Бу йил қишда навбатдаги энергетик инқироз кутиладими?
Иқлим ўзгаришлари сабабли Ўзбекистонда аввалгидек мўътадил иқлим ўрнига ёзда жазирама иссиқ, қишда эса қаттиқ совуқ бўлмоқда.
Ўтган қиш фаслида об-ҳавонинг кескин равишда минус даражага тушиб кетиши боис иситиш учун энергетика тизимига юкламалар анча ортди. Ортиқча босим оқибатида соҳа инфратузилмасига жиддий путур етди, трансформаторлар ва ўтказиш линиялари ёниб кетди, подстанциялар ишдан чиқди.
Тан олиш ва эътироф этиш керак, бундай қийин ҳамда қалтис вазиятдан чиқиб кетиш, таъминотни тиклаш, муаммоларни бартараф қилишда соҳа ходимларининг кечани кеча, кундузни кундуз демай меҳнат қилганларига, қисқа муддат мобайнида катта ҳажмдаги ишлар бажарилганига ҳам гувоҳ бўлдик.
Хусусан, 2023 йилнинг биринчи ярмида республика миқёсида 748 та трансформатор алмаштирилди, 7548 та трансформатор таъмирдан чиқарилди, 2 минг 940 километр ўтказиш линиялари янгиланди, 22 минг 112 километр электр узатиш тармоқлари мукаммал таъмирланди. 1257 та подстанция эса юқори технологик усулда қайта жиҳозланди.
Хўш, бу йил қишда навбатдаги энергектик инқироз кутиладими? Бу саволга олдиндан бир нима деб бўлмайди. Чунки жараён бир нечта объектив ҳамда субъектив ҳолатлар билан боғлиқ. Бироқ ўтган йилдагидек қиш бўлса ҳам, бугун кўрилаётган самарали чоралар натижасида ўша пайтлардаги каби чуқур энергетик инқирозга дуч келмаймиз.
Шуни инобатга олиш керакки, Ўзбекистонда электр энергияси истеъмоли барқарор ўсиб бормоқда. Масалан, сўнгги 5 йилда аҳолининг электр истеъмоли ҳажми 150 фоиз (яъни ўртача 1,5 баравар) – 11 миллиард киловатт-соатдан 16 миллиард киловатт-соатга, иқтисодиёт тармоқларининг истеъмоли эса жами 12 фоиз – 38 миллиард киловатт-соатдан 43 миллиард киловатт-соатга ўсди.
Бугунги кунда республикада электр энергияси ишлаб чиқариш қуввати соатига 18,1 гигаватт (18 миллион 100 минг киловатт) бўлгани ҳолда, амал унинг 16,2 гигаваттидан (соатига 16 миллион 200 минг киловатт) фойдаланилмоқда холос. Бунда иссиқлик электр станцияларининг мавжуд қуввати соатига 15,6 гигаваттни, электр энергияси ишлаб чиқариш учун фойдаланилаётгани эса соатига 13,8 гигаваттни ташкил этади.
Бу ҳолат анча эскириб қолган инфратузилмага ҳам юкламани кучайтирмоқда. Охирги қишдаги аномал совуқлар вақтида бу яққол юзага чиқди. Электр энергияси истеъмолининг кескин ортиши оқибатида вужудга келган каттагина юклама 3 мингдан зиёд трансформаторларнинг ишдан чиқиши ҳамда кўплаб подстанциялардаги жиддий муаммоларга сабаб бўлди.
Мавжуд муаммоларни ҳал қилиш учун эса катта маблағ керак. Ҳисоб-китобларга кўра, электр тармоқларини янгилаш учун яқин 5 йилда 3,7 миллиард АҚШ доллари керак бўлади.
Нархларни шакллантириш жараёнига бозор механизмларини олиб кириш, тизимда эркин бозор қонуниятлари ишлашини йўлга қўйиш энергетика инфратузилмасини модернизация қилишга имкон беради. Натижада аҳолини электр энергияси билан узлуксиз таъминлаш учун шарт-шароит яратилади.
Дунё бўйича кузатилаётган экологик муаммолар ва иқлим ўзгаришлари кўп давлатлар қатори Ўзбекистонга ҳам ўз таъсирини кўрсатмоқда. Оқибатда қиш қаттиқ совуқ, ёз эса ўта иссиқ бўлмоқда. Бунинг натижасида қишда иситиш мавсумида ҳамда ёзги иссиқ кунларда совитиш учун энергетика тизимига юкламалар кескин ортяпти. Келаётган йилда ҳам қиш қаттиқ бўлса, энергетик инқироз кузатилмаслиги учун ҳозирдан зарур чоралар кўрилиши талаб этилади.
Бунинг учун, аввало, соҳага кўпроқ маблағ йўналтирилиб, ўтган йил қишда юкламаларга бардош беролмаган тизимлар янгиланиши, модернизация қилиниши лозим. Давлат бу борада амалга ошираётган ишларга қўшимча молиявий дастакларни ишга тушириши учун энергетика соҳаси тўлиқ субсидияланиши ўрнига босқичма-босқич бозор тамойилларига ўтиши керак.
Мазкур ислоҳот кўп сонли истеъмолчилар – аҳолида энергия манбасидан меъёрий даражада фойдаланиш малакаси шаклланишига ҳам хизмат қилади.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter