Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Самарқандлик эркак аёли ва унинг «жазмани»ни дўконда пичоқлаб ўлдирди

Самарқандлик эркак аёли ва унинг «жазмани»ни дўконда пичоқлаб ўлдирди

Иллюстратив фото

Самарқанд шаҳридаги савдо дўконларидан бирида мудҳиш қотиллик рўй бергани ҳақида тарқалган шов-шувлар, таассуфки, ўз тасдиғини топди. 

Кеча ижтимоий тармоқларда қирқ ёшлар чамасидаги бир эркак шаҳарнинг Мирзо Улуғбек кўчасидаги савдо дўконларидан бирида икки фуқарони (бири эркак, бири аёл) пичоқлаганига оид хабарлар тарқалганди. 

«Xabar.uz» сўровига жавобан Бош прокуратура матбуот хизмати воқеликни тасдиқлади. Унга кўра, жорий йилнинг 20 ноябрь куни кечки пайт (соат 18.00 атрофида) Пастдарғом туманида истиқомат қилувчи М.А. (1978 йилда туғилган, тадбиркор) турмуш ўртоғи Ш.А. (1989 йилда туғилган) катта йўл четида тўхтаган «Nexia-3»га чиқаётганини кўриб қолади. Машина бошқарувида Р.Э. (31 ёш) эканини билгач, у ва хотини ўртасида ишқий муносабатлар борлиги ҳақидаги миш-мишларни эслаб, йўловчи машинада кузатишга тушади.

Аёл ва унинг ҳамроҳи Самарқанд шаҳрининг Мирзо Улуғбек кўчасидаги дўконларнинг бирига киргач, у ҳам ичкарига йўл олади. Натижада савдо дўконида катта жанжал кўтаради ва шу ерда ўзи билан олиб келган ошхона пичоғи билан ҳар иккисига оғир жароҳат етказади. Етказилган жароҳатлар натижасида аёл ҳам, унинг жазмани деб гумон қилинган эркак ҳам воқеа жойида вафот этади.

Шу куннинг ўзида М. А.га нисбатан қасддан одам ўлдириш (Жиноят кодексининг 97-моддасининг 2-қисми «а, ж» бандлари) аломатлари билан жиноят иши қўзғатилиб, у белгиланган тартибда ушланган.

Тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг