«У қутурган ва қўлидаги пичоғи билан «ўлдираман» деб бақирарди» — Бухородаги мудҳиш воқеа тафсилотлари
Бухорода икки киши пичоқланди: ўғил вафот этди, она оғир аҳволда.
Ижтимоий тармоқларда «Когонда бир эркак икки кишини пичоқлаб ташлади» сарлавҳаси остида видеолар тарқалди. Видео манбаасида келтирилишича, қотиллик Бухоро вилояти Когон шаҳридаги «Ўзбекистон темир йўллари» АЖга қарашли идора олдида содир бўлган.
«Xabar.uz» мухбирининг ўрганишича, воқеа жойи Когон туманидаги Маҳтумқули маҳалла фуқаролар йиғини. Когон шаҳридаги «Ўзбекистон темир йўллари» АЖга қарашли идоралардан бирида (Вагон ДПО) содир бўлган. Жиноят содир этган 53 ёшли эркак Н.Н. Когон шаҳрининг Навзирабод маҳалласида яшаб келган. Факел маҳалласида яшовчи 29 ёшли йигит Р.Н. ҳамда унинг 61 ёшли онаси А.Ш. билан Н.Н.нинг ўртасида аввалдан келишмовчилик бўлган.
«8 ойча илгари Р.Н. фуқаро Н.Н. таништирган қизга уйланган. Тўй дабдабали ўтган. Афсуски, тўйнинг эртасига қиз иффатсиз чиққан ва қиз ота уйига қайтариб юборилган. Отасиз улғайган, меҳнаткаш йигит бўлган Р.Н. тўйда «ўртакаш» бўлган Н.Н.ни айблаган. Она-бола ундан тўй харажатларини қоплашини талаб қилиб келишган. Р.Н. жуда кўп бор Н.Н.га бошқа уйланиши ва уям бахтли бўлиши кераклигини айтган. Бироқ, гаплари зое кетган. Орадан вақт ўтишига қарамай, тўй харажатлари қопланмаган. Шундан сўнг куни кеча, яъни 13 октябрь соат 13:10 лар атрофида Р.Н. онаси А.Ш. билан Когон шаҳридаги вагон ДПО олдида кўришишган. Ва шундай даҳшатли якун топган», — дейди ўзини таништиришни истамаган суҳбатдошлардан бири.
Билдирилишича, уч нафар фуқаро ўзаро тортишишган, жанжаллашишган. Оғзаки жанжал муштлашувга айланган. Жаҳлланган Н.Н. бақириб-чақириб, ўзи билан ёнида олиб чиққан ошхона пичоғи билан фуқаро А.Ш.ни зарб билан тепган ва пичоқлаган. Фурсат ўтмай, уни ҳақоратлаган Р.Н.нинг ҳам ортидан қувиб, ўлдириб, бўғизлаб ташлашини айтган. Видеога кўра, жонҳолатда қочиб кетаётган Р.Н. кўчадаги ўриндиқлардан бирига депсиниб кетиб йиқилган ва яна ўрнидан туриб, яна қочишга уринган. Бироқ, кўзи қонга тўлган Н.Н. фуқаро Р.Н.нинг баданининг дуч келган жойига бир неча маротаба зарб билан пичоқ санчган.
«У қутурган ва унга қаршилик қилмоқчи бўлган одамни қўлидаги пичоғи билан «ўлдираман» деб қўрқитарди. Даҳшатли воқеа шу қадар тез дақиқалар ичида содир бўлдики, одамлар ички ишлар ходимларига ўз вақтида хабар бера олишмади. Тезкор гуруҳ етиб келганда, қочиб кетаётган жиноятчини олдидан маҳалладаги йигитлардан бири тўсиб чиқди. Қотил унга ҳам ўлдириш билан таҳдид қилди. Йигит қаердан куч топди, билмадим, ерда ётган таёқ билан унинг орқасига уриб, йиқитди», — деди воқеага гувоҳ бўлган кейинги суҳбатдош.
Маълум бўлишича, оғир тан жароҳати олган Р.Н. касалхонада жон берган. Онаси А.Ш. эса ҳушдан кетган ва касалхонага ётқизилган. Суҳбатдошларининг айтишича, А.Ш. ҳали ўғлининг вафотидан хабарсиз.
Бухоро вилояти Прокуратураси ахборот хизматининг билдиришича, мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 97-моддаси (Қотиллик) 2-қисми «а» банди (икки ёки ундан ортиқ шахсни қасддан ўлдириш) 25-моддаси (Жиноятга тайёргарлик кўриш ва жиноятга суиқасд қилиш) билан жиноят иши қўзғатилган. Гумонланувчи ҳибсга олинган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter