Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Азиз Несин Тилингни тий! (ҳажвия)

Азиз Несин Тилингни тий! (ҳажвия)

У 1915 йили туғилди. Уйида йиғлагани қўйишмади. Онаси қўлини бигиз қилиб дўқ урди:

– Овозингни ўчир!

Кулиш ҳам, йиғлаш ҳам мумкин эмасди. Отаси ҳам зуғум қиларди:

– Жим бўл!

Агар уйда меҳмонлар бўлса, уни огоҳлантиришарди:

– Жимгина ўтир, шовқин солма!

Агар онаси уйда ёлғиз қолса, қулоғига қуярди:

– Бақирма, бир пасгина тинчлик бўлсин!..

Шу тариқа у етти ёшга тўлди.

 * * *

У мактабга қатнай бошлади. Дарс пайтида энди оғиз очган ҳам Эдики, муаллим ўшқириб қолди:

– Гаплашма!

Уни доскага чақиришганда доимо уқтиришарди:

– Сендан нимани сўрашса, фақат шу ҳақда гапир. Ортиқча жаврама...

Шу тариқа ўн икки ёшга тўлди.

 * * *

У лицейга қатнай бошлади. Биринчи эшитган гапи шу бўлди:

– Гапиргандан кўра жим ўтирган яхши!

– Кўп жаврама!

– Оғзингни юм!

– Жим бўл!

Шу тариқа ўн тўққиз ёшга тўлди.

* * *

У университетга ўқишга кирди. Уйда шундай насиҳат қилишди:

– Катталар гапирганда кичиклар жимгина қулоқ соладилар.

Онаси тайинлади:

– Сўз – каттадан, сув – кичикдан.

Профессор бир куни шундай деди:

– Тилингни тийиб юр!..

Шу тариқа йигирма уч ёшга тўлди.

 * * *

Ҳарбий хизматга чақирилди. Бўлинма командири буюрди:

– Жим бўл, итвачча!

Сержант:

– Жаврашни бас қил!

Капитан:

– Оғзингни очма!

 * * *

Уни миршабхонага чақиришди:

– Сендан сўралаётгани йўқ!

Комиссар дўқ урди:

– Жим!

 * * *

У ишга кирди. Ўртоқлари бармоқларини оғзига босиб шивирлашди:

– Тс-с!

– Худо ҳаққи, оғзингни юм! Бошингга бир балони орттириб олма. Эҳтиёт бўл!

Бошлиқлар огоҳлантириб қўйди:

– Ҳар нарсага бурнингни тиқма!

– Бунинг сенга дахли йўқ!

– Нима ишинг бор?

– Аралашма!

 * * *

Уйланди. Хотини тайинлади:

– Сендан илтимос, ҳар балога бурнингни суқма!

Фарзандлар туғилиб, вояга етишди. Улар айтишди:

– Ота, бу ишга ақлингиз етмайди. Аралашмай ўтиринг!

 * * *

Бу одам – қисман мен, қисман сиз, қисман ҳаммамиз!

Ривоят қилишларича, ўтмишда хотинлар пишираётган овқатига эркакларнинг тилини қирқиб қўядиган бир оғу қўшармиш. Бизнинг емишимизга ҳам шунақа оғу қўшилганга ўхшайди. Бир қараб кўринг-чи, тилингиз бормикин? Биз тилимизни ютиб қўйганмиз! Оғзимиз бору аммо тилимиз йўқ.

 * * *

Мана энди ўша қисман менга, қисман сизга ўхшайдиган одам сўз эркинлигини талаб қилиб юрибди. Унинг гапиргиси келяпти.
Аммо унга буюриляпти:

– Тилингни тий!

Менинг унга шундай дегим келади:

– Гапир! Гапир! Гапирсанг-чи! Аммо нима дейсан? Қандай гапирасан? Тилимиз борми ўзи?..

Шодмон Отабек таржимаси.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг