Ва ниҳоят... 44 ёшида фуқаролик паспортини олади
Андижон вилояти Балиқчи тумани Сирмоқ маҳалласи Обод турмуш кўчаси 53-уйда истиқомат қилувчи Абдувоҳид Усмонов 1974 йил 16 январда туғилган. 25-ўрта мактабни 1991 йили тугатди. Йўлдош Охунбобоев ширкат хўжалигида меҳнат қилди. 1996 йили Саодат Усмоновага уйланди. Иккита фарзанди (бир қиз, бир ўғли) бор. 2012 йили улар ўзаро келишолмай ажрашишди. 2012 йил август ойида иккинчи марта турмуш қурди. Ҳозир Наргиза Саримсоқова билан турмушидан битта фарзанди бор.
— Мен ҳозир 44 ёшга кирдим. Аммо ҳалигача Ўзбекистон паспортини ололганим йўқ, — дейди у хафа аҳволда.
— Бунга нима тўсқинлик қилаяпти?
— 1991 йилнинг бошида собиқ СССРнинг паспортини (VI-4 c 593790) олган эдим. 1994 йилгача уни алмаштириш керак экан, билмай юраверганмиз. 1996 йили уйланганимда никоҳ қоғозини олмаганмиз. Биринчи фарзандим 1998 йилда туғилишидан икки ой олдин бориб никоҳ тузилганлиги ҳақидаги гувоҳномани олдим. 1999 йили ўша паспортимни ҳам йўқотганман. Паспортим бўлмаганлиги сабабли биринчи никоҳдан ҳам қонуний ажраша олмадим. Алимент пулини тўлай олмадим. Натижада биринчи хотиним судга даъво қилди. Кейинчалик алимент пулини сўрамаслик шарти билан 8 сотихли уйнинг 6 сотихини унга бердим. Иккинчи оилам билан фақат шаръий никоҳ асосида яшаяпман. Натижада 2014 йилда туғилган Зарина қизимни туғруқхонадан онасининг фамилиясига расмийлаштириб олиб чиқишга мажбур бўлдим.
Ўзим мавсумий ишлар билан шуғулланиб юраман. Ишчи гуруҳи хонадонимга кириб менинг муаммомни аниқлади. Профилактика инспекторимиз, катта лейтенант Шоҳрух Матбобоевга учрадим. У менинг муаммомни эшитиб, 25 май куни маъмурий баённома расмийлаштирди ва Маъмурий-жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 223-моддасига асосан 172240 сўм жарима солди. Паспорт столига бориб, ўн фоизлик давлат божини тўладим. Ўзи ҳужжат ишларига кўп ҳам тушунавермайман. Паспорт олишни жуда-жуда истайман. Бир ерга чиқиб ишлай олмаяпман. Фермердан ижарага ер олганман. Ўша ерда кунимни амал-тақал қилиб ўтказиб келаяпман. Олисроққа кета олмайман. Аввало ўзим эътиборсизлик қилдим.
Эътиборсизлик, лоқайдлик, ўз тақдирига бепарволикни албатта оқлаб бўлмайди. Аммо бу масала бўйича ойдинлик киритишни сўраб Балиқчи тумани ички ишлар бўлими миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлими бошлиғи, лейтенант Акмал Жалиловга мурожаат қиламиз.
— Туманда 128 803 та паспорт ёшидаги аҳоли бор, — дейди у. — Секторлар йўналишида, паспорт режими тартибида уйма-уй юришларимиз натижасида 2018 йилда 211 та паспорт қоидасини бузиш, жумладан паспортни яроқсиз ҳолатга келтириш, амал қилиш муддатини ўтказиб юбориш, бепарволик оқибатида йўқотганлик ҳолатлари аниқланди.
Ушбу фуқарога хулоса асосида Ўзбекистоннинг янги турдаги биометрик паспортини олиш учун ҳужжатлар расмийлаштирилди. Биометрик паспорт келгунига қадар шахсини тасдиқловчи ҳужжат (форма — 9) берилди. Шу билан бирга «Сирмоқ» МФЙ профилактика инспектори томонидан Маъмурий-жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 223-моддасига асосан ёзилган 172240 сўм жаримани ундиришда фуқаронинг эҳтиёжманд оила эканлиги ҳисобга олинди.
Балиқчи тумани маъмурий судига Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 308-моддасига асосан енгиллаштирувчи маъмурий чора кўриш мақсадида юборилди. Суд қарори билан огоҳлантириш чораси кўрилса, фуқаро жаримадан озод қилинади.
Шу тариқа 44 яшар Абдувоҳид Усмонов фуқаролик паспортини олишга жуда яқин турибди. Ишчи гуруҳ уйига кирмаганида ким билсин, бу муаммоси яна қанча муддат ўз ечимини топмай ётарди.
Лазиз Раҳматов, журналист.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter