Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Жиззах ҳокимининг собиқ ўринбосарига нисбатан жиноят иши очилди

Жиззах ҳокимининг собиқ ўринбосарига нисбатан жиноят иши очилди

Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ва Ҳисоб палатаси томонидан Жиззах вилоят ҳокимлиги «Ягона буюртмачи хизмати» инжиниринг компанияси буюртмачилигидаги қурилиш объектларида давлат харидлари, давлат мулкини бошқариш ҳамда ундан фойдаланишда қонун ҳужжатларига риоя этилиши ўрганилган.

Ўрганишлар натижасига кўра, давлат харидлари жараёнларининг амалга оширилишида аффилланганлик хусусиятига эга алоқалар мавжудлиги, бунга тегишли мансабдор шахслар томонидан қонуний муносабат билдирилмагани, танлов ҳужжатларини сохталаштирганлик каби ҳолатлар аниқланди.

Қайд этилишича, танлов комиссияси аъзолари қурилиш объекти бўйича танловда иштирок этган барча талабгорларнинг («Qurilish ta’minoti» кўп тармоқли ишлаб чиқариш корхонаси, «Kamol» кўп тармоқли қурилиш корхонаси ва «Abduvohid Qurilish Ta’mir» МЧЖлар) 100% улуши танлов комиссияси раиси (вилоят ҳокимининг собиқ ўринбосари) А.Р.нинг яқин қариндошларига тегишли бўлганини била туриб, бунга бирон-бир қонуний муносабат билдирмаган ва баённомага бу ҳақдаги маълумот киритилмаган.

Шунингдек, танлов ҳужжатларини ўрганиш давомида ғолиб деб топилган «Qurilish ta’minoti» кўп тармоқли ишлаб чиқариш корхонаси мансабдор шахслари танловда ноқонуний ғолибликни қўлга киритиш мақсадида корхона молиявий кўрсаткичлари, ишчи ходимларнинг қурилиш соҳасидаги маълумоти ва иш тажрибаси, шунингдек, танловда юқори балл олишда инобатга олинадиган маълумотларни қасддан ошириб кўрсатилганлиги аниқланган.

Мазкур ҳолатларга ҳужжатларни кўриб чиққан харид комиссияси аъзолари қонуний муносабат билдириш ўрнига, йиғилиш баённомаларига сохта ёзув ва маълумотларни киритиш йўли билан қалбакилаштириб, корхонани асоссиз ғолиб деб топишгани маълум бўлган.

Юқоридагиларнинг натижасида, танловда ноқонуний ғолиб бўлган «Qurilish ta’minoti» кўп тармоқли ишлаб чиқариш корхонаси томонидан маъмурий бинонинг қурилишида бажарилмаган 1 млрд.га яқин (905 млн. сўм, ёки объект умумий қийматининг 8%) қурилиш ишларини тўловга асос бўлган ҳужжатларида қўшиб ёзиб киритиб, шу миқдордаги давлат бюджети маблағлари талон-торож қилинганлиги маълум бўлган.

Мазкур ҳужжатлар бўйича прокуратура томонидан ўтказилган терговга қадар текшириш якунлари бўйича Жиззах вилоятида қурилишда танлов савдолари ва нархларни шакллантириш комиссияси раиси А.Р.га, шунингдек, комиссия ва бошқа ташкилотлар, хусусий корхоналар мансабдор шахсларига нисбатан ЖКнинг 167-моддаси 3-қисми «а» банди ва 205-моддаси 2-қисми «а» банди, 209-моддаси ва 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилди.

Эслатиб ўтамиз, «Жиззахча тендерлар-2. Оилавий пудрат, бир неча юз миллиардлик давлат буюртмалари» сарлавҳали мақолада Жиззах вилоят ҳокими ўринбосари Акрам Рахмонқуловнинг қариндошларига тааллуқли бўлган хусусий компаниялар аксарият давлат буюртмаларини ўзаро «тақсимлаб олган»и қайд этилганди.

Ундан аввалроқ Жиззах вилояти ҳокими фармойиши ва уни бажариш вилоят раҳбари қизига тегишли корхонага юклатилгани билан боғлиқ хабарлар тарқалганди. Кўп ўтмай, Коррупцияга қарши курашиш агентлиги мазкур воқеа юзасидан баёнот берди, лекин ўрганиш натижалари маълум қилинмади.

Жиззахда янги қурилган кўп қаватли бино қулаб тушиши ҳодисасидан кўп ўтмай, вилоят ҳокими ўринбосари Акрам Рахмонқулов ишдан олинган ва унинг ўрнига янгилари тайинланганди.

Эътиборлиси, Жиззах ҳокимининг собиқ ўринбосари ўтган йили «Содиқ хизматлари учун» медали билан тақдирланган эди.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг