Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Урганчда карантиндан қочмоқчи бўлган шахсни ушлаш учун ҳавога ўқ узилди

Урганчда карантиндан қочмоқчи бўлган шахсни ушлаш учун ҳавога ўқ узилди

Ҳарбийлар Урганчдаги карантин ҳудудидан бир неча марта қочишга уринган шахсни ушлади. У панжарадан ошиб ўтаётган вақтда ҳавога огоҳлантирувчи ўқ узилган. Бу ҳақда Мудофаа вазирлиги Шимоли-ғарбий ҳарбий округ матбуот хизмати «Газета.uz»га хабар қилди.

Хабарда келтирилишича, 18 май куни соат 13:30 атрофида Урганч шаҳрида жойлашган Хоразм вилояти ногиронларни реабилитация қилиш ва протезлаш марказида эҳтиёт чораси сифатида ташкил этилган ёпиқ карантин ҳудудида сақланаётган, 1976 йилда Тошкент шаҳрида туғилган фуқаро И.Р. марказдан қочишга уринади.

Ушбу ҳолатни пайқаган Урганч гарнизонидан тайинланган соқчи кичик сержант Л.А. фуқаро И.Р.ни оғзаки огоҳлантириб, ундан орқага қайтишни сўрайди ва ҳолат бўйича гуруҳ каттасига маълумот беради. Ўз навбатида, гуруҳ каттаси шу заҳоти содир бўлган воқеа бўйича карантин штабига маълумотни етказади.

Аммо шу куннинг ўзида, соат 14.10 атрофида фуқаро иккинчи марта ёпиқ карантин ҳудудидан қочишга ҳаракат қилади. У соқчининг огоҳлантиришига қарамай, темир панжарадан ошиб ўтишга уринади.

«Натижада соқчи, махсус йўриқномага асосан, шахсий қуролидан осмонга қарата огоҳлантирувчи ўқ отишга мажбур бўлади. Шошиб қолган фуқаро И.Р. қоровул шахсий таркиби томонидан тезда қўлга олинди», — дейилади хабарда.

Карантин қоидаларини бузганлик ҳолати бўйича фуқаро И.Р. карантин штабига топширилиб, унга нисбатан ўрнатилган тартибда маъмурий баённома тузилди.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг