Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Бухородаги «Алвасти осма кўприк» таъмирланди (видео)

Бухородаги «Алвасти осма кўприк» таъмирланди (видео)

Фото: Xabar.uz

Яқинда Бухоро вилояти, Вобкент туманидаги «Ўзбакон» маҳалласида жойлашган «Бодомча» қишлоғидан кесиб ўтувчи канал устидаги осма кўприкнинг  ачинарли аҳволга келиб қолгани хусусида «Алвасти осма кўприк»ни «жин» чалганми, ёхуд 63 йилдан буён янгиланмаган кўприкнинг бугунги аҳволи» сарлавҳаси остида видеоматериал  эълон қилинган эди.

Унда  одамлар ҳаёти учун хавфли, таъмирталаб ва ўта қўрқинчли ҳолатга келиб қолган кўприк масаласи мутасаддилар эътиборидан четда қолиб келиб қолаётгани хусусида сўз юритилган эди.

Видеоматериал эълон қилингач, Вобкент тумани ҳокими Фарҳод Умаров «Xabar.uz» мухбири билан боғланиб, ушбу муаммо бартараф этилиши хусусида муносабат билдирди. Орадан бир неча кун ўтгач, маҳалла фуқаролар йиғини раиси ҳам аҳолининг оғриқли нуқтасига айланиб қолган кўприкни созлаш ва таъмирлаш ишлари ниҳояланаётганини маълум қилди.

Айтиш мумкинки, Аму Бухоро сувлари оқиб ўтувчи канал устида 60- йилларда ҳашар йўли билан тикланган кўприкнинг одамлар ҳаёти учун хавфга айланиб қолгани узоқ йиллардан буён барчани бирдек хавотирга солиб келган. Жамоатчилик аралашуви билан туман ҳокими тавсияси ҳамда маҳалла аҳлининг ҳашар йўли билан бирлашуви кўприкнинг бир неча кун ичида таъмирлаб, созланишига туртки бўлди.

«Ҳақиқатан ҳам бир неча йилдан бери турли мутасадди ташкилотлару, қатор оммавий ахборот воситаларига мурожаат қилганмиз. Эътибордан четда қолиб келган, тўғрисиям шу! «Xabar.uz» мухбирларининг қатъий аралашуви муаммонинг бир неча кун ичида ҳал этилишида сабаб бўлди»,— дейди «Бодомча» фуқароси Ислом Илҳомов.

Маҳалланинг бошқа фуқаролари ҳам бир томонга оға бошлаган, симтўрлари аллақачон узилиб, оёқ остидаги темирлар емирилган, ёғочлари ёрилиб тушиб кетган кўприкдан энди асар қолмагани, унинг соз, кўркам ва хавфсиз кўриниш касб этаётганидан мамнунлик билдиришган.

«Ҳақиқатан ҳам тўлиқ қайта таъмирга муҳтож кўприкдан ёши катталаргина эмас, болаларнинг ҳам ўтишаётгани барчамизни хавотирга соларди. Туман ҳокимимизнинг тавсияси ҳамда кўмаги билан бир неча кун ичида осма кўприк қайта тиклангандек бўлди. Масала ечими бошида турган кенг жамоатчилик аралашуви ижобий натижага хизмат қилди», — деди Ўзбакон маҳалла фуқаролар йиғини раиси Тўхта Сафаров.

Туман мутасаддиларининг эътибори ҳамда аҳолининг ҳамжиҳатлик билан узоқ йиллардан буён оқсаб келаётган масаланинг бартараф этилишида бир тану бир жон бўлишгани барчамизни бирдек хурсанд қилди. Кўприк бузган эмас, кўприк тиклаган хайрли, деб бежизга айтишмаган.

Лайло Ҳайитова

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг