Собиқ прокурор Ихтиёр Калонов: «Оқланишни истайман»
Халқимизда «Ўт балосидан, сув балосидан туҳмат балосидан асрасин», деган кўҳна мақол бор. Бу балоларнинг балолиги шундаки қутулиш мушкул. Барча фалокатлар ўз домига катта куч билан тортиб кетади, қанчадан-қанча мусибат келтиради, қалбда ўчмас доғ қолдиради, инсонга азиз бўлган соғлиғидан, келажагидан, орзуларидан айиради.
Таҳририятга хат келди
Мактубни ёзган аёл — Зебо Калонова турмуш ўртоғи Ихтиёр Калоновнинг оқланишини сўраган. Қисқача мазмуни:
«Турмуш ўртоғим И.Калонов 2011-2012 йилларда жиноят ишлар бўйича Миробод суди томонидан Ўз.ЖКнинг 25-168 моддаси, 3-қисми «а» банди, 25-211 моддаси 3-қисми «а», «в» бандлари билан ноқонуний жиноий жавобгарликка тортилиб судланиб, жиноий ишлар бўйича Тошкент шаҳар судининг 2020 йил ажрими билан ушбу ноқонуний ҳукм ўз кучида қолдирилди...»
«Виждоним қийналиб кетди»
Ишни ўрганиш жараёнида Қашқадарё вилояти, Қарши шаҳрида яшовчи фуқаро Акрам Раимовнинг видео суҳбати эътиборни тортади. Акрам Раимов айнан Ихтиёр Калоновнинг жиноий жавобгарликка тортилишига ўзи сабабчи бўлганини, МХХ ходимлари И.Калоновни қўлга тушириш учун А.Раимовдан фойдаланганини, эндиликда виждони қийналаётганини айтади. Унинг аризасида 2011 йил октябр ойида МХХ ходимлари келиб 20 йилдан бери ошно бўлиб юрган И.Калоновни ушлаб бериши кераклигини, бўлмаса Ғузор тумани ИИБдаги 3.000 АҚШ доллари олганлиги ҳақида ариза бўйича суриштирув кетаётгани ва узоқ муддатга қамалиб кетиши мумкинлиги билан таҳдид қилинади. Улар мендан «И.Калонов «Руиддин» исмли шахсни гиёҳванд модда билан қўлга олинганлик ишида аралашмоқчи бўлаётганини, 15.000 доллар сўраётибдими ёки йўқми», деб сўрашди. Мен «бу гаплардан хабарим йўқ», дедим. Шундан сўнг улар, яъни ўзини «Элбек», «Санжар», «Зиёдулла» деб таништирган МХХ ходимлари унга И.Калонов билан пул масаласида гаплашишни ва билдирмасдан диктофонга ёзиб олишни айтишади. Қизиғи, диктофон берилиши пайтида ҳеч қандай холислар иштирок этмайди. Шундан сўнг А.Раимов қўлига тутқазилган диктофон билан Ихтиёр Калоновга учрашади.
«Тадбирда ушлаб бермасам, мени ЖКнинг 211-моддаси билан жиноят иши қўзғатиб жавобгар қилишини айтди, эртасига диктофон олиб И. Калоновни уйига бордим. У билан бирга нонушта қилдик, турли мавзуларда суҳбатлашиб ўтирдик, бу орада мен «Руиддин»ни ишини ҳал қилиб беришини сўрадим. И.Калонов менга бу ишга мени аралашмаслигимни, ўзи ҳам аралашмаслигини айтди».
Шундан сўнг МХХ ходимлари ашёвий далилларга ишлов беришади. И.Калоновнинг уйда эмаслигини билиб уйи томон боришади. А.Раимовнинг видеосида МХХ ходимларининг «И.Калонов барибир пулни олмайди, аёлига берамиз» дейди. Аёли эса хонадонига қадрдон одамга айланган, бозор-ўчарига ёрдам бериб юрадиган бу одамнинг қўлига тутқазган қора пакетни ҳеч қандай шубҳага бормасдан олиши табиий ҳол аслида...
Энди гапни И. Калоновнинг турмуш ўртоғи З.Калоновадан эшитамиз.
«Тахминан кечки соат 9 атрофида А.Раимов «эшикни очинг» деди, эшикни очдим, қўлимга қора пакетни тутқазиб, акам бервордилар, деди. Мен хўжайиним ҳар доим бозордан у бу нарса берворгани, уйимизда доимо рўзғор ишларига қарашиб юргани учун қўлидан олишим билан 15-20 чоғли киши камералар билан кириб менга ташланишди. Сочимдан юлиб қўлимга кишан солиб, уриб кетишди. «Бу нима?», деб сўрашди.
Воқеаларнинг ривожи мана шу ердан бошланади. Нима бўлаётганини тушунмаган аёлни бир бинога олиб боришади, 3-қаватга олиб чиқишади, бошига уришади, сочидан тортишади, «мана бу кўрсатмаларга қўл қўйсанг эрингни ҳам, сени ҳам қўйиб юборамиз», дейишди. Уйига тезроқ кетишни истаган, қўшни хонада эрини бошқа урмасликларини, қийналишини кўрмаслик учун барча айтилган қоғозларга қўл қўйиб беради. Аммо кейинчалик Зебо Калонова кўрсатмаси куч ишлатиб ёзилганини инкор қилиб бошқатдан кўрсатма беради. «Сизлардан менга куч ва тазйиқ ўтказиб, тан жароҳати етказиб, турмуш ўртоғимга қарши нотўғри кўрсатма олиб, унинг ноқонуний тергов қилиниб, судланганлигини эътиборга олиб тўлиқ оқлашларингизни сўрайман. Ушбу ҳақиқат кўрсатмамни компютерда эмас ўз қўлларим билан, ақлирасо ҳолда тазйиқсиз ёздим». Аммо бу кўрсатма эътиборсиз қолдирилади.
Орадан уч-тўрт ой ўтгач И.Калонов соғлиғи ёмонлашгани боис уй қамоғига ўтказилади. Сентябрь ойида тиббий кўрикдан ўтганида соппа-соғ бўлган, хизматда бўлган И.Калонов январь ойида жигар циррози ташхиси билан шифохонага ётқизилади.
«И.Калонов ҳақида эшитмаганман»
2012 йилнинг январь ойининг 12 куни жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар Миробод тумуни суди томонидан шундай ҳукм қилинади, яъни И.Калонов Ўзбекистон Республикасининг Жиноят Кодексининг 25-168-моддаси, 3-қисмнинг «а» банди ва 28-211 моддаси 3-қисмининг «а,в» бандида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбдор, деб топилади.
Хуллас чиқарилган ҳукм бўйича И.Калонов маълум муддатга ахлоқ тузатиш ишлари, ойлик иш ҳақининг маълум фоизи давлат ҳисобига ўтказиш ва маълум муддатга прокуратура органларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилинади.
Аниқланишича, И.Калонов ўзганинг мулкини алдаш ва ишончини суистеъмол қилиш йўли билан М.Чориеванинг турмуш ўртоғи Р.Жўраевни оғир жиноят содир этганликда гумонланаётганини, уни тибиий йўсиндаги мажбурий даволаниш муассасасига жойлаштириб, кейинчалик қўлланилган қамоққа олиш эҳтиёт чорасини ўзгартириб, Тошкент вилояти судининг раисига 15.000 АҚШ доллари миқдоридаги пулларни пора бериш эвазига очиққа чиқариб бериши ҳақида ваъда берганмиш.
Шу ерда яна бир савол туғилади. Суд залидан олинган видео тасвирда М.Чориева И.Калоновни биринчи марта кўриб турганлигини, ўртада воситачи бўлган А.Раимов И.Калонов деган одамнинг отини айтмаганини, бу исмни ҳеч қачон эшитмаганини, А.Раимов унинг турмуш ўртоғини қамоқдан қутқариб қолиш учун 15.000 АҚШ доллари эмас, балки 10 млн. сўмми ёки 20 млн. сўмми деб айтганини 2020 йил Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган суд жараёнида тан олади. Судянинг ўша пайтлари нега бошқача кўргазма бергансиз, деган саволига «мен муолажа олаётган эдим, томчи дорида ётганимга қарамай тезликда қўл қўйдириб олишди, нимага қўл қўйганимни ҳам билмайман», деб жавоб беради.
И.Калоновнинг турмуш ўртоғи З.Калонованинг кўрсатмасида ҳам шунга ўхшаш ҳолатни кузатишингиз мумкин: «Судда турмуш ўртоғимни олиб келишганда унинг юзлари қорайиб, қоринлари шишиб, озиб кетганини кўрдим. Судда судя мендан терговда берган кўрсатмангизни тасдиқлайсизми деб сўраганида, мен турмуш ўртоғимга яхши бўлади деб ўйлаб, тасдиқлашимни, кўрсатма нотўғри бўлса-да тасдиқлашимни айтганман». Эътибор берингга, З.Калонова «кўрсатмам нотўғри бўлса-да турмуш ўртоғимга яхши бўлиши учун тасдиқлаганман», деб алоҳида таъкидлаяпти.
65 фоиз жигарини отасига берган қиз
Муттасил калтаклардан соғлиғига путур етган И.Калонов 2013 йил октябрь ойида Ҳиндистонда жигар трансплантацияси, яъни 18 соатлик операцияни бошидан ўтказади. Ана шундай қилиб, И.Калонов 2-гуруҳ ногиронига айланади.
Донор топиш, топилганда ҳам узоқ вақт кутиш, қолаверса, маблағ муаммоси олижаноблик туфайли бир пасда ечим топади. И.Калоновнинг 21 ёшли талаба қизи Шаҳноза отаси учун жигарини беради. Бу қизни ҳамма қариндошлар ўртага олиб, балки кейин афсусланишини, соғлиғини йўқотиши мумкинлигини айтганида «отам учун жигаримнинг ҳаммасини беришга розиман», дейди.
Мана, 9 йилдирки, ота-бола ҳар йили бир бор Ҳиндистонга бориб кўрикдан ўтиб келишади. Бунга кетаётган йўл ва тиббий кўрик харажатлари алоҳида бир оғриқли мавзу.
Отаси судлангани туфайли ишга киролмаётган ўғил
Лазиз Ботиров 14 ёшида махсус хизмат одамлари онасини сочидан бураб қўлига кишан тақаётганини кўрди ва онаси ҳимоясига отланди. Аммо онасини сочини тортиб калтаклаётганлар уни белига тепиб қўлини қайириб ушлаб туришди. Ёш бўлишига қарамай, аччиқ мусибатнинг таъмини тотган Лазизни бу кўргуликлар ички ишлар соҳасида ишлаш орзуини кучайтирса кучайтирди, орзусидан қайтаролмади. Ҳуқуқ коллежини тугатган Лазиз омади чопмай ўқишга киролмаса-да, шу соҳада ишлаш учун бир неча бор уриниб кўради. Лекин уни ҳеч қаерга ишга олмайди, сабаби отаси судланган деган гап.
Шу ўринда Президентимиз Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 25 йиллиги арафасидаги тантанали маросимда сўзлаган маърузаларида алоҳида таъкидлаганидек: «Маълумки, давлат органларига кадрларни танлашда эскидан сақланиб қолган, қўштирноқ ичидаги бир «тизим» мавжуд эди. У ҳам бўлса, яқин қариндошлари судланган, деб фуқароларни ишга қабул қилмаслик ёки юқори лавозимларга тайинламаслик билан боғлиқ. Бундай номаъқул ёндашув туфайли кўплаб ёшларимиз, малакали мутахассисларимиз «беайб айбдор бўлиб», яқин қариндошларининг қилмишлари учун жабр тортиб келдилар. Ўзингиз айтинг, бу адолатданми? Менинг фикримча, адолатдан эмас. Нима сабабдан бир жиноят учун бутун бир авлод жавоб бериши керак? Отасининг қилмиши учун нега фарзандлари ёки ака учун ука жавоб бериши керак?»
Генерал Ботир Калонов яқинда 80 ёшни қоралади. Ўғли Ихтиёр Калонов олий маълумот олиб, ишга кирмоқчи бўлганида ишни оддий куръерликдан бошлашини, кейинчалик прокурор ёрдамчиси вазифаларини шаҳар марказида эмас, Муборак тумани чўл ҳудудларидан бошлашни маслаҳат берган.
Куръер, канцелярия инспектори, прокурор ёрдамчиси бўлиб ишлаган Ихтиёр Калонов ҳеч қачон ўзи айтганидек «ишида қолиш ёки мансабга кўтарилиш учун бировнинг бурнини қонатиш» ҳақида ўйламади. Баъзида оқимга қарши сузишига тўғри келди.
Бугун Ихтиёр Калонов битта нарсани истайди: Ҳақиқат юзага чиқишини, жигарини отасига берган қизи Шаҳноза, отаси деб орзу қилган касбида ишлай олмаётган ўғли Лазизбек ва генерал отаси Ботир Калонов олдида юзи ёруғ бўлишини, оқланишни истайди. Зеро, бугунги кун сиёсати, суд-тергов соҳасидаги ислоҳотлар туфайли оқланаётганлар қатори оқланишни, юзи ёруғ бўлишини истайди, ҳақиқат юзага чиқишини истайди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter