Бухоро ИИБ бошлиғи вилоятда содир этилган жиноятларни очиқлади

Ахборот технологиялари ёрдамида содир этиладиган жиноий тажовузлар, яъни кибержиноятлар сонининг ортиб бораётгани, бу турдаги жиноятларнинг масофадан туриб содир этилаётгани уни аниқлашда ички ишлар органлари фаолиятида ҳам қийинчиликлар туғдирмоқда.
«Бухорода жорий йилнинг биргина биринчи чораги давомида бу йўналишда жами 451 та жиноятлар қайд этилиб, асосан киберўғрилик 102 та ва киберфирибгарлик 343 тадан иборат. Бундай жиноятларнинг 169 тасида турли алдовлар билан юборилган сохта ҳавола орқали фуқаролар карта бошқарувини бой беришган. 137 тасида интернет орқали онлайн савдоларни амалга оширишда пул тўлашган, 93 тасида гўёки «пулингиз кўпаяди» деган сохта алдовларга «учишган». Жиноятчилар фуқаролар ишончига кириш мақсадида сунъий интеллектдан фойдаланиб, одамларнинг сохта видеоларини тайёрлаб, унинг ортидан қўрқитув ва босим орқали пул ундириш жиноятларини содир этишаётгани янаям ачинарли»,-дейди «Xabar.uz»га Бухоро вилоят ИИБ бошлиғи, полковник Икромжон Турсунов.
Икромжон Турсуновнинг сўзига кўра, кибержиноятларнинг олдини олиш бўйича кўплаб ишлар бажарилаётганига қарамай, уни аҳолига етказишда ҳалигача муаммолар бор.
«Ён атрофда кибержиноят борасида шунча кўнгилсиз ҳолатлар юзага келаётган бўлса-да, фуқароларда ҳали уларга қарши иммунитет тўла шаклланмаган. Одамларнинг ўта ишонувчанлиги, осон бойлик орттиришга бўлган қизиқиши бу қопқонга тушишига сабаб бўлмоқда. Оддийгина «Пластик карта пин-кодини бегона шахсларга берманг», «Масофадан туриб электрон тўловларни ёки пул ўтказмаларини амалга ошириш давомида махсус кодни ошкор этманг», «Ўзини банк мутахассиси сифатида таништириб, карта тўғрисидаги маълумотларни сўраган шахслардан эҳтиёт бўлинг!»-дея такрор-такрор тарғибот ишлари амалга оширилса-да, натижа, деярли кўзга кўринмайди. Бу жудаям оғриқли»,-сўзида давом этди Икромжон Турсунов.
Бухоро вилоят ИИБ бошлиғи гиёҳвандлик ва психотроп моддаларнинг ноқонуний муомаласи билан боғлиқ жиноятлар ҳақида ҳам сўз юритар экан, ушбу моддаларнинг ноқонуний айланишига қарши кескин кураш олиб борилаётгани хусусида тўхталди.
«Энг аввало, ёшлар ҳамда вояга етмаганлар орасида бу иллатлар кенг тарқалишининг олдини олиш мақсадида ўтказилган профилактик тадбирларда шу йилнинг ўзида 5 кг 749 гр гиёҳвандлик моддаларининг ноқонуний муомаласи билан боғлиқ жиноий ҳолатларга чек қўйилди. Тезкор тадбирлар давомида 325 дона кучли таъсир қилувчи дори воситалари ҳужжатлаштириб олинди. Мазкур аниқланган жиноят ишлари доирасида жами
35 нафар шахслар жавобгарликка тортилди. Бу турдаги аниқланган наркотиклар агар муомалага чиқиб кетганида, 50 мингдан ортиқ ёшларни заҳарлаши мумкин эди. Биргина мисол сифатида айтадиган бўлсам, Бухоро шаҳрида ўтказилган тезкор тадбир давомида, икки нафар ёшлар томонидан Бухоро шаҳар ва Бухоро туманлари ҳудудида жами 12 та жойга «закладка» усулида гиёҳвандлик воситаларини яширганлиги аниқланди. Улардан бирининг яшаш хонадонидан эса «қора бозор»даги тахминий нархи 190 миллион сўмга тенг бўлган жами 200 гр «спайс» синтетик гиёҳвандлик воситаси топилди. Ушбу гиёҳвандлик модданинг тахминан, 900 та истеъмол дозага етарли экани аниқланди. Ромитан туманилик ёш фуқаронинг ўз яшаш хонадонида 3 кг «марихуана» гиёҳвандлик моддасини муомалага киритаётганда қўлга олингани кейинги ачинарли ҳолатлардан. Маълумингизки, кейинги пайтларда бу турдаги жиноятлар ҳам замонавийлашиб бормоқда. Гиёҳванд ҳамда психотроп моддалар савдоси билан шуғулланишнинг ижтимоий тармоқларга кўчаётгани, интернет дўконлари, уларнинг администратор ва операторлари, «кладменлар» ва «закладчиклар» орқали юзага келаётгани оғриқли муаммолардан. Бу жараёнга бизнинг содда ёшларимиз, айниқса, вояга етмаганларнинг жалб этилаётгани эса ўта хатарли. Бу жиноий гуруҳлар фаолияти хориждан туриб бошқарилмоқда. Уларга етиб бориш турли қийинчиликларни туғдирмоқда»,-деди вилоят ИИБ бошлиғи.
Икромжон Турсунов ён-атрофда мураккаб вазият, таҳликали давр кезаётган бир пайтда фуқаролар, айниқса, ёшлар онгига ижтимоий тармоқлар орқали «оммавий маданият», «сохта демократия», нотўғри диний тушунчалар орқали таҳдид бўлаётгани мисолида Бухоро аҳолисига мурожаат билан чиқишига тўғри келганини таъкидлади. Бунда фуқаролардаги лоқайдлик ва атрофдаги ҳодисаларга беэътиборлик ҳам айнан ушбу турдаги жиноятларнинг кенг қулоч ёйишига сабаб бўлаётганини билдирди.
«Бухорода жиноятчиликнинг иккинчи ўринда катта салмоғини фирибгарлик жиноятлари ташкил этаётганини яширишга ҳожат йўқ. Ушбу жиноят тури ҳам кўлам ва кўринишини кенгайтирмоқда. Жумладан, консалтинг хизмат кўрсатувчи масъулияти чекланган жамиятлар томонидан ёшларни чет давлат олийгоҳларига имтиҳонсиз ўқишга киритиб, бир йилдан сўнг, ўқишни Ўзбекистон Республикаси олий таълим муассасаларига кўчириб беришни ваъда бериш орқали сохта шартномалар расмийлаштириляпти. Чет тилларини билиш бўйича сохта сертификатларни тайёрлаб бериш, мансабдор шахслар орқали ишга жойлаштиришни ваъда қилишлар ошяпти. Пул эвазига фол очиш, келажакни айтиб бериш, сохта табиблик билан шуғулланаётганлар алдовига ишониб қолаётганлар тўғрисида гапирмаса ҳам бўлади. Ҳатто, маълум бир жиноят иши бўйича ўзини орган ходими, деб таништириб, суриштирув, тергов ҳамда суд қарорларини ижобий ҳал қилиш, жазо муддатини ўтаётган шахсларни озодликка чиқариш эвазига пул талаб қилаётганлик ҳолатлари ҳам йўқ эмас. Замон билан бирга тезлашиб, мислсиз даражада тури ошиб, «янгиланиб» бораётган жиноятларга қарши ҳамжиҳатликда, биргаликда курашмас эканмиз, кўзланган мақсадларга ета олмаймиз»,-деди вилоят ИИБ бошлиғи Икромжон Турсунов.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter