«UzAutomotors» ходимлари иш ташлаш учун йиғилишди
«UzAutomotors» компаниясига қарашли автотураргоҳ ҳайдовчилари норозилик сифатида иш ташлаш қилишмоқчи.
Андижонлик блогер Отабек Нуриддинов «UzAutomotors» компанияси автотураргоҳидан тўғридан-тўғри трансляция қилмоқда. Унда ишчилар ойликлари бир неча баравар қисқартирилиб юборилгани, мурожаатлари эса бир неча ойдан буён инобатга олинмаётгани сабаб норозилик сифатида иш ташлаш уюштирмоқчи бўлишаётгани айтилади.
«20 000 сўм ойлик тушган, ака. Шунчалик ҳам бўладими? Ишонасизми, 450 сўм ойлик тушганлар ҳам бор. Хоразмгача трейлер ҳайдаб машина ташиганман. 20 000 сўм ойлик ҳам тўлайдими, ахир?! Оилада ёлғиз боқувчиман», дейди ишчилардан бири.
Унинг сўзларига кўра, биргина ўзида эмас, ҳаммада шундай ойлик кам чиққан. Ойлик миқдорини кўриб чиқиш бўйича арз қилишганига беш ой бўлган, бўлди ҳал қиламиз дейишган. Лекин масала ортга суриб келинаверган.
Иккинчи бир мурожаатчининг айтишича, бир йил-у уч ой давомида ойликлар ҳисобида хато кетган экан. Ҳисобчилар камомадни ойликларингдан тўлайсизлар деб таъкидлашган.
«Биз раҳбариятдан норозимиз. Уларни ўзгартириш керак, ишчилар ҳақида қайғурмайди. Беш ойдан бери ойлик олмай ишлаяпмиз. Кечасию кундузи тинмай ишлатишяпти, аммо ойликлар ҳақида гапирсак, биров бизни эшитмайди», — дейди ишчилар.
Блогер ишчилар билан суҳбат уюштиргач, раҳбарият изоҳини олишга ҳаракат қилишини қайд этган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter