Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

«Бўлғуси келин-куёвлар инновацион мактаби»га пресс-тур ташкил этилди

«Бўлғуси келин-куёвлар инновацион мактаби»га пресс-тур ташкил этилди

Фото: «Xabar.uz»

Жорий йилнинг 23-24 октябрь кунлари «Оила» илмий-амалий тадқиқот маркази томонидан Навоий ва Бухоро шаҳарларидаги «Бўлғуси келин-куёвлар инновацион мактаби»га журналистлар учун пресс-тур ташкил этилди. 

Қайд этилишича, илк бор 2018 йилнинг август ойида пилот лойиҳа сифатида Паркент тумани ФҲДЁ қошида очилган мактаб кўп ўтмай, яхши натижалар бера бошлади. Барча иштирокчилар ёшларни оилавий ҳаётга тайёрлашга мўлжалланган ўқув курсларига эҳтиёж катталигини ҳамда оилалар мустаҳкамлиги ва фаровонлиги учун зарурлигини таъкидлаган ҳолда, муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёевга мактуб йўллаб, мазкур ўқувларни ташкил этилганлиги ва ёшларга кўрсатилган эътибор учун ўз миннатдорлигини билдирдилар.

Инновацион мактаблар фаолиятининг мониторинги оила қуришга оид билимларга эга бўлиш масалаларига қизиқиши катта эканини кўрсатмоқда. Ушбу мактабларни битирувчилари орасида ҳозирга қадар оилавий ажрашишлар, келишмовчиликлар, психологик номутаносибликлар кузатилмади.

Мазкур инновацион мактабларда:

  • «Оила» маркази мутахассислари томонидан Тошкентдаги Инҳа университети ходимлари кўмагида яратилган «Ўсмир қизларни мустақил ҳаётга ва турмушга, рўзғор ишларини юритишга, ҳар томонлама оқила оила бекаси бўлишга тайёрлаб бориш учун мўлжалланган «Оила сабоқлари» деб номланган мобиль илова ва ёш келин-куёвлар учун янги турмуш қураётган йигит-қизларнинг оила соҳасидаги билим ва кўникмаларини мустаҳкамлаш мавзуидаги тавсия ва маслаҳатлар ўрин олган «Мустаҳкам оилага йўлланма» номли энциклопедик ён дафтарча тақдим этилади;
  • буюк алломаларимиз, таниқли ижодкорларимизнинг оилапарварлик, фарзандлик, келин-куёвлик, қайнона-қайноталикнинг муқаддас бурчларини англатишга, оилавий ришталарни мустаҳкам боғлашга ва ёшларимизнинг диний-ҳуқуқий билимларини оширишга хизмат қилувчи китобларидан таркиб топган «Маърифатли оила кутубхонаси» ва оила мавзусига бағишланган таъсирчан видео ва анимацион фильмлар, видеороликлар, инфографик лавҳалар асосида Медиатекадан фойдаланиш имконияти яратилган;
  • инновацион мактабда таҳсил оладиган никоҳланувчиларга ахборот-коммуникация технологияларининг ёшларбоп, замонавий ютуқларидан, ривожланган давлатлар ва халқаро ташкилотларнинг илғор тажрибаларидан самарали фойдаланган ҳолда, креатив ёндашувлар ва илмий-инновацион усулларда машғулотлар олиб борилмоқда.

Ҳозирга қадар республиканинг вилоят ва туман марказларида 137 та инновацион мактаб фаолият олиб бормоқда. Уларнинг фаолиятига 400дан зиёд мутахасислар жалб этилиб, ҳозирга қадар 18 мингга яқин жуфтлик ёки қарийб 36 минг нафар бўлғуси келин-куёвлар ўқитилди.

Республиканинг вилоят ва туман марказларида 137 та инновацион мактаб ўқув жараёнларини самарали ташкил этиш мақсадида машғулотларни интерактив усулларда, ёшларга қизиқарли қилиб ўтказиш малакасига эга бўлган психолог, иқтисодчи, ҳуқуқшунос каби бир қатор етук экспертлар жалб этилган.

Мазкур инновацион мактаб машғулотларида қуйидаги йўналишлар бўйича дарс берилмоқда:

  1. Оилавий ҳаёт психологияси
  2. Диний ва ахлоқий тарбия
  3. Оилавий-ҳуқуқий муносабатлар
  4. Репродуктив саломатлик (ушбу мавзу йигит ва қизларга алоҳида ўтилади).
  5. Оила бюджети ва иқтисоди
  6. Оила мустаҳкамлигини таъминлашда маҳалланинг ўрни ва ҳоказо.

«Бўлғуси келин-куёвлар инновацион мактаби» ўқув курсларининг экспертлари ўқув жараёнларида ёшларга, жумладан, қуйидаги масалалар бўйича сабоқ беришади:

  1. Ёшларга оилавий ҳаётда учрайдиган муаммолар ҳамда уларни оқилона бартараф этиш йўллари ҳақида маълумот ва тавсиялар бериш.
  2. Оилавий муносабатларни тўғри йулга қўйиш, низоларнинг олдини олиш.
  3. Соғлом турмуш тарзи, жинсий ҳаёт психофизиологияси, никоҳдан ташқари муносабатларнинг зарарли оқибатлари ва уларнинг олдини олиш.
  4. Муҳаббат, рашк, садоқат, меҳр-оқибат туйғуларининг оила мустаҳкамлигига таъсири.
  5. Аёл ва эркак психологиясининг ўзига хос хусусиятларидан оилалар мустахкамлигини таъминлашда фойдаланиш.
  6. Оилавий муносабатларни тўғри йўлга қўйиш, замонавий намунали оилани шакллантиришда миллий қадриятларнинг аҳамияти.
  7. Ислом дини ва унинг оилалар мустаҳкамлигини таъминлашдаги аҳамияти (Қуръоний тавсиялар моҳияти билан таништириш).
  8. Оилавий муносабатларнинғ емирилиши, ажрашишлар билан боғлиқ жараёнларда ҳуқуқий масалалар (мулкий ҳуқуқ ва мажбуриятлар; эр-хотин, болалар манфаатлари ва ҳ.к.).
Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг