Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

БМТТД билан янги лойиҳаларни ишга тушириш бўйича келишув имзоланди

БМТТД билан янги лойиҳаларни ишга тушириш бўйича келишув имзоланди

Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазири Азиз Абдуҳакимов ва БМТ Тараққиёт дастурининг Ўзбекистондаги доимий вакили этиб тайинланган Акико Фужии ўртасида учрашув бўлиб ўтди.

Маълумот учун: жорий йилнинг июль ойида БМТТДда 25 йилдан ортиқ тажрибага эга Акико Фужии БМТ Тараққиёт дастурининг Ўзбекистондаги янги Доимий вакили этиб тайинланган эди. У илгари Малдив оролларидаги доимий вакил ва Вьетнамдаги доимий вакил ўринбосари, Фиджидаги кўп мамлакатли идораси (Фиджи, Микронезия Федератив Давлатлари, Кирибати, Маршалл ороллари, Науру, Палау, Тонга, Тувалу ва Вануату) ва Ямайкани қамраб олган. Акико Фудзии Судан, Токио ва Покистонда ҳам турли лавозимларда ишлаган.

Учрашув чоғида Экология вазирлиги ва БМТТД ўртасидаги икки томонлама ҳамкорликни мустаҳкамлаш, умумий қиймати 10 миллион доллардан ортиқ қўшма лойиҳаларни амалга ошириш, биохилма-хилликни асраш, Оролбўйининг сув-ботқоқ ерлари, ўрмонзорлар барпо этиш, чиқиндилар ва хавфли кимёвий моддалар билан ишлаш ва бошқа йўналишларда умумий бюджети 20 миллион АҚШ доллари бўлган янги лойиҳаларни ишга туширишга тайёргарлик кўриш масалалари муҳокама қилинди.

Учрашувда Азиз Абдуҳакимов мамлакатимиз ҳукумати томонидан экология соҳасида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузурида Иқлим кенгашининг ташкил этилиши, «Яшил Макон» умуммиллий лойиҳасини амалга ошириш, Орол денгизи тубида 2 миллион гектар майдонда ўрмон экиш ва бошқа ташаббуслар ҳақида маълумот берди.

«Ҳозирда биз нафақат Экология вазирлиги, балки бутун экологик комплексни тубдан ўзгартириш жараёнида турибмиз. Ўзбекистонда экологик муаммоларни ҳал этиш ва атроф-муҳитни бошқариш тизимини такомиллаштириш устувор вазифа ҳисобланади», — деди вазир.

Учрашув якунлари бўйича томонлар «Яшил Макон» ташаббусини амалга оширишни қўллаб-қувватлаш учун бош режалаштириш ва инновацион молиявий ечимлар» лойиҳаси доирасида ҳамкорлик тўғрисидаги битимни имзоладилар, шунингдек, 2025 йилда ишга тушириладиган Кичик грантлар дастурининг навбатдаги босқичини бошлаш бўйича келишувга эришилди.

Маълумот учун: Глобал экологик фонд томонидан молиялаштириладиган Кичик грантлар дастури Ўзбекистон бўйлаб маҳаллий ҳамжамиятларни, жумладан, туманлар, ассоциациялар, фермерлар, нодавлат нотижорат ташкилотлари ва академик институтларни ландшафтга оид ёндашувларга жалб этиш орқали уларнинг имкониятларини кенгайтиришга қаратилган.

Учрашув якунида Экология вазирлиги, БМТ Тараққиёт дастури ва Глобал экологик фонднинг қўшма лойиҳаси — «Aral wetlands» доирасида 8 та муҳофаза этиладиган табиий ҳудудларга (METH) профессионал ускуналарни топшириш маросими бўлиб ўтди.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг