Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Расмий баёнот: Пора олган ИИБ ходимининг «Чинобод нефт база»сига алоқадор жойи йўқ

Расмий баёнот: Пора олган ИИБ ходимининг «Чинобод нефт база»сига алоқадор жойи йўқ

2020 йилнинг 8 январ куни «Ўзбекнефтгаз» АЖ Бошқаруви раиси лавозимига тайинланган Меҳриддин Абдуллаев, дастлабки кундан бошлаб соҳада коррупция ва жиноятчиликка йўл қўймаслик, узоқ йиллардан буён ўз ечимини кутаётган муаммоларни бартараф этишга эътибор қаратди.

«Ўзбекнефтгаз» АЖ тизимидаги корхоналар, заводлар, нефт базаларга ишга қабул қилишда таъмагирликка йўл қўймаслик, шаффофлик тамойили асосида Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексига қатъий амал қилган ҳолда иш юритиш бўйича вазифалар белгилаб олинди.

Оммавий ахборот воситаларида Тошкент вилояти Янгийўл тумани ички ишлар бўлимининг майор унвонидаги масъул ходими фуқарони «Чинобод нефть база» масъулияти чекланган жамиятининг филиалларидан бирига раҳбарликка тайинланишида ёрдам беришини айтиб, бунинг учун ундан 50 минг АҚШ доллари талаб қилиб, 10 минг АҚШ доллари олаётган вақтида ушлангани хабар қилинди.

Ушбу ҳолат юзасидан аввало шуни таъкидлаш керакки, «Чинобод нефт база»си МЧЖда ҳеч қандай филиал мавжуд эмас. Қўлга олинган ИИБ ходимининг ҳам нефт базага алоқадор жойи йўқ.

Коррупцияга қарши курашиш мақсадида «Ўзбекнефтгаз» АЖ тузилмасида ўзгариш қилинди ва муҳим қадам ташланди. Бошқарув раисининг буйруғига асосан режали, мавзули, тезкор ва масофавий ўрганишлар ҳамда хизмат текширувлари ўтказиш учун «Молиявий ва комплаенс назорати» департаменти ташкил этилди.

Ушбу департамент айнан комплаенс соҳасидаги қонун, қоида ва стандартларга мувофиқликни, шу жумладан, коррупцияни олдини олишга қаратилган чора-тадбирлар бажарилишини ҳамда манфаатлар тўқнашувларини меъёрий ҳужжатларга асосан бошқарилишини назорат қилади, масъул мансабдор шахслар фаолияти бўйича мақсадли ўрганишларни ўтказади.

Бир сўз билан айтганда, «Ўзбекнефтгаз» АЖ «коррупциясиз соҳа»га айланди.

Агар сиз соҳага оид қонун бузилиш ҳолатларига гувоҳ бўлсангиз, «Ўзбекнефтгаз» АЖнинг (71) 207-27-72 рақамли ишонч телефонига мурожаат қилишингиз мумкин.

«Ўзбекнефтгаз» АЖ Матбуот хизмати

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг