Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Сергей Брин: «Рўпарангиздаги тоғ эмас, оддий тепалик»

Сергей Брин: «Рўпарангиздаги тоғ эмас, оддий тепалик»

Фото: «The Business Journals»

«Google» асосчиларидан бири компания, стартаплар, эркинлик, ёшлар, хатолар ва бошқалар ҳақида.


«Google»

Кўплар «Google»ни ўта қудратли деб ўйлашади, бироқ шуни доим ёдда тутинг, қидирув тизимларида, бошқа компаниялардан фарқли ўлароқ, бир тугмачани босиб бошқа қидирувчига ўтиб кетса бўлади. Одамлар «Google»ни танлашгани учун ҳам ундан фойдаланишади. Биз уларни алдамаймиз.

«Search Engine Watch»  учун интервьюсидан, 2003 йил 18 август.

Қидирув

Ахборотни қидириш кўп одамлар учун мунажжимлар башорати, биржа котировкалари ва ҳоказо-ҳоказо нарсалардан анчайин муҳим. Улар (рақобатчилар — таҳр.) бунга эътибор беришмади. Мана, нима учун ҳам биз биринчи навбатда Googleни ишга туширдик. Биз қидирувга жиддий диққат қаратиш лозим бўлган муаммо сифатида ёндашдик.

2004 йил сентябридаги интервьюсидан.

Стартаплар

Пуллар мотивация бўлиши керакмас. Аксарият стартапларнинг пичоққа илингулик нарсаси ҳам йўқ. Беихтиёр бу одамлар ғояни ўйлашга беш дақиқа, уни ишлашга йиллаб сарфлаган деган хаёлга борасан. Агар улар каллани кўпроқ ишлатишганидами, ўйлашимча, нимадир яхшироқ нарса яратишган бўларди.

«JDNet»га интервьюсидан, 2000 йил 14 июль.

Эркинлик

Жуда қудратли кучлар ҳамма томондан, бутун дунёдан очиқ интернетга ҳамла қилмоқда. Ҳозир олдинги пайтлардан ҳам кўпроқ ташвишланяпман. Ёмон...

«Guardian» учун интервьюсидан, 2012 йил 15 апрель.

Муваффақият

Ҳар ким муваффақиятли бўлишни хоҳлаши табиий ҳол. Бироқ мени новатор, жуда ишончли, тарбияли, алал-оқибат дунёни ўзгартира олган одам сифатида эслашларини истайман.

«ABC News»га интервьюсидан, 2004 йил 20 февраль.


Бизнес сабоқлари: Майкл Блумберг: «Уолл-стритда бир дунё бойлик топаман деганларнинг камдан-камига омад кулиб боққан»


Солиқлар

Назаримда, солиқ аслида бизга керак бўлмаган нарсаларга солиниши ва аксинча, фойда келтирадиганлари рағбатлантирилиши керак. Масалан, ҳавони ифлослантирганлик учун солиқлар юқори бўлиши маъқул. Шунда ҳавоям тозароқ бўлиб, беҳуда харажатлар озаярмиди.

«Khosla Ventures CEO Summit», 2014 йил 3 июль.

Шаҳарлар

Ҳаёт тарзимиз, ердан фойдаланиш катта ислоҳотларга муҳтож. Катта шаҳарларда жуда кўп ерлар — тахминан 30-50 фоиз, машина тураргоҳларига ажратилган, бу ғирт исрофгарчилик. Тўлиб-тошган йўлларнинг ўзи ҳам жуда кўп ерни «ўғирлайди».

«Khosla Ventures CEO Summit», 2014 йил 3 июль.

Ёшлар

Ҳозир катта ҳаётга қадам қўяётган ёшларда қандайдир ҳадик бор. Менда бунақа бўлмаган. Мен кўрган кичкина тепача уларнинг кўзига ўтиб бўлмас улкан тоғдек кўринади.

«Los Angeles Times» учун интервьюсидан, 2009 йил 28 октябрь.

Хатолар

Кўпроқ қоқилсангиз, биронта арзигулик нарсага дуч келишингиз эҳтимоли юқори.

Дэвид А. Вайз ва Марк Малсиднинг
«Google тарихи. Давр ру
ҳидаги портлаш» (2007 й.) китобидан.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг