Қиролича Елизавета II даврида неча нафар давлат ва ҳукумат раҳбари алмашди (инфографика)
Буюк Британия ва Шимолий Ирландия қироличаси Елизавета II тахтга ўтирганига бир кам 70 йил тўлди. «Reddit» сайтида эълон қилинган инфографикада Елизавета II тахтда пайти Буюк Британия, Германия, Франция, собиқ Иттифоқ/Россия ҳамда АҚШда неча нафар ҳукумат ва давлат раҳбарлари алмашгани кўрсатилган.
Елизавета II 1952 йилнинг 6 февралида Қўшма Қироллик тожини кийган.
Ёшгина Елизавета (25 ёшда) қиролича бўлганида дунё Черчилль, Сталин, Трумэн каби сиёсатчилар қўлида эди. Орадан 69 йил ўтди — 21 апрель куни 95 ёшини қаршилайдиган қиролича ҳамон тахтда.
Елизавета II даврида:
- Буюк Британияда 15 нафар бош вазир алмашди: энг узоқ вақт «темир хоним» Маргарет Тэтчер (11 йил) ҳукуматни бошқарди, Тони Блэр ҳисобида эса 10 йил бор.
- Германияда 8 нафар канцлер ўзгарди: ҳукумат тепасида энг кўп турганлар — Гелмут Кол (16 йил) ва ҳозирги канцлер Ангела Меркел (16 йил).
- Франция тепасига 10 нафар президент келди: энг кўпи Франсуа Миттеран (14 йил) ва Жак Ширак (12 йил).
- Ҳатто «кўп ўтириш»да донғи чиққан Собиқ Иттифоқ/Россия етакчиларининг кўрсаткичлари ҳам Елизавета II га солиштирилганда, арзимас рақамларга айланиб қолади: КПСС МҚ бош котиби Леонид Брежнев — 16 йил, Россия етакчилиги амалда (1999 йил 31 декабрида президентликни қабул қилган, ўртада 2008 — 2012 йилларда ҳукуматни бошқарган ва яна президентликка қайтган) 20 йилдан бери Владимир Путин қўлида. Жами 11 марта давлат раҳбари алмашган.
- 20 январь куни инаугурацияси ўтказилган Жозеф Байден эса Елизавета II даврида АҚШ тепасига келган президентларнинг ўн тўртинчиси. Булар орасида яққол етакчи йўқ — энг кўп ўтирганлари 8 йил (Дуайт Эйзенхауэр, Роналд Рейган, Билл Клинтон, Жорж Буш (Кичик), Барак Обама).
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter