Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

«Ўзстандарт» агентлиги тадбиркорларни огоҳликка чақирди

«Ўзстандарт» агентлиги тадбиркорларни огоҳликка чақирди

Фото: «Ўзстандарт»

Ички ишлар вазирлиги Тергов департаменти томонидан мувофиқлик сертификатини қалбакилаштириш ҳолати юзасидан берилган маълумот истеъмолчилар ва тадбиркорларни яна бир марта огоҳликка чақириб, маҳсулотларнинг мувофиқлик сертификатига эътиборли бўлишга ундайди, дейилади «Ўзстандарт» агентлиги матбуот хизмати хабарида.

Қайд этилишича, «Ўзстандарт» агентлиги томонидан соҳада шаффофликни таъминлаш мақсадида 2020 йил февралдан бошлаб мувофиқлик сертификатлари электрон тарзда махсус ахборот тизими орқали расмийлаштириш йўлга қўйилиб, Давлат Божхона қўмитасининг «Ягона дарча» идоралараро ахборот тизимига интеграция қилинган.

Шунингдек, мувофиқлик сертификатларини қалбакилаштириш ҳолатларини олдини олиш мақсадида 2020 йил май ойидан QR-код технологияси ва электрон тарзда (инсон аралашувисиз) реестр рақами шакллантирилиши тизими ишга туширилди.

Сертификатлаштириш жараёнида ахборот технологияларини кенг қўллаш орқали тадбиркорлар томонидан электрон аризаларни бериш ва истеъмолчилар томонидан мавжуд сертификатлар тўғрисида маълумотларни олиш имконияти яратилди.

Бугунги кунда Сертификатлаштириш миллий тизимида аккредитланган сертификатлаштириш идоралари томонидан расмийлаштирилган ва амалда бўлган мувофиқлик сертификатлари ҳақида тўлиқ маълумотларни «Ўзстандарт» агентлигининг www.sert2.standart.uz ёки www.certificate.standart.uz электрон манзиллари орқали олиш мумкин.

Бундан ташқари, QR-код сканери мобил иловаси орқали QR-код белгисини сканерлаш орқали маҳсулотнинг номи, ишлаб чиқарувчиси ёки импорт қилувчи ташкилот тўғрисида маълумот олиш мумкин.

Таъкидланишича, сертификатлаштириш идоралари томонидан тадбиркорларга кўрсатилаётган хизматлар сифатини оширишда  ҳамда маҳсулотларни мувофиқлигини баҳолашда малакали кадрларга эътибор қаратиб келинмоқда.

Шу билан бирга, ўз ишига масъулият билан ёндашмаган, қонунчиликдаги тартиб қоидаларга амал қилмаган ходимларга нисбатан тегишли чоралар кўрилмоқда. Жумладан, Ички ишлар вазирлиги Тергов департаменти томонидан ёритилган Ё.Т. исмли ходим 2018 йилнинг сентябрь ойида Республика синов ва сертификатлаштириш маркази маҳсулотларни сертификатлаштириш идорасидан четлатилган ва  ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар томонидан жиноят иши айблов хулосаси билан тегишлилиги бўйича судга юборилган.

«Ўзстандарт» агентлиги тадбиркорлардан ўз маҳсулотини ишлаб чиқариш ва белгиланган меъёрларга мувофиқлигини баҳолашда огоҳликка чақирган.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг