Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Ҳақиқий Wolkswagen Beetle, президент ҳайдаган Малибу ва Ислом Каримов дастхат қўйган Спарк... Тошкент политехника музейида яна нималарни кўриш мумкин?  

Ҳақиқий Wolkswagen Beetle, президент ҳайдаган Малибу ва Ислом Каримов дастхат қўйган Спарк... Тошкент политехника музейида яна нималарни кўриш мумкин?  

Биринчи президент И.Каримов дастхати қўйилган Спарк. 2010 йил, 1 сентябрь. Ва бошқа ретро машиналар.

Фото: Xabar.uz

«Xabar.uz» Тошкент музейлари фаолияти, экспонатлари ҳақида фото ва мақолалар бериб боришни давом эттиради. «Музейга борамиз» лойиҳасининг бу галги манзили – Тошкент политехника музейи.

Ўзбекистонда музейлар тарихи жуда узоқ – 150 йилга яқин даврга бориб тақалади. Лекин транспорт, автомобилсозлик тараққиёти тарихидан сўзловчи саноат ва қишлоқ хўжалиги машиналари ва уларга оид ихтироларни ўзида жамлаган музей узоқроқ ўтмишда бўлмаган. Ҳозирда Марказий Осиёда ягона ҳисобланадиган Тошкент политехника музейи «UZAUTOSANOAT» АК ташаббуси билан 2015 йил 10 ноябрда ташкил этилган.

Фото: Xabar.uz

Манзил: Тошкент шаҳри, Миробод тумани, Амир Темур кўчаси, 13 уй.

Кириш пулли: 1-қават (ретро ва замонавий автомобиллар) 5 минг сўм; 2-қават (физика ва математикага оид интерфаол бўлим) 15 минг сўм; нафақа ёшидагилар, 4 ёшгача бўлган болалар ва имконияти чекланганлар учун бепул.

Экскурция хизмати: Бир киши учун 1.500 сўм.

Иш вақти: Сешанба – якшанба 10:00 дан 18:00 гача.

Дам олиш куни: Душанба.

Тўлиқ айланиш учун: 40 дақиқадан 3 соатгача вақт сарфланади.

 – Музейимиз 3та асосий бўлимдан ташкил топган, – дейди Тошкент политехника музейи экскурсаводи Азамат Саркулов. – Булар жаҳон автомобилсозлиги тарихи, миллий автомобилсаноат тарихи ва интерфаол экспонатлар.

Ford model T, 1908 й. Бу автомобил ўз даврнинг энг оммабом автомашинаси бўлган ва миллионлаб серияда ишлаб чиқарилган.  Фото:Xabar.uz 

– Музейнинг ретро ҳудуди ҳам бор экан-а?

– Жаҳон автомобилсозлиги тарихи бўлимини ретро ҳудуд ҳам дейиш мумкин. Ушбу бўлим автомобилсозлик ривожланишининг асосий воқеаларини акс эттиради. Автомобилсозлик тарихи ва тараққиётига оид экспонатлар ва Германия, АҚШ ва Россия ретро автомобиллари шу бўлимдан жой олган. Бу ерда Wolkswagen Beetle, Москвич-400, ГАЗ-13 «Чайка»нинг ҳақиқийсини кўришингиз мумкин.

Bugatti Type 35, пойга автомобили. 1924. 1800 та пойгада ғолиб бўлган энг омадли болидлардан бири. Фото:Xabar.uz 
Ҳақиқий Wolkswagen Beetle (Қўнғиз). 1938 йилдан ишлаб чиқарила бошланган. Фото: Xabar.uz

Бундан ташқари, музейда бензин билан ҳаракатланувчи дунёдаги илк автомашина – Motorwagen автомобилининг айнан ясалган модели ва бор. Motorwagen немис ихтирочиси Карл Бенц томонидан яратилган. У ўзининг қизиқ тарихига эга. Карл Бенц ўз автомобилини биринчи марта одамларга намойиш қилиб кўрсатаётганда, машина ағнаб кетади. Одамларга бу ҳодиса қаттиқ таъсир қилиб, унга буюртма тушмайди. Карл Бенц катта маблағ сарфлагани учун иқтисодий қийинчиликка тушиб қолади. Бу оғир вазиятдан уни аёли Берта Бенц олиб чиқади. Берта Бенц ўзи автомобилни бошқариб, саёҳатга чиқади. Саёҳати муваффақиятли ўтади. Бу жонли рекламадан кейин, Карл Бенцга таклиф ва буюртмалар туша бошлайди. Музейимиздаги Motorwagen модели ёнида шунинг учун аёл киши тасвири ҳам бор. Бу аёл турмуш ўртоғини оғир вазиятдан олиб чиққан Берта Бенц.

Motorwagen немис ихтирочиси Карл Бенц томонидан илк автомобил яратилган. 1885 й. Фото: Xabar.uz

– Музей экспонатлари қандай йиғилган?

«UZAUTOSANOAT» томонидан тақдим қилинган, шахсий коллекциялардан вақтинча экспозиция учун берилган, ҳақиқий бўлмаган моделларнинг барчаси Турин политехника университети талалабали томонидан ясалган.

BMW/EMW 340. 1948 й. Фото: Xabar.uz

– Меҳмонлар асосан қайси экспонатларга қизиқиш билдиради?

– Ретро автомобилларининг ҳақиқийсига, биринчи президентимиз дастхат қўйган ўзимизнинг автомашиналарга ва албатта, интерактив бўлимга қизиқиш катта. Ҳозир бизда яна бир қизиқ экспонат бор. Бу 2017 йилда президент Шавкат Мирзиёев Юнусобод туманида янги қурилган кўприкда бошқарган Chevrolet Malibu автомобили.

Президент Шавкат Мирзиёев Юнусобод туманида янги қурилган кўприкда бошқарган Chevrolet Malibu автомобили. Фото: Xabar.uz

– Интерфаол экспонатлар бўлимида нималарни кўриш мумкин?

– Энг қизиғи, анъанавий музейларда экспонатлар томоша қилинса, бизнинг интерфаол бўлимда фан ва техника оламига жонли саёҳат қилишингиз мумкин. Ўқувчилар бу бўлимда математика, физика, астрономияга оид билимларини мустаҳкамлаб, физика қонуниятларини ҳаётий мисолларда кўриш билан бирга, экспонатларни ушлаб, қимирлатиб, йиғиб кўришади.

– Асосан қайси ёшдагилар кўпроқ келади музейга?

– Ҳар хил. Меҳмонлар орасида мактаб ўқувчилари, оилалар ва туристлар сони кўпроқ.

Победа М-20. 1946-1958 йилларда ишлаб чиқарилган. Фото: Xabar.uz

Жаҳон автомобилсозлик тарихига, физика ва математика қонуниятларининг оддий турмуш тарзимизда қандай акс этиши ва уларни ўз қўлингиз билан синаб кўришга қизиқсангиз, албатта, Тошкент политехника музейига келинг. Музейда ёш болалилар учун ҳам шароитлар яратилган. Масалан, болалар аравачаси, текин болалар майдончаси хизматда.

Дилроз Абраева

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг