Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

«Ўзбекнефтгаз»: Бошқарув раиси бошчилигида Қашқадарёдаги махсус штабда геология-қидирув ишлари муҳокамасига доир сайёр йиғилиш ўтказилди (фото)

«Ўзбекнефтгаз»: Бошқарув раиси бошчилигида Қашқадарёдаги махсус штабда геология-қидирув ишлари муҳокамасига доир сайёр йиғилиш ўтказилди (фото)

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2020 йил 12-13 ноябрь кунлари Қашқадарё вилоятига ташрифи давомида углеводород хомашё захираларини ошириш, табий газ қазиб чиқариш ҳажмларини кўпайтириш бўйича берган топшириқларни ижросини таъминлаш мақсадида жойларда олиб борилаётган ишлар ҳолати ўрганилди.

Қилинган ҳар бир иш ва режалаштирилган вазифаларни жойида ўрганиш мақсадида, «Ўзбекнефтгаз» АЖ Бошқаруви раиси Меҳриддин Абдуллаев бошчилигида Қашқадарё вилоятида ташкил қилинган Махсус штабда сайёр йиғилиш ўтказилди.

Муҳокамалар асосида ўтказилган учрашувда углеводород хомашё захираларини ошириш бўйича масъул бўлган Ўзбекистон Республикаси Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитаси раисининг ўринбосари Нодир Муҳутдинов, «Нефть ва газ илмий-тадқиқот, лойиҳалаш институти» раҳбари Улуғбек Назаров, «Ўзбекгеофизика» АЖ раҳбари Анвар Тошқулов, «Нефть ва газ конлари геологияси ҳамда қидируви институти» раҳбари Равшанжон Юсупжоновлар иштирок этишди.

Ўрганиш давомида, жорий йил бошидан буён бажарилган геология-қидирув ишларининг бугунги ҳолати, 2020 йилда углеводород захираларини кўпайтириш ишларининг натижалари, бу борада 2021 йилда белгиланган вазифаларни амалга ошириш мақсадида олиб борилаётган ишлар, шунингдек, геология-қидирув ишларини самарали ташкил этиш ва жадаллаштириш масалалари кўриб чиқилди.

Шунингдек, 2020 йилда геология-қидирув ишларини олиб бориш ва ривожлантириш ишларига «Ўзбекнефтгаз» АЖ томонидан ўз вақтида етарли миқдордаги молиявий маблағларнинг йўналтирилиши натижасида 750 кв. км 3Д сейсмик-қидирув ишларининг бажарилганлиги, 6 та янги майдонлрнинг бурғилаш ишларига киритилганлиги, 76 минг пог. метрдан ортиқ бурғилаш ишлари амалга оширилганлиги, 33 та қудуқлар қурилиш билан тугатилганлиги ва бунинг натижасида 1 та «Ўртақум» янги кони очилиб, яна 2 та «Ўртабулоқ» майдонининг терриген юра ётқизиқларида ҳамда «Жанубий Аққум» майдонида – янги табиий газ захиралари аниқланганлиги ва якунда 20,1 млрд куб метр табиий газ ҳамда 1,0 млн тонна суюқ углеводород захиралари ўстирилганлиги қайд этиб ўтилди.

«Ўзбекнефтгаз» АЖ томонидан қудуқларни бурғилашни ўз вақтида ташкил қилиш мақсадида зарур материал-техник ресурсларни сотиб олиш учун 65 млн долларлик шартномалар тузилиб жиҳозларни етказиб бериш ишлари бошланди.

Бу борада қилинган ишлар, белгиланган вазифалар борасида «Ўзбекнефтгаз» АЖ Геология департаменти раҳбари Гулмурод Мавлонов ўз ҳисоботини тақдим қилди.

2021 йилда янги конларни очиш ва захираларни кўпайтириш мақсадида «Шўртан» ва «Учқир» конлари ҳамда уларнинг атрофидаги ҳудудларда 1370 км. кв 3Д сейсмик-қидирув ишларини бажариш, жамият балансидаги 4 та ҳамда Давлат геология қўмитаси томонидан таклиф этилган 15 та, жами 19 та янги майдонларда 170 минг погон метр ҳажмда излов-қидирув бурғилаш ишлари олиб бориш, 50 та излов-қидирув қудуқларини қурилиш билан тугатиш мўлжалланган.

Бунда ва бурғилаш жараёнларини узлуксиз ташкил этиш, тегишли мутахассисларни жалб этган ҳолда бажарилаётган ишларни ҳар бир ҳудуд кесимида алоҳида ўрганиш натижасида йил якунига қадар 35 млрд куб метр табиий газ ва 900 минг тонна суюқ углеводород захираларини кўпайтириш белгилаб олинган.

«Ўзбекнефтгаз» АЖ Бошқаруви раиси томонидан геология-қидирув ишларининг натижадорлиги майдонлардаги бурғилаш дастгоҳларининг етарли даражада моддий-техник ресурслар билан таъминланганлигига боғлиқ эканлиги таъкидланиб, бу борада юзага келаётган муаммоларни бартараф этиш бўйича ишлаб чиқилган тадбирлар муҳокама қилинди ҳамда тегишли раҳбар ва масъул мутахассисларга зарур кўрсатмалар берилди.

«Ўзнефтгаз бурғилаш ишлари» корхонаси раҳбари Улфат Амоновга бу борада мавжуд камчиликларни ҳал қилиш мақсадида керакли топшириқлар берилди.

«Ўзбекнефтгаз» АЖ Бурғилаш ишларини мувофиқлаштириш департементи Элёр Маматовга бурғилаш ишларини тез ва сифатли бажариш учун барча имкониятларни ишга солиш бўйича топшириқлар берилди.

Геология-қидирув ишлари доирасидаги бурғилаш ва бошқа зарур ишларни бажаришга 10 га яқин бурғилаш, геофизика ва илмий-тадқиқот ишларига ихтисослашган корхоналар пудратчи сифатида жалб этилган.

Ўрганишлар давомида геология-қидирув ишларини жадаллаштириш борасида Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитаси билан йўлга қўйилган ҳамкорлик масалалари муҳокама этилди.

Шунингдек, «Ўзбекгеофизика» АЖ ва «Нефть ва газ конлари геологияси ҳамда қидируви институти» давлат корхоналари томонидан буюртма асосида бажарилаётган ишлар ва тадқиқотларнинг самарадорлиги масалалари ҳам таҳлил қилинди.

«Ўзбекгеофизика» АЖ ва «Нефть ва газ конлари геологияси ҳамда қидируви институти» томонидан «Ўзбекнефтгаз» АЖ маблағлари ҳисобига бажарилаётган ишларга замонавий геофизик ускуналар ва энг янги технологиялардан фойдаланган ҳолда нефть ва газ соҳасида кенг кўламли қидирув ишларини амалга ошириш кераклиги таъкидланди.

Бу борада «Ўзбекнефтгаз» АЖ томонидан геология-қидирув ишлари дастури доирасида 40 дан ортиқ шартномалар молиялаштирилаётганлиги ушбу ишларни бажариш учун мустаҳкам замин яратиши алоҳида таъкидланди.

Ўз навбатида, дастурий комплексларни қўллаш орқали уларни замонавий талабларга мос ҳолда амалга оширишни бошлаш зарурлиги қайд этилди.

Сўнгги йилларда янги конларини очишни илмий асослаш ва геология-қидирув ишларининг янги йўналишларини аниқлаш бўйича тадқиқотлар етарли даражада пухта бажарилмаётганлиги ва бу ишларга янгича ёндашиш зарурлиги, захираларни ҳисоблаш ишларидаги бир қатор камчиликларни бартараф этиш лозимлиги, излов-бурғилаш ишларини лойиҳалаштириш ишларини замонавий даражада қайта ташкил этиш талаб этаётганлиги, шунингдек, 3Д сейсмик-қидирув ишларини бажаришни янги босқичга кўтариш талаб этилаётганлиги таъкидланди.

Бошқарув раиси томонидан «Ўзбекнефтгаз» АЖ Конларни ишлатиш департементи раҳбари Сирожиддин Маллаев ва Шўртан, Устюрт, Газли, Водий, Муборак нефть ва газ қазиб чиқариш бошқармалари Бош геологларига геология-қидирув ишлари натижасида очилган янги конлар ва маҳсулот олинган қудуқларни қисқа муддатларда ишлаб чиқаришга жалб қилиш ва бу орқали табиий газ қазиб чиқаришни кўпайтириш, жойларда олиб борилаётган ишларнинг натижадорлигига эришиш, ишларни жадаллаштириш борасида тегишли кўрсатмалар берилди.

Жойлардаги ишчи-ходимлар ва мутахасcисларнинг самарали ишлаш ва дам олишлари учун яратилган шароитларни ҳам кўздан кечириб, уларнинг саломатлиги энг муҳим масалалардан бири эканлигини таъкидланди.

Ташкилотлар раҳбарлари ва масъул ходимларга ишлаб чиқариш жараёнларини барча зарур анжомлар билан таъминлаш ҳамда саноат ва техника хавфсизлиги талабларига қатъий риоя қилиш устидан назоратни кучайтириш вазифаси топширилди.

«Ўзбекнефтгаз» АЖ томонидан геология-қидирув ишларини жадаллаштириш, захираларни ўстириш ва углеводород хомашёси қазиб олишни қўпайтириш борасидаги амалий ишлар давом эттирилмоқда.

Нефть ва газни қазиб чиқариш ва қайта ишлашга инновацион технологияларни жорий қилишда, лойиҳалаштириш ва илмий кузатувга эътибор берилиб, айни шу орқали нефть ва газ конларини очиш, самарадорлигини орттириш, углеводород хомашёси захирасини кўпайтириш режалаштирилган.

«Ўзбекнефтгаз» АЖ Матбуот хизмати

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг