«Бир уйда яшаб, бир-биримизни соғинамиз...» — Оилавий болалар уйида тарбияланаётган қизлар (видео)
Шағал ташланган, ўйдим-чуқур, илонизи қишлоқ йўли оралаб борар эканмиз, қулочлари кенг очиқ турган дарвоза қаршисида бизни катта меҳр қарши олаётганини ҳис этдик.
Жондор тумани, «Навгади» маҳалла фуқаролар йиғинидаги Янгибозор кўчасида жойлашган бу хонадонда истиқомат қилиб келаётган Аҳад Саидов ҳамда Марҳабо Беҳбудовалар 5 фарзандни дунёга келтиришган. Қисмат экан, улар ҳали вояга етмаган Мафтуна исмли қизалоқларини тупроққа қўйишган.
«Бу дард, бу армон бизни узоқ йиллар ўтда қовурди. Ҳеч кимнинг бошига бу кулфатни солмасин. Бу дардни фақат фарзандини йўқотган ота-она тушунади. Узоқ йиллар қизалоғимиз хотираси билан яшадик. Ўнта бўлса, ўрни бошқа дегандек, усизликка кўникиш биз учун жуда оғир кечди...», — дейди Марҳабо опа.
1995 йилда Бухоро шаҳридаги Педагогика техникумини тугатган Марҳабо Беҳбудова маҳалладаги болалар боғчасида тарбиячи, Аҳад Саидов эса қоровул бўлиб ишлаган. Катта ўғилни уйлантириб, уйли-жойли қилиб, икки нафар қизни ҳам турмушга узатишган ота-она 2007 йилда туғилган кенжа ўғил билан ҳовлига қолишган.
«2021 йилда кенжамиз Достонжон тўшаклаб қолди. Танасининг ярми ишламади. Бу мусибат бизни анча тушкун аҳволга солди. Шундоқ ҳам юрагимиз ярим бўлиб қолган. Ёмон хаёлларга бориб, қўрқув босарди бизни. Ҳатто, унинг номига гўр ҳам қазиб қўйишди. Энди аҳволимизни тасаввур қилаверинг. Нажоткоримиз фақат Аллоҳ бўлди. Шундай кунларнинг бирида тили зўрға сўзга айланган ўғлим: «Онажон, сиздан илтимос, Болалар уйидан бола олинг. Мен тузалиб кетмасам, сизга юпанч бўлади», деди. Бу гапни фарзандингдан эшитиш, нақадар, оғир. Боламга тасалли бердик. Йўқ. У қўлларимни маҳкам ушлаб, мендан Болалар уйидан бола олишим учун ваъдамни олди. Шу билан ўғлимда яна муолажаларни давом эттиравердик. Достонимиз бироз оёққа тура бошлади. Шунда ўғлим яна эслатди: «Сиз менга ваъда бергансиз. Агар оёққа тўла туриб кетсаму сиз Болалар уйидан бола олмасангиз, мани қаттиқ ранжитган бўласиз!» — деди. Ўшанда мен: «Йўқ, болам, албатта, сенга опами, сингилми, ака ёки уками олиб келаман. Уй-жойимни сотиб бўлса ҳам истагингни амалга ошираман, болам, фақат сен саломат бўлсанг бўлди. Шунинг ўзи мен учун бахт, дедим. Чунки ўшанда мен давлатдан бола сотиб олиш жуда қиммат нархда туради, деб эшитганман», — дейди суҳбатдош.
Марҳабо опа 2022 йилнинг бошларида кенжатойининг истаги билан Бухоро шаҳридаги Меҳрибонлик уйига борган. Ўшанда жуда кўп қизларни, болаларни кўрган. Уларни зимдан кузатган.
Орадан кўп ўтмай, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 04.08.2022 йилдаги «Оилавий болалар уйлари фаолиятини такомиллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПҚ-345 сонли қарори асосида ишлаб чиқилган янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 17.08.2022 йилдаги «Оилавий болалар уйлари тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида» чиққан қарори бу хонадон учун чинакам қувончга айланган.
«Бу шунчаки қарор эмасди. Бу қарор менга ўхшаган ота-оналар бағрининг фарзандлар билан яна қайта тўлишига катта туртки бўлди. Айниқса, ўғлим Достонжон учун байрам бошланганди, гўё. Оёғимни қўлга олиб, керакли идора, ташкилотларга чопдим. Қарорнинг яна бир муҳим шарти: болани танлаб, ёки улар орасидан кимнидир ажратиб олмаслик эди. Болани ажратиб бўлармиди...», — сўзлади Марҳабо опа.
Улар фарзандликка олиб кетиши керак бўлган қизлар билан юзлаштирилган.
«Қизлар билан юзлашаётиб, кўнглим бирам чароғон тортдики... Айниқса, улар орасидан Эстера исмли қизни кўриб, ҳушимдан айрилаёздим. «Менинг Мафтунам, худойим менинг фарзандимни қайтариб берди. Менинг қизим қайта тирилиб келди...» шу сўзларни айтиб-айтиб йиғладим. Унинг кулгичлари, қарашу ҳатти-ҳаракатларида раҳматли қизим гавдаланди. Ҳар уч қизниям тўйиб-тўйиб бағримга босдим. Ҳали бир марта ҳам юзлашмаган ва кўрмаган қизларга оналик меҳрим шу қадар жўшдики, айтиб адоғ қилолмайман...», — сўзлади Марҳабо опа.
Улар Эстера Аронова, Шафоат Истамова ҳамда Маҳфуза Ҳасанова исм-шарифли Меҳрибонлик уйи тарбияланувчиларини ўз хонадонларига фарзандликка олиб келишган. Хонадонда уларнинг эмин-эркин яшашлари, оилавий муҳит тафтини ҳис қилиб улғайишлари учун барча шарт-шароит муҳайё қилинган. Муҳими, бу қизлар энди ота-она меҳру тафтидан баҳраманд бўлишмоқда. Ўзларини тенгқурларидан асло кам сезишмайди.
Айтишича, қизларни уйга олиб келишгач, тўшакда хаста ётган ўғил ҳам учинчи ҳафта деганда оёққа тўла туриб кетиб, асоратсиз тузалиб, шифо топган.
«Ўғлимиздан умидимизни узгандик. Аллоҳнинг назарими бу, билмадим, мана шу қизларим, мана шу фаришталарим хонадонимизга кириб келишдию, Достонимиз батамом тузалиб кетди. Икки опа ва бир сингилга эга Достоним уларсиз бир соат ҳам тура олмайди. Опаларию-синглисини ҳимоялаб ҳам қўяди. Қизларимга кўча-кўйда, мактабда бегона кўз билан қараб қўйганлар билан «ўғилболача» гаплашиб ҳам қўяди», — чеҳраси очилиб, суҳбатга аралашади Аҳад ака.
Аҳад ака Меҳрибонлик уйларидаги болаларни оилаларга қайтариш мақсадида чиқарилган қарор болаларни оила муҳитида тарбиялаш, билимли ва маънавиятли, ватанпарвар инсонлар қилиб вояга етказиш учун муҳим асос бўлганини сўзлади.
«Қизларим бегоналикни билишмайди. Оила муҳитига қийинчиликсиз кўнишди. Оила, рўзғор тушунчалари улар учун ҳали янгилик, ҳаётларидаги муҳим воқеа бўлгани учун ҳам оилага шу қадар тез сингишга ҳаракат қилишдики... Аллоҳга шукур қиламан. Мол-бузоқлар учун ўт-ўлан ўраётганимда, ёнимга «Дадажон, ёрдам бераман!» — деб чопқиллаб келишади. Онаси хамирга уннаса, онасини тандир бошига йўлатишмайди. «Қўни-қўшнилар кўриб қолишса, қизлари дангаса экан, онасини ишлатишяпти, деб ўйлашмайдими, нанажон, бизни уялтирманг!» — деб , ҳатто, танбеҳ ҳам бериб, онасини «ишсиз» қолдиришади. Бирор маротаба уй-рўзғор ишларини бири-бирига отишмайди. Кўз тегмасин, завол кўрмай униб-ўсишсин, қизларим», — мийиғида кулиб сўзлайди ота.
Марҳабо опа турмуш ўртоғининг қизларига ҳам меҳрибон, ҳам қаттиққўл ота эканини, ҳар куни мактабга, тўгарак ёхуд дугоналари билан айлангани чиқишганида, «Сизлар менинг юзим, ору номусимсизлар. Шуни унутманглар», — дея қаттиқ уқтириб, ўзи кузатиб қўйишини айтади.
«Қизлар ҳаял кечикишса, отаси ўн бор дарвоза олдига кириб-чиқади. Ўғлимиз Достонжонни хабар олгани жўнатади. Икки катта қизи учун қандай хавотирда юрган бўлса, бу қизлари учун ундан ўн чандон хавотирда туради. Тўғриси, яширмайман. Қизларимни то оила муҳитига ўргатиб, йўлга солгунча, уч ойча бироз қийинчилик сездим. Улар уй-рўзғор ишларидан умуман хабари йўқ, ҳатто, пичоқни қандай тутишни билишмас эди. Энг қизиғи, нимадир ейишмоқчи бўлишса, кўзимиздан яширинча олиб ейишган пайтлари ҳам кўп бўлган. Уларга тўғри панд-насиҳатлар бериб, оиланинг нима эканини, топган-тутилган нарсалар ўртада, оч қолишса, ҳеч ўғринчасиз, ўзларини ноқулай тутмай олиб еяверишлари кераклигини уқтирдик. Уй-рўзғор, пишир-тушир, тикиш-бичиш, тўқиш ишларини шу қадар тез ва меҳр билан ўзлаштиришдики, ҳатто, ўзим ҳайрон қолган пайтларим бўлди. Бир ярим йил, деганда, мана, кўриб турганингиздек ўзлаштириб олишди», — дейди Марҳабо опа.
Ҳар бир таомни маромига етказиб, дастёр бўлиб қолган қизлар бир пасда хамир қориб, уни ёйиб, тугиб, миллий таомларни дастурхонга тортишди. Эстера келажакда журналист бўлишни мақсад қилган. Компьютер саводхонлигига, рақсга, тикиш-тўқишга қизиқиши баланд. Рус, инглиз тиллларини ўзлаштирмоқда. Шафоат эса болалар шифокори бўлишни орзу қилади. Кенжа қиз Маҳфуза спортга иштиёқманд. «Келгусида миллий гвардиячи бўламан», — дейди.
Ота-она қизларнинг қандай касб танлаши, қайси йўналишда ўқиши ёки ҳунар эгаллаши ҳақида бирга қайғуришар экан. Уларнинг келажакда жамият корига ярайдиган фарзанд бўлиб камолга етишиши учун тиним билишмайди.
Эътиборлиси, қизларнинг барча янги қариндош-уруғлари ҳам улардан доим хабар олиб туришади. Навбатлашиб, меҳмонга чақиришади, тўй-маъракаларни ҳам қизларсиз ўтказишмайди.
«Тўғри, барча оилада бўлгани каби қизлар хато қилиб қўйишади. Аммо, орада тушунмовчиликлар, деярли, бўлмайди. Уларнинг ўзаро муносабатларида ҳам бегоналик сезилмайди. Шунисига шукур», — дейди Марҳабо опа.
Эстера эса суҳбатга қўшилиб: «Нимадир хато қилиб қўйсак, дарров келиб кечирим сўраймиз, нанажоним, оппоғимдан. Қўшиқлар куйлаб берамиз, гирдикапалак бўламиз. Ишонсангиз, баъзан бир уйда яшаб, гоҳида бири-биримизни соғинамиз», — дейди кулиб онасига суйкалиб.
Ҳа, оилавий болалар уйлари ташкил этилишидан кутилган асл натижа ҳам шу бўлса керак! Қизлар чинакам оилавий ришталар оғушида яшаб, ишонч билан оёққа туришмоқда.
Яқинда Марҳабо опанинг хасталаниб қолгани ҳақидаги шифокор ташхиси қизларни анча ўйлантириб қўйган.
«Онамда ошқозон яраси ҳамда қандли диабет касаллиги авж олаётганини шифокордан эшитиб, қайғуга ботдик. Онажонимизни мураккаб операция кутаётган экан. Тез-тез чарчаб қоляптилар. Бу бизни хавотирга солиб қўйяпти. Онамизни айни топдик, деганда уни йўқотишни истамаймиз. Биз онажонимизга Худодан фақат соғлик сўраймиз», — кўзлари ёшланади қизларнинг.
Бизга ҳамроҳлик қилган Миллий гвардия бошқармаси вакили эса онанинг саломатлигини тиклаш учун зарур чоралар кўрилишини билдирди.
«Менинг бахту қувончим ҳам энди шу қизларим. Шулар соғ-саломат бўлишса бас!» — дейди Марҳабо опа.
Марҳабо опа қизларининг қисмати ҳақида сўзлаб берар экан, кўз ёшлари юзларини ювиб ўтади.
Маълум бўлишича, Эстеранинг онаси яҳудий бўлиб, оналик ҳуқуқидан маҳрум қилинган. У 4 нафар фарзанднинг кенжаси бўлган. Фақат бола туғиб, чақалоқни сотиш билан шуғулланган аёл ўз ҳатти-ҳаракати учун оналик ҳуқуқидан маҳрум қилинган. Ўзга бир хонадонга сотилган чақалоқни уни асраб олганлар яқин қариндошлари ўғирлаб ёхуд босим билан олиб кетмасликлари учун уни сандиқда яшириб, боққан. Бурда нон ва сув билан сандиқда жон сақлаётган гўдак ҳақидаги хабар ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимларининг эътиборини тортган. Бола савдоси билан шуғулланганлар қонун олдида жавоб беришган бўлса-да, навниҳол қиз 14 йилдан ортиқ вақт Меҳрибонлик уйида улғайган.
«Шафоат қизим ҳам кўп қийинчиликлар кўрган. У Ромитан туманида туғилган. Гўдаккина боламнинг ота-онаси чўпон бўлиб, яқинларининг айтишича, бир кечада 100 бошдан ортиқ қўй-қўзиларини ўғирлатишган. Жаҳлдор ота эса ўғли ва келинини шафқатсизларча калтаклаб, уларни жазолаган. Афсуски, улар саломатлигини йўқотишган. Руҳий хасталикка чалинишган. Ўша пайтда бор-йўғи, тўрт ёшда бўлган қиз эса яқин қариндошларининг қаровисиз кўча-кўйларда яшаб юрган. Уни бекатда топишиб, Болалар уйига топширишган. Бугун қизим менинг бағримда. Эсли-ҳушли, одобли қизимни худо хоҳласа, жамиятда ўрнини топгач, турмушга узатиш пайтимизда омон бўлишса, ота-онасини чақираман, деб ният қилганман», — дейди Марҳабо опа.
Суҳбатдошнинг сўзига кўра, кенжа қизи Маҳфуза Тошкент шаҳрида туғилган. Пойтахтдаги 123-Меҳрибонлик уйида тарбияланган. Қизнинг ҳақиқий ота-онасининг кимлиги билан ҳеч қачон қизиқмаган.
«Мен ёшлигимда шу қизимни Тошкентга айлангани борганимда йўқотиб қўйганман. Жуда кўп ва узоқ изладим. Аммо уни топа олмай, йиғлаб-йиғлаб ортга қайтганман. Мана, қизимни топдим ва унга йиллар давомида беролмаган меҳримни беряпман», — сўзлади Марҳабо опа.
Тўғриси, унинг сўзларига аввалига тушунмадик, иккиландик. Бироқ, суҳбатдошнинг айтишича, она-ота меҳри нима, қавму-қариндош нима эканини билмай, кўзлари Меҳрибонлик эшикларида мўлтираб ўсган қиз – Маҳфузани у чинакам онаси сифатида қабул қилиши учун унга шундай уқтирган.
«Қизим тушмагур, шу сўзларимни тўғри қабул қилди. Ва шундай деб ўйлайди ҳам. Шуниси маъқул. Ва Аллоҳга шукур қиламанки, болалигида йўқотганим бир қизим бугун уч қиз бўлиб қайтиб, бағримни тўлдирди. Мен учун бундан ортиқ бахт борми? Хасдан ҳам, шамолдан ҳам қизғонаман бу қизларимни»,— чин оналик меҳри билан сўзлайди Марҳабо опа.
Марҳабо опа ҳамда Аҳад акаларни кузатар эканмиз, ўз боласини боқишга оғриниб, ташлаб кетаётганлар кўз олдимизда гавдаланади. Хасталигига қарамай, дарёдил бўлиш, фарзандлари қатори айни нозик ёш – балоғат ёшига тўлган қизларни ҳаётга, жамиятга, оилага тайёрлаш, бошини силашнинг ўзи ҳам катта қаҳрамонликдир!
Лайло Ҳайитова
Маълумот ўрнида: Бухоро шаҳридаги 32-Меҳрибонлик уйи 2022 йилда ўз фаолиятини тугатган. Унда тарбияланаётган 83 нафар болаларнинг 42 нафари 9 та оилавий болалар уйига жойлаштирилган. Қолган 41 нафари эса яқинларига, ота-онасига қайтарилиб, таълим муассасаларига юборилган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter