Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Бухорода тилла қумига ўчлар сони ошиб бормоқда. Улар бир-бирларига ҳужум уюштиришяпти

Бухорода тилла қумига ўчлар сони ошиб бормоқда. Улар бир-бирларига ҳужум уюштиришяпти

Фото: Xabar.uz

Аввалроқ, Бухорода таркибида тилла кукуни бўлган тош ва қумдан тилла заррачаларини ажратиб олиб, уни қайта ишлаб, олтин ҳолатига келтиришга мўлжалланган яширин корхоналар фаолият олиб бораётгани хусусида хабар берилган эди. 

Улар фаолиятини чеклаш юзасидан олиб борилаётган профилактик ишларга қарамай, тилла қумга ўчлар сони ошиб бормоқда.

«Кўрилаётган чора-тадбирларга қарамасдан, қатор ҳудудларда ижтимоий тангликнинг кучайиши, жумладан, қимматбаҳо металларни ноқонуний қазиб олишнинг давом этаётгани билан боғлиқ криминоген ҳолатлар ошиб бормоқда», – дейди вилоят ИИБ ахборот хизмати раҳбари Шуҳрат Жалолов «Xabar.uz»га.

Таъкидланишича, ноқонуний равишда қимматбаҳо металларни қазиб олиш ҳолатлар салбий тус олган бўлиб, уларнинг яширинча айланиши ва чет элга олиб чиқиб кетилиш ҳолатлари ҳам кузатилмоқда. Қонунчиликка кўра, ер қаъри участкаларида қимматбаҳо металларни носаноат усулида қазиб олиш билан шуғулланишга рухсат этилмайди.

Кузатувларга кўра, ноқонуний равишда «тилла қуми ювиш билан шуғулланувчи» шахслар сони Шофиркон туманида ошиб бормоқда. Бу, албатта, ушбу туманнинг энг чекка чўл кенгликлари Навоий вилоятига жуда яқин масофада жойлашгани билан боғлиқ. Маълумки, «Навоий тоғ-кон металлургия» комбинати таркибида тилла кукуни бўлган катта миқдордаги бундай қум уюми ва тошларни Зарафшон чўл тизмасининг белгиланган ҳудудида тўплаб боради. Бу қум ва тошлар тоғи келажакда таркибидан тилла ажратиб олиш ва яна қайта ишлов беришга мўлжалланган.

«Тилла қумига ўчлар эса қонунларни менсимай, босқинчилик жиноятини содир этишмоқда. Ўзининг устомонлиги билан қонунларимизни четлаб ўтиб, текин даромад орттиришни ният қилган шахслар қўлга олинишини, қилаётган ҳатти-ҳаракати қонунга зидлигини билиб туриб ҳам бу йўлдан қайтмаётгани анча ташвишли ҳол», — дейди Шуҳрат Жалолов.

Шофиркон туманидаги «Денов» маҳалласида яшовчи 32 ёшли А.Ш. исмли шахс ўз маҳалладошлари: Бухоро давлат университетининг 3-босқич талабаси С.С. ҳамда О.И. лар жиноий гуруҳ тузиб, ўзаро тил бириктирган ҳолда бошқа бир жиноий гуруҳга ҳужум қилишни кўзлашган. Ва шу йўл билан иккинчи жиноий гуруҳга тегишли бўлган таркибида тилла кукуни бўлган қумларни тортиб олишни режалаштиришган.

Улар тунги тахминан соат 04:00 ларда шу маҳалладаги Х.О. нинг уйига девор ошиб киришган. Ҳовлисининг айвонида ноқонуний равишда таркибида тилла заррачалари бўлган қумларни юваётган, 1-сонли касб-ҳунар мактабининг ўқувчиси, 17 ёшли вояга етмаган Н.Ш.нинг  устига бостириб киришган. Танасининг турли жойларига уриб, жароҳат етказиб, унга тегишли умумий қиймати тахминан 10.000.000 сўмлик таркибида тилла зарралари бўлган қумларни босқинчилик йўли билан олиб, воқеа жойидан яширинишган.

Ҳолат юзасидан Шофиркон туман ички ишлар бўлими томонидан гумонланувчиларга нисбатан Жиноят Кодексининг 164-моддаси 3-қисми «в» банди билан жиноят иши қўзғатилган. Ва бу босқинчи тўда таркибида 4 нафар гумонланувчи бўлган шахсларга нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган.

«Ушбу кўнгилсиз воқеа сабаб туманнинг барча ҳудудлари жиддий ўрганилди. ИИБ ходимлари, вилоят Электр тармоқлари унитар корхонаси, Экология ва Соғлиқни сақлаш бошқармаларидан мутахассислар жалб этилди. 5 та маҳалла фуқаролар йиғинларида мавжуд 3420 та хонадонларнинг барчаси хатловдан ўтказилди. 17 та ноқонуний тилла ювиш яширин цехлари ишлаб келаётгани аниқланди. Бунинг эвазига 128 маротаба ободонлаштириш қоидалари бузилган.  70 та ноқонуний газ ва электр энергиясидан фойдаланиш билан боғлиқ ҳамда 325 та бошқа турдаги маъмурий ҳуқуқбузарлик ҳолатлари содир этилгани очиқланди. Уларга нисбатан 67.078.000 сўм миқдорида жарималар белгиланиб, белгиланган жарималарнинг 20.201.500 сўми давлат фойдасига ундирилди. Маҳаллалардаги тилла қумларини ташиш имкониятига эга, қум ташиш учун қайта жиҳозланган ва техник кўрикдан ўтмаган жами 32 та автомашиналар жарима майдончасига жойлаштирилди», — деди Шуҳрат Жалолов.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг