Сардоба фожиасига алоқадор икки шахс қамоққа олинди – Бош прокуратура
Бош прокуратура Сирдарё вилоятидаги «Сардоба» сув омбори билан боғлиқ жиноят иши юзасидан тергов ҳаракатлари олиб борилаётганини маълум қилди.
Қайд этилишича, ҳозирда жиноят иши бўйича 2 нафар шахс гумонланувчи тариқасида ишга жалб қилиниб, уларга нисбатан «қамоққа олиш» эҳтиёт чораси қўлланилган.
«Иш бўйича ҳақиқатни аниқлашга тўсқинлик қилиш ҳолатларининг олдини олиш мақсадида бошқа тафсилотлар ошкор қилинмайди. Тергов ҳаракатлари давом этмоқда» – дейилади хабарда.
Эслатиб ўтамиз, жорий йил 1 май куни Сирдарё вилоятидаги «Сардоба» сув омбори ўпирилиши оқибатида сув тошқини юзага келганлиги ҳолати юзасидан ЖКнинг 207-моддаси 1-қисми ва 258-моддаси 2-қисми «б» банди билан жиноят иши қўзғатилгани ҳақида хабар қилинган эди.
Маълум вақт ўтиб, Бош прокуратура «Сардоба иши» бўйича 170 нафар шахс сўроқ қилинганини билдирганди.
Қайд этиш лозим, «Сардоба» сув омбори фожиаси натижасида жами 6 нафар фуқаро ҳалок бўлган (2 нафар аёл, 4 нафар эркак). Бир нафар фуқаро бедарак йўқолган.
Сув тошқинидан Сардоба, Мирзаобод ва Оқолтин туманларидаги 10 та МФЙда (25 та аҳоли пунктлари) 4 351 та хонадонлар зарар кўрган. Хонадонлардан 2 570 таси яроқсиз ва 1 781 тасига қисман зарар етган. Минглаб уй ҳайвонлари сувда оқиб кетган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter