Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Президентнинг хавотири ўринли — Ҳоким

Президентнинг хавотири ўринли — Ҳоким

Бугун Наманган шаҳар халқ депутатлари кенгашининг ўн тўртинчи сессияси бўлиб ўтди. Озиқ-овқат хавфсизлиги масаласи кўриб чиқилган сессия давомида Наманган шаҳар ҳокими Олимжон Исаев ҳисобот бериб ўтди.

— Озиқ-овқат хавфсизлиги борасида иш бошлаш олдидан энг аввало тадбиркорлар билан суҳбатлашдик. Наманганда аҳоли эҳтиёжи учун лозим бўлган барча маҳсулотлар ҳар доим тадбиркорлар томонидан етказиб берилган. Импорт ҳисобига таъминланадиган шакар, картошка ва бошқа маҳсулотлар ҳам тадбиркорлар зиммасида.

Биз ўрганиш давомида тадбиркорларга захира ташкил этиш учун кредит таклиф этдик. Аммо улар маблағ борасида муаммо йўқлигини айтишди ва нархни тушириш бўйича таклифлар беришди. Биз бу таклифларни ҳал қилиш бўйича иш олиб бормоқдамиз.

Наманганда икки-учта йирик паррандалик фермалари бор. Гўшт масаласида Наманганда муаммо бўлмаслиги лозим. Шунингдек ижтимоий соҳалар ҳам тўлиқ ўрганиб чиқилди. Масалан, мактабгача таълим муассасалари озиқ-овқат таъминоти бўйича аутсорсингга ўтилган. Улар билан суҳбатлашдик, захира борасида ҳеч қандай муаммо йўқ.

Президентнинг хавотири ўринли, қишлик эҳтиёжни ҳозирдан тайёрлаб қўйиш лозим. Ҳозир пандемия туфайли бутун дунё инқирозда. Биз тўғри хулоса чиқариб, лозим бўлган ишларни амалга оширишимиз керак.

Ҳокимлик томонидан барча озиқ-овқат маҳсулотлари захираси тайёрлаб қўйилган ва стратегик захира сифатида ушлаб турилади. Аҳолини тадбиркорлар тўлиқ таъминлай олишига ишонамиз, насиб қилса бозорларимиздан маҳсулот узилмайди. Мабодо бирор тақчиллик рўй берган тақдирда ҳам 10-15 кунга етадиган захирамиз бўлади. Бу вақт ичида керакли маҳсулотни етказиб келамиз. Бюджетдан ортган маблағнинг 500 миллиондан бир миллиард сўмгача бўлган қисми ушлаб турилади.

Наманган шаҳрида 1000 гектардан ортиқ деҳқончилик қилинадиган ерлар бор. Ўша ерларда етиштирилган ҳосил савдога чиққариладиган озиқ-овқат шаҳобчалари қурилмоқда.

Қишда озиқ-овқат нархи ошиши нормал ҳолат. Чунки маҳсулот таннархига сақлаш ва бошқа ҳаражатлар қўшилади. Бозор иқтисоди талаблари шунақа. Биз бу қонунга бўйсунишимиз ва тадбиркор фаолиятига аралашмасдан, нарх қимматлаб кетмаслиги чора-тадбирларини кўришимиз керак.

Бизнинг вазифамиз — бозор ишига сунъий таъсир кўрсатмасдан, қимматлаб кетиши мумкин бўлган маҳсулотлар захирасини ташкил этишдан иборат. Бирор нарса қимматласа нарх тушиши учун захирадаги маҳсулот савдога чиқарилади.

Бозор механизмига ташқаридан аралашиш ярамайди. Тадбиркорга бориб нархни тушир, дейишга бизнинг ҳаққимиз йўқ. Фақат захирани савдога чиқариш орқали бозорни тўйинтириш ва вазиятни барқарорлаштириш лозим. Мақсад — ёғ ва гўшт сотаётганни касодга учратиш эмас, ишни тўғри йўлга қўйиш.

Биз ижтимоий кўмакка муҳтож бўлган аҳолини ҳимоя қиламиз. Бунинг учун ресурсларимиз бор. Бозор эса ўз қонунларига кўра ишлаши лозим, — дейди Наманган шаҳар ҳокими Олимжон Исаев.

Сессия давомида Наманган шаҳар прокурори Баҳром Йўлдошев томонидан озиқ-овқат таъминотини яхшилаш бўйича ўз таклифини билдирди.

«Карантин вақтида озиқ-овқат ярмаркалари ташкил этилганди. Ўша вақтда қўшимча захира яратиш тажрибасини яхшигина ўзлаштирдик. Ҳозирда бир қатор маҳаллаларда қўшимча бозорлар ташкил этилган.

Шу ўринда бозорлар масаласида битта таклиф киритмоқчиман — Наманган шаҳрида учта бозор бор ва барчасининг раҳбари шу ерда ўтирибди. Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етказиш — деҳқоннинг иши. Аммо у ўз маҳсулотини ўзи сота олмайди, олибсотарлар қўлига бериб қўяди. Шу муаммонинг олдини олиш учун деҳқон ва фермерларга бозорларда расталар ажратиб беришни таклиф қиламан. Шунингдек жой учун тўлов борасида ҳам имтиёз жорий этсак яхши бўларди.

Ҳозир вазият шундайки, бозордаги аксарият жойларни олибсотарлар эгаллаб олган. Улар 4-5 тагача растага жойлашиб олганини ҳам кўриш мумкин. Агар деҳқон ҳам улар қатори маҳсулотини сота олса, нарх сунъий ошишининг олдини олган бўлардик. Деҳқон бозорда шароит бўлмагани учун ўз маҳсулотини ўтказа олмайди. Натижада унинг маҳсулоти олибсотарлар томонидан олиб қўйилади. Мана шундай деҳқонларга ёрдам берсак тўғри бўлар эди, — деди прокурор.

Сессия якунида журналистлар ва депутатлар тўртта сектор раҳбарига тегишли саволлар билан мурожаат қилишди. Мулоқот давомида Наманган шаҳрида озиқ-овқат хавфсизлиги бўйича барча чора-тадбирлар амалга оширилгани маълум қилинди.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг