Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

«Ж. Ортиқхўжаев» деб эмас, «Р. Усмонов» деб ўқинг...

«Ж. Ортиқхўжаев» деб эмас, «Р. Усмонов» деб ўқинг...

Кеча сайтимизда «Ортиқхўжаевнинг қарори Олий судда бекор бўлди» сарлавҳали мақола чоп этилганди. Унда пойтахт раҳбари икки ярим йил бурун «Building and Supplies» МЧЖга кўп қаватли тураржой қуриш учун Яккасарой тумани «Юнус Ражабий» маҳалласидан 0,50 гектар ер майдони ажратиб бергани-ю ҳокимнинг мазкур қарори маҳаллий аҳолининг кескин норозилигига сабаб бўлгани, можаро узоқ давом этиб, охир-оқибат ўша қарор ниҳоят Олий судда (Бош прокуратура протестига кўра) ҳақиқий эмас, деб топилгани қаламга олинганди.

Аввалданоқ гапнинг пўсткалласини айтиб қўя қолайлик: мақола тайёрлашда хатоликка йўл қўйилган. Бундан таассуфдамиз...

Модомики, бўлар иш бўлиб, ғишт қолипдан кўчган экан, мақолани сайтдан олиб ташлашдан маъно йўқ. Зеро, у ижтимоий тармоқларда тарқалди, камига айрим «чаққон» сайтлар кўчириб босишга улгурибди. Шу боис мақолани олиб ташлашдек осон йўлдан бориб, ҳақиқий ҳолатни баён этмаслик инсофдан эмас.

Мақолада ёзилганидек, пойтахт ҳокимининг «Building and Supplies» МЧЖга юқорида қайд этилган манзилда кўп қаватли тураржой қуриш учун ер майдони ажратиш ҳақида қарори чиққани рост. Гап шундаки, мазкур қарор Тошкентнинг ҳозирги раҳбари Ж. Ортиқхўжаев эмас, балки собиқ ҳоким Р. Усмонов томонидан қабул қилинганига ойдинлик киритилди.

Қайд этилган қарор маҳаллий фуқароларнинг ҳақли норозилигини келтириб чиқаргани ҳам ҳақиқат. Эътибордан четда қолгани шуки, айнан уларнинг норозилигидан сўнг Ж. Ортиқхўжаев янги қарор чиқариб, у билан ўзидан аввалги ҳокимнинг («Building and Supplies» МЧЖга ер майдони ажратиш тўғрисидаги) қарорини бекор қилади.

Шу билан масалага узил-кесил нуқта қўйилдими? Йўқ-да, йўқ... Аксинча, муаммо баттар чувалашиб, пойтахтнинг собиқ ва амалдаги ҳокимларининг қарорларини ҳақиқий эмас, деб топиш бўйича суд жараёнлари бошланиб кетади. Яъниким, «Building and Supplies» МЧЖ раҳбарлари маъмурий судга мурожаат қилиб, янги ҳокимнинг (аввалги ҳокимнинг қарорини бекор қилиш тўғрисидаги) қарорини ҳақиқий эмас, деб топишни сўраган бўлса, «Юнус Ражабий» маҳалласининг фаол фуқаролари собиқ ҳокимнинг қарорига нисбатан худди шундай мазмунда судга ариза киритади. Ҳар икки мурожаат бўйича суд жараёнлари бошқа-бошқа туман судларида бўлиб ўтгани, уларда гоҳ у-гоҳ бу томоннинг «қўли баланд» келгани хусусида гапириш ортиқча энди. Айтиш шарт бўлган гап шуки, собиқ ҳокимнинг гўёки «кетар жафоси»га чиқарган қароридан (Р. Усмонов «Building and Supplies» МЧЖга ер майдони ажратиш ҳақида қарорига имзо қўйганидан ўн кунча ўтиб ишдан кетади) зарар кўрмаган томон қолмади ҳисоб.

Биринчидан, унинг қарори, мана, Олий судда ҳақиқий эмас, деб топилди (собиқ ҳокимнинг ноқонуний қарори қуйи судлардан Олий маҳкамагача «талафотсиз» етиб боргани алоҳида мавзу).

Тадбиркор ютқаздими? Ҳа.

Маҳалла аҳли-чи?

Уларни ҳам музаффар атамоққа тил бормайди. Нега десангиз, масала Олий судгача боргунича тадбиркор қурилиш ишларини бошлаш учун «чекига тушган» ердаги дов-дарахтларга қирон келтириб бўлган экан. Тўғри, бунинг учун унга жиноят иши қўзғатилиб, етказилган зарарлар ундириб олинди. Аммо ўсимликлар оламига етказилган зарарни пул билан тугал қоплаб бўлмаслиги аён.

Хуллас, собиқ ҳокимнинг ноқонуний қароридан тадбиркор икки карра ютқазди, табиатга етказилган зарарнинг ён-атроф ва фуқароларга салбий таъсирини-ку, айтманг... Не тонгки, унинг «касофати», мана, бизгаям ургандай: ноқонуний ер майдони ажратилиши ортидан бошланган машмашалар, бу жараёнда содиқ ва собиқ ҳокимларнинг қарорларини ҳақиқий эмас деб топиш бўйича бўлиб ўтган бир эмас, бир неча жараёнлар ва уларда турлича суд ҳужжатлари чиқиши унча-мунча одамни чалғитиб қўйиши рост. Бахтга қарши, бундай ғурбатли ишнинг хайрли якуни ҳақида ёзиш жараёнида биз-да чалғидик. Бу гаплар ўзимизни оқлашга изн бермайди, албатта. Бироқ республика номидан қарор чиқараётган судларки хатога йўл қўйиб турганда битта мухбирнинг чалғиши натижасида келиб чиққан тушунмовчиликдан фожиа ясамаслик керак.

Амалдорнинг битта ноқонуний қарорини бекор қилдириш ёки қуйи суд хатоларини Олий судда тўғрилангунча анча-мунча вақт, асаб, ҳаракат-у харажат кетиши ҳеч кимга сир эмас. Журналистикада эса бунининг акси: масалага ойдинлик киритиш учун босиқ суҳбат, ўзаро тушуниш ва битта тузатиш бериш кифоя.

Тузатишимиз қуйидагича: «Ортиқхўжаевнинг қарори Олий судда бекор бўлди» мақоласидаги «Ж. Ортиқхўжаев»ни, илтимос, «Р. Усмонов» деб ўқинг...

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг