Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Чақалоқ туғилгани ҳамоно сарпо йиғиш одатини йўқотишимиз лозим — Дилором Тошмуҳаммедова

Чақалоқ туғилгани ҳамоно сарпо йиғиш одатини йўқотишимиз лозим — Дилором Тошмуҳаммедова

Фото: Беҳзод Абдужабборов / Маданият вазирлиги

Олий Мажлис Сенатининг Ёшлар, маданият ва спорт масалалари қўмитаси раиси ўринбосари Дилором Тошмуҳаммедова тўй маросимларини ихчамлаштириш ҳақида матбуот анжуманида фикрларини билдириб ўтди.

«Президентнинг Олий Мажлисга мурожаатида учта энг устивор вазифа белгилаб берилди — ёшлар, хотин-қизлар ва маданият-маърифат масалалари. Хориж тадқиқотлари шуни кўрсатадики, ёшлар салмоғи катта давлат, потенциал кучли давлат бўлади. Аммо бунинг учун аввало шу ёшларга тўғри таълим-тарбия ва билим беришимиз лозим.

Тўй бизнинг азалий қадриятимиз. Мана шу қадриятни аслидагидек сақлаб қолишимиз керак. Унга ҳар-хил қўшимча амаллар қўшиб, қадриятни бузмаслигимиз лозим.

«Оила» илмий-тадқиқот марказида фаолият юритган вақтларимда турли сўровномалар ўтказганмиз. Ёшлар билан тўй масаласида қилинган суҳбатлар шуни кўрсатдики, турли орзу-ҳаваслар урчиб кетган. Бу жуда ачинарли.

Шу билан бирга улардан таклиф сўраганимизда, тўйга сарфланадиган маблағни тўғри йўналтириш, камхарж қилиб, оила даврасида ўтказиш ва бунда оқсоқолларнинг ўрни катта бўлиши ҳақида ҳам фикр берилди.

Биз ўзимизни ўнглашимиз керак. Чақалоқ туғилгани ҳамоно унга сарпо йиғиш каби одатларни йўқотишимиз ва аввало шу чақалоқни тўғри тарбиялаб, вояга етказиш, унга илм бериш ҳақида ўйлашимиз шарт.

Ёшларимиз икки кунлик тўй, кортеж ва тантанани ўзининг асосий мақсади қилиб қўймаслиги керак, балки дунё кўришга интилиши лозим. Ўзбекистонда боришга арзийдиган қанча жойлар бор, бутун дунёда бор. Ёшлар нафақат ўзи, балки келажакда фарзандларига ҳам дунёни кўрсатишни мақсад қилишлари керак.

Абдулла Қодирийнинг «Бахтсиз куёв» драмаси бор. «Бидъат, тўйга сарф бўладиган ақчага ўғилларингиз ёки қизларингизни ўқитинглар», дея ёзган Қодирий бобомиз. Бу гапларнинг салмоғи ҳамон йўқолгани йўқ», — дейди Дилором Тошмуҳаммедова.

Шу билан бирга мутасадди «Чимилдиқ» пьесасига ўхшаган асарлар яратишни кино ва театр ходимларидан илтимос қилди.

«Ҳозир ёшларнинг ўз идеали йўқ. Хўш, йигит-қизларимиз кимга эргашиши лозим? Ижодкор ва журналистлардан шундай идеални яратишларини сўраган бўлардим», — дейди Дилором Тошмуҳаммедова.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг