Ўзбекистон–Қозоғистон: туризмга доир ҳужжатлар имзоланди
Тошкентда бўлиб ўтган «Ипак йўлида туризм» 29-халқаро сайёҳлик ярмаркаси доирасида Ўзбекистон ва Қозоғистон вилоятлари ўртасида сайёҳлик соҳасида ҳамкорликка доир ҳужжатлар имзоланди.
Жумладан, Тошкент ҳамда Олмаота вилоятлари, Жиззах ҳамда Олмаота вилоятлари туризм бошқармалари ўртасида, шунингдек, Ўзбекистон ошпазлар уюшмаси ва Қозоғистон рестораторлари клублари уюшмаси ўртасида ҳамкорлик меморандуми маъқулланган.
Ҳужжат имзолаш маросимида қатнашган Қозоғистоннинг юртимиздаги фавқулодда ва мухтор элчиси Бейбут Атамқулов ҳамкорлик меморандумлари минтақавий робиталарни мустаҳкамлаш, сайёҳлар сонини ошириш, туризм хизматлари сифатини такомиллаштиришга хизмат қилишини айтган.
Томонлар ҳамкорликда сайёҳлик йўналишларини ишлаб чиқиш ва тажриба алмашишга келишиб олган.
Маълумот ўрнида, жорий йил 16 ноябрдан Олмаота – Туркистон – Тошкент – Олмаота йўналиши бўйича илк темирйўл саёҳат дастури йўлга қўйилди. «Jibek joly» («Ипак йўли») дея рамзий номланган поезд қатнови икки давлат ўртасида сайёҳлар алмашувини янада жонлаштиришга хизмат қилиши кутилмоқда.
Аввал хабар берганимиздек, жорий йил 8 август куни Остона шаҳрида президентлар Шавкат Мирзиёев ва Қосим-Жўмарт Тўқаев раислигида бўлиб ўтган Олий давлатлараро кенгашнинг биринчи мажлисида ҳам кўплаб йўналишлар қатори туризм соҳасидаги алмашинувларни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилганди.
Cўнгги йилларда икки давлат ўртасида сайёҳлар алмашуви кенгайиб бормоқда. Маълумотларга қараганда, жорий йилнинг биринчи ярмида Ўзбекистонга 668 мингдан зиёд қозоғистонлик ташриф буюрган. 6 ой мобайнида Қозоғистонга сафар қилган ўзбекистонликлар сони эса 420 минг нафарни ташкил этди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter