Аномал иссиқ? «Ўзгидромет» хавотирли чиқишларга муносабат билдирди
«Ўзгидромет» 2023 йил ёз фаслининг биринчи ойи прогнозларини тақдим қилди.
Минтақамизнинг иқлим шароитига кўра, Ўзбекистонда, шунингдек, Ўрта Осиёнинг барча ҳудудларида ёз узоқ вақт иссиқ ва қуруқ бўлади.
Бунга қарамай, турли йиллардаги ёз фасллари бир-биридан фарқ қилади. Шундай йиллар борки, жазирама иссиқ анча узоқ вақт давом этади. Ҳарорат тартиби аҳоли учун нисбатан қулай бўладиган йиллар ҳам кузатилади.
Бироқ, сўнгги йилларда ёз фаслларининг ўртача ҳарорати тез-тез ўртача йиллик қийматлардан ошиб бормоқда. XXI аср бошидан бери фақат 2003 ва 2009 йиллардаги ёз фасллари меъёрдан бироз совуқроқ, бошқа барча ёз фасллари эса меъёр атрофида ва ундан илиқроқ бўлди. 2015 йилдан бошлаб барча ёз фаслларининг ҳарорати меъёрдан юқори бўлди.
Келаётган ёз фасли қандай бўлади?
Деярли ҳар йили аҳоли орасида ва ҳатто баъзи оммавий ахборот воситаларида яқинлашиб келаётган ёз фасли аномал (ғайритабиий) иссиқ, барча кузатув йиллари учун энг иссиқ бўлади деган маълумотлар пайдо бўлади. Шу билан бирга, баъзи хаёлий ҳарорат қийматлари айтилади, улар одатда бу ҳудуд учун умуман тўғри келмайди.
Бундай маълумотлар одатда ҳеч қандай илмий асосга эга эмас. Метеорология фани бир вақтнинг ўзида бир неча ойга олдин ҳарорат фонини прогноз қила олмайди.
Мутахассислар келаётган ёз ҳақида нима дейишлари мумкин?
Биринчидан, бугунги кунда юқори аниқлик билан биз фақат июн — ёзнинг биринчи ойи ҳақида гапиришимиз мумкин.
Жорий йилнинг июн ойи ўртача иссиқ об-ҳаво билан бошланади. Ойнинг энг бошида ҳаво ҳарорати 34-37 даража атрофида бўлади. Иккинчи беш кунликда иссиқ 37-40 даражагача, жанубда ва чўл ҳудудларда 40-43 даржагача кўтарилади ва бундай ҳарорат иккинчи ўн кунликнинг бошигача сақланиб туради.
Биринчи ўн кунлик давомида Ўзбекистон ҳудудининг катта қисмида қуруқ об-ҳаво бўлиши кутилмоқда, фақат тоғли ҳудудларда айрим кунларда маҳаллий момақалдироқли ёмғирлар ёғиши мумкин.
Июн ойининг иккинчи ва учинчи ўн кунликларида иссиқ қисқа муддатга бироз кучсизланиш даврлари билан ҳарорат асосан 36-39 даража, республиканинг шимолида, жанубида ва чўл ҳудудларида 42 даража атрофида бўлади.
Умуман олганда, июн ойи меъёрдан 2-3 даражага илиқроқ бўлади.
Айрим кунларда баъзи жойларда бироз қисқа муддатли ёмғир ёғиши мумкин, умуман олганда, июн ойидаги ёғингарчилик миқдори меъёрдан кам бўлиши кутилмоқда.
Июл ва август ойлари учун об-ҳаво прогнозлари фақат эҳтимоллик шаклида тузилиши мумкин — бу узоқ муддатли прогнозларга энг тўғри ва аниқ ёндашувдир.
Июл ва август ойларида 60-70% эҳтимоллик билан ҳарорат фони меъёрдан бироз юқори ва унинг атрофида бўлиши кутилмоқда. Ёз аномал иссиқ бўлмайди, бироқ ҳароратни 40-42 даражагача, республиканинг шимолий, жанубий ва чўл ҳудудларида 43-45 даражагача кўтарилиб, жуда иссиқ об-ҳавонинг айрим даврлари ҳам истисно қилинмайди. Бу бизнинг Ўрта Осиё иқлимимизнинг хусусиятларидан биридир, дейилади «Ўзгидромет» таҳлилида.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter