Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Бухородаги муҳим археологик тадқиқот АҚШдаги нуфузли журналда чоп этилди

Бухородаги муҳим археологик тадқиқот АҚШдаги нуфузли журналда чоп этилди

Америка Қўшма Штатларидаги нуфузли «Archaeology» журналининг жорий йил январ сонида Ўзбекистон-Америка қўшма археологик экспедициясининг Бухоро вилоятида олиб борилган тадқиқотларига бағишланган мақола чоп этилди.

Муҳаррир Эндрю Лоулер томонидан ёзилган «Воҳа шаҳрининг шаклланиш тарихи: афсонавий Буюк Ипак йўли шаҳрининг қадимий тарихини излаб» номли мақолада Маданий мерос агентлигининг Самарқанд археология институти ва Нью-Йорк университети ҳамкорлигида олиб борилаётган тадқиқот ишлари кенг ёритилган.

Мазкур экспедицияга Самарқанд археология институти етакчи илмий ходими Жамол Мирзааҳмедов ва Нью-Йорк университетининг профессори Сёрен Старклар бошчилик қилмоқда. Ўтказилаётган тадқиқотларда АҚШ, Хитой, Россия Европа ва ўзбекистонлик таниқли археолог олимлар иштирок этмоқда. Мақолада илмий гуруҳнинг кундалик фаолияти, эришилган натижалари ҳамда Бухородаги кўҳна шаҳарнинг шаклланиш тарихини ўрганиш борасидаги илмий ютуқлар батафсил таҳлил этилган.

Маълумот учун, «Archaeology» инглиз тилидаги илмий-оммабоп журнал бўлиб, унинг фаолияти археология соҳасидаги янгиликларни ёритишдан иборат. Журнал Америка Археология институти томонидан таъсис этилган бўлиб, ҳар ойда икки маротаба чоп этилади. Мазкур журнал 1948 йилдан бери фаолият юритиб келмоқда ҳамда журналнинг расмий сайтига ҳар йили 2,5 миллиондан ортиқ тарих ихлосмандлари ташриф буюради.

Мазкур мақоланинг нуфузли журналда чоп этилиши Ўзбекистоннинг бой тарихий ва маданий меросини халқаро миқёсда тарғиб этишга қаратилган муҳим қадам бўлиб, юртимиз археологияси соҳасидаги халқаро ҳамкорлик юксалиб бораётганининг эътирофидир.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг