Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Ҳоким карантин эҳтимоли юзага келганда нималар қилинишини айтди

Ҳоким карантин эҳтимоли юзага келганда нималар қилинишини айтди

Наманган вилоят ҳокими вазифасини бажарувчи Шавкат Абдураззоқов Халқ депутатлари кенгашида озиқ-овқат хавфсизлигига қаратилган сессияда ҳисобот берди.

ПРЕЗИДЕНТ ТОПШИРИҒИ ҲАҚИДА
Захирани шакллантириш ҳақида олдин ҳам чора-тадбирлар бўларди. Аммо ўтган йиллар давомида топшириқлар қоғозда қолиб кетди. Тадбиркор кредит ололмасдан, омбор топа олмасдан ва бошқа муаммолар боис захира маҳсулотини ярата олмай қоларди.

Президент топшириғига кўра энди ҳокимликлар томонидан жамғарма ташкил этиладиган бўлди.

Бизда асосан нарх-наво янги йил ва бошқа байрамлар арафасида кўтарилади ва шунга тайёр туришимиз керак. Бунинг учун вилоят бюджетидан 15 миллиарддан 25 миллиард сўмгача ажратилади.

ГЎШТ НАРХИ ҲАҚИДА
Наманганда энг катта хавотирга соладиган тўртта маҳсулот — гўшт, гуруч, шакар ва ёғ. Бу маҳсулотлар етарли бўлиши учун керакли чора-тадбирлар ишлаб чиқилди. Энг аввало гўшт тақчиллигини бартараф этиш лозим. Бунинг учун иккита фермер хўжалиги танлаб олиниб, улар ёрдамида хориждан қорамол олиб келинмоқда.

Гўшт нархи 45-50 минг оралиғида ушлаб турилади. Тадбиркорга ссуда ажратиб берилади ва Қирғизистондан гўшт олиб келинади.

Илгари Чорсу бозорида гўшт павилони бўларди. Шундай бозорга кирганингизда, тўғрида жойлашганди. Қассоблар бир жойда экани туфайли рақобат бор эди, нарх ҳам барқарор турарди. Мана шу устунликни йўқотиб қўйганмиз. Ҳар бир бозорда гўшт ва сут павильони ташкил этиш лозим. Бунинг учун тегишли мутасаддиларга бир ҳафта муддат берилади.

ТОМОРҚА ЕРЛАРИ ҲАҚИДА
Ҳар бир маҳаллада енгил типда экобозор ташкил этилади. Аслида аҳолимиз аллақачон бундай бозорларни йўлга қўйган. Биз қурилиш-архитектура билан келишган ҳолда, яхши дизайнда қуриб бермоқчимиз. Насиб қилса 1 ноябрда ишга тушади.

Вилоятда 35 минг гектар томорқа ерлари мавжуд. Эътиборли томони, пахта майдонимиз 70 минг гектар. Томорқалар пахта майдоннинг ярмича келади. Лекин аҳоли ихтиёридаги ерлардан унумли фойдалана оляпмизми, мана шу саволга жавоб йўқ.

Нима учундир ҳовлига кўкат, помидор ёки узум экиб қўйишни эсдан чиқариб қўйдик. Илгари райҳон, укроп ва тухум олиш учун ҳеч ким бозорга бормасди.

БОЛА ТАРБИЯСИ
Талаб кўп бўлса, нарх ҳам ошади. Биз талаб ошган вақтда таклифни кўпайтириб, вазиятни ўнглашимиз керак. Тақчил бўлган маҳсулотни бозорда кўпайтириш орқали нархни туширмоқчимиз. Шунингдек, халқимиздан ҳам томорқа ерларидан самаралироқ фойдаланишни сўраган бўлардим.

Томорқа борми, демак керак маҳсулотни уйда етиштиришни ўрганиш лозим. Томорқани обод қилсак, фарзандларимиз ўрнак олади. Бола ҳамма нарсани ота-онадан ўрганади. Охирги вақтларда ер чопган йигитни айниқса шаҳарда кўрмай қолдик. Бу масалада ҳаммамиз — маҳалла, нуронийлар, депутатлар ҳаракат қилишимиз керак.

Вилоятда ўрнак бўладиган ҳудудлар бор. Бешкапа қишлоғида ҳамма хонадонда иссиқхона бор. Ғалчада шунақа гул етиштириладики, бутун вилоят олади. Учқўрғонда қулупнай экилади, Тўрақўрғонда гилос. Бошқалар ҳам ўрнак олиши лозим.

ОЛИБСОТАРЛАР
Яна бир масала борки, кўп бозорларда расталар олибсотар қўлига ўтиб кетган. Эрта тонгда ҳақиқий деҳқон келиб, маҳсулотини сотишга ҳаракат қилади. Аммо унинг молини олибсотар олиб қўйиб, икки баробар қимматига сотади. Деҳқонни бозорга киритмайди. Агар шуни майда иш демай, аралашсак, ҳал қилиб берсак, нарх тушган бўларди.

Нима учун қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари учун улгуржи бозор ташкил қилмаймиз? Деҳқон шундай қопини ерга қўйиб, сотса бўлади-ку! Илгари шунақа бозорлар бўларди, ҳозир йўқ.

Деҳқонга жуда қийин. Бечора жой топа олмасдан бозор ўртасидаги йўлакка қопини қўйиб сотади. Эрталаб соат 8 дан ошгач «бозоркомлар» уларни қувишга тушади. Маҳсулотини эса олибсотарлар олиб қўяди.

Шу масалада масъулларга топшириқ, деҳқон учун жой қилиб бериш керак. Қолверсак, одамларга ҳам қулай, бир-икки қоп сабзавотни бирдан олиб кетади ва бозорга ҳар куни келавермайди.

Чорвадорларимиз учун эса бозорнинг энг яхши еридан жой ажратиб берамиз. Улар ҳар битта бозорда қандай жойга эга бўлишини олдиндан билишлари шарт.

СУПЕРМАРКЕТДАГИ НАРХЛАР ҲАҚИДА
Супермаркетларда нарх баланд эканига келсак. Гўштнинг шундай қисми бўладики, дарҳақиқат қиммат юради. Монополияга қарши кураш қўмитаси вазиятни ўрганади, албатта. Аммо бир нарсани тўғри тушуниш керак — аксарият аҳоли гўштни бозордан сотиб олади. Ким супермаркетдан олгиси келса, марҳамат. Бозордан олмоқчи бўлганларга эса арзон нархда етказиб берамиз.

КАРАНТИН ЭҲТИМОЛИ ҲАҚИДА
Карантин қоидалари жорий этилиб қолса, қанақа чора-тадбирлар кўрилади? Аввало яхши ният қилайлик, карантин бўлмасин. Ҳукумат талаби шунақа, пандемия вақтида эхтиёт чораларини кўриб яшаш ва ишлашни ўрганишимиз лозим. Гигиена ва ниқоб тизимига риоя қилиш шарт.

Мабодо карантин жорий этилган тақдирда ҳозир кўрилаётган чоралар унга ҳам боғлиқ. 25 миллиард сўмлик захира нима учун керак? Аҳоли таъминоти учун, албатта. Аввал ҳеч шунақа бўлганми? Бўлмаган. Фақат тадбиркор қишга захирани таваккал олиб қўярди ва фойда қилса келаси йил яна оларди.

Энди эса бунга Давлат даражасида катта эътибор қаратилган. Барча захиралар шунинг учун тайёрланмоқда. Шунинг учун хавотирга ўрин йўқ, биз имкон қадар барча нарсага тайёр турамиз.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг