаб, деб ёзади блогер.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг