Суд уч нафар «гашиш» ташувчига ҳукм чиқарди
Бухорода «гашиш»дан тирикчилик қилиб келган уч шахс қамалди. Бу ҳақда «Xabar.uz»га Жиноят ишлари бўйича Ғиждувон туман суди раиси Бобир Умаров маълум қилди.
Таъкидланишича, Сурхондарёлик фуқаро О.Т. ҳамда Т.Т. Бухоро шаҳрилик И.Ч. билан бир-бирлари «гашиш» гиёҳвандлик воситасини ўтказишиб туришган.
Суд ҳужжатларига кўра, жорий йил бошида О.Т. ҳамшаҳри Т.Т.га полиэтилен пакет ўрамига жойлаштирилган соф вазни 55 граммга тенг бўлган кўп миқдордаги «гашиш» гиёҳвандлик воситасини нақд 1000 АҚШ доллар эвазига сотган. Т.Т. эса йирик миқдордаги бу воситани ўз «мижозларига пуллаб, ҳиссасини ўн чандон ортиғи билан чиқариб олган.
Шундан сўнг, орадан икки ойча вақт ўтиб, О.Т. фуқаро Т.Т.га яна 3 ўрамли 34,05 граммга тенг бўлган воситани 700 АҚШ доллар ва 700.000 сўм эвазига сотишга уринган. Айни шу пайтда, Бухоро вилоят ИИБ ЖҚБ ходимлари томонидан ўтказилган рейд давомида Т.Т. ушланиб, хатти-ҳаракатлари тегишли тартибда ҳужжатлаштирилган.
Суд тергов жараёнларида ўзаро тил бириктирган ҳолда уюшган жиноятчиликка қўл урган икковлоннинг кирдикорлари фош бўла бошлаган. Суриштирув ишлари давомида судланувчи Т.Т. орада учинчи шахс борлигини ҳам айтишга мажбур бўлган. Айбдорнинг сўзига кўра, уларни Бухоро шаҳрилик таниши И.Ч. ҳам қўллаб-қувватлаб турган. И.Ч. улардан олган гиёҳванд воситани икки нафар бегона фуқарога пуллаган. Биринчи фуқарога 14,81 грамм ва кейинги фуқарога 30,37 граммга бўлган кўп миқдордаги «гашиш»гиёҳвандлик воситасини ўтказгани аниқланган.
Ҳар уч айбдор ҳам бир-бири билан доимий алоқада бўлиб, кўплаб гиёҳванд моддалар олди-соттиси билан шуғулланиб келишган.
Суд ҳукмига кўра, О.Т.га нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг тегишли моддаси қўлланилиб, 8 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган. Шунингдек, Т.Т. 6 йил муддатга, И.Ч. эса 3 йил муддатга озодликдан маҳрум қилинган.
Улар тайинланган жазони умумий тартибли колонияларда ўтайдиган бўлишди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter