Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Муборак, Миришкор ва Касби тумани аҳолисига табиий газ етказиб бериш кўлами оширилади

Муборак, Миришкор ва Касби тумани аҳолисига табиий газ етказиб бериш кўлами оширилади

Фото: Xabar.uz

«Ўзбекнефтгаз» АЖ томонидан Қашқадарё вилоятига ташкил этилган пресс-тур давомида матбуот вакиллари Муборак туманида бўлишди.

Муборак газ ва нефт қазиб чиқариш бошқармаси бош муҳандиси Бегимқул Султонов томонидан Xabar.uz'га маълум қилинишича, ташкилотнинг ички имкониятлари эвазига Қашқадарё вилоятининг Муборак, Миришкор ва Касби туманлари аҳолисини табиий газ билан таъминлаш кўламини ошириш имконияти мавжуд.

— Муборак туманида қатлам босими пасайиб кетгани туфайли консервация қилинган табиий газ қудуқлари мавжуд. Ушбу қудуқлардан чиқадиган газ босими паст бўлгани туфайли магистрал тармоқққа уланиш мумкин эмаслиги боис фойдаланиш тўхтатилган эди.

Корхонамиз ташаббуси билан ушбу қудуқлар очилиб, аҳолининг газ таъминотини ошириш чоралари кўрилмоқда. Шу мақсадда газни цеолитли қурутиш ва тозалаш қурилмаси бунёд этилди. Ушбу қурилма бир кунда 300 минг куб газни тозалаб, аҳолига етказиб бериши мумкин.

Ҳозирча кунига 100 минг куб газ қайта ишланиб, Муборак тумани аҳолисига берилмоқда. Қурилманинг имконияти эса анча юқори. Айни вақтда Миришкор ва Касби туманларига ҳам табиий газни йўналтириш ишлари олиб борилмоқда.

Бу ташаббус билан биз бир қатор ютуқларга эришамиз. Биринчидан, аҳолига табиий газ етказиб бериш кўлами оширилади. Иккинчидан эса Муборак газ ва нефтни қайта ишлаш заводида тайёрланган газни тўлиқ экспортга ва ишлаб чиқаришга йўналтириш имкони пайдо бўлади. Табиийки бу билан корхонамиз даромади ҳам кўтарилади, — дейди Бегимқул Султонов.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг