Қўқонда эр-хотинни ваҳшийларча ўлдириб, болаларини боғлаб кетган шахсларга ҳукм ўқилди
Қўқон шаҳрида шу йилнинг 6 январь куни шаҳарнинг Жасорат кўчасида истиқомат қилувчи эр-хотин (иккисининг ҳам ёши 41 да) ўз уйининг ётоқхонасида жонсиз ҳолатда топилгани хабар қилинганди. Марҳумларнинг фарзандлари эса қўл-оёғи боғланиб, оғзи скотчланиб кетилганди.
Жиноят ишлари бўйича Фарғона вилояти суди томонидан ушбу мудҳиш жиноятни амалга оширган уч нафар шахсга суд ҳукми ўқилди.
Маълум бўлишича, судланувчилар, Ўзбекистон туманидан бўлган М.Р, Ф.Т ва С.О. олдиндан тил бириктириб, бир гуруҳ бўлган ҳолда босқинчилик билан ўзганинг мулкини эгаллаш борасида жиноий режа тузишган.
Жорий йилнинг 6 январ куни соат 01:30ларда Қўқон шаҳар Жасорат кўчасида Ф. Н.нинг яшаш хонадонига ўғриликка тушишади. Улар юзларига ниқоб тақиб, қўлларига қўлқоп кийган ҳамда скотч, арқон ва икки дона пичоқ билан қуролланган эди. Бу пайтда уй эгалари уйқуда бўлган. С.О. вазиятни кузатиш учун ҳовлида қолади. М.Р. ва Ф.Т. моддий бойликларни эгаллаш учун уй ичкарисига кириб, ётоқхонага ўтишган. У ерда ухлаб ётган хонадон эгасининг турмуш ўртоғига бир маротаба пичоқ уриб, шовқиндан уйғонган Ф.Н.га ҳам бир неча маротаба пичоқ билан жароҳат етказган. Улар бу ишларидан қониқмай, эр-хотинни ўта шафқатсизлик билан қасддан ўлдиришган.
Судда кўрсатма берган М.Р.нинг айтишича, бошқалардан пул қарзи кўпайиб қолганлиги учун ўзига тўқ оилаларнинг уйига ўғриликка тушишни мақсад қилган. Бу ишга қариндошларини ҳам жалб этиб, Ф.Н.нинг Қўқон шаҳридан уй олишидан хабар топади. Унда катта миқдорда пул борлигини тахмин қилганлигини билдириб, ана шундай жиноятга қўл урган.
Жиноят ишлари бўйича вилоят судининг судьясининг маълум қилишича, суд ҳукми билан М.Р.га узил-кесил умрбод, Ф.Т.га 25 йил, С.О.га эса 23 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter