Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Асфалт ёки цемент? Автомобил йўллари соҳасида «яшил» тенденциялар

Асфалт ёки цемент? Автомобил йўллари соҳасида «яшил» тенденциялар

Иллюстратив фото

Прогнозлаштириш ва макроиқтисодий тадқиқотлар институти (ПМТИ) ходимлари экологик цемент-бетон автомобил йўллари қурилишининг ҳолати, истиқболлари ва янада ривожлантириш йўналишларини ўрганиб чиқди.

Глобал экологик муаммолар фонида сўнгги йилларнинг асосий тенденциялари орасида «яшил» қурилиш (Green Сonstruction, Green Buildings)га ўтиш — бино ва иншоотларни режалаштириш, қуриш ва улардан фойдаланиш концепцияси бўлиб, мақсади объектнинг ҳаётий цикли давомида ресурсларни истеъмол қилиш даражасини минималлаштиришдир.

Трансконтинентал савдони рағбатлантириш ва ривожлантиришда Ўзбекистоннинг роли тез суръатлар билан ўсиб бормоқда. Мамлакат халқаро транзит юк ташишнинг муҳим марказига айланди. Унинг ҳудудидан 20 га яқин халқаро йўналишлар ўтади. Автомобил йўлларини янада ривожлантириш ва сифатини яхшилашнинг долзарблиги, шунингдек, республиканинг ижтимоий-иқтисодий ҳаётида саноатнинг роли ортиб бораётгани, ишлаб чиқариш соҳаси ва аҳолининг ўсиб бораётган эҳтиёжларини ишончли ва қулай транспорт тармоғи билан таъминлаш заруратига боғлиқ.

Автомобил йўлларини ривожлантириш ва фойдаланиш. Ўрта ва узоқ муддатли истиқболда саноатнинг иқтисодий ривожланишига оид ҳисоб-китоблар, шунингдек, нуфузли хорижий экспертларнинг ҳисоб-китоблари республикада автомобил транспортида юк айланмаси сезиларли даражада ошишини прогноз қилмоқда.

Ўзбекистоннинг деярли барча ҳудудларида автомобил йўллари, йўл иншоотлари ва йўл бўйидаги инфратузилманинг транзит салоҳиятини янада ривожлантириш ва такомиллаштириш ривожланган мамлакатларнинг ушбу соҳадаги илғор тажрибаларини ҳисобга олган ҳолда амалга оширилиши мақсадга мувофиқ.

Дунёда асосан икки турдаги йўл қопламалари қўлланилади: қайишқоқ (асфалт-бетон) ва қаттиқ (цемент-бетон). Йўл қопламаларини қуриш ва ишлатиш амалиёти шуни кўрсатдики, ҳар хил иқлим ва транспорт интенсивлиги шароитида цемент-бетон қопламали йўллар (30 йил ёки ундан кўп) асфалт қопламали йўлларга (8 йилдан 12 йилгача) қараганда анча чидамли. Шу сабабли транспорт воситалари тез ҳаракталанувчи автомобил йўллари учун цемент-бетон қопламалар варианти энг мақбул, деб тан олинган.

Ривожланган мамлакатларда юқори тезликда ҳаракатланиш мумкин бўлган автомобил йўллари узунлигининг сезиларли қисми цемент-бетон қопламали эканлиги бундай қопламалардан фойдаланиш самарадорлиги юқорилигини кўрсатади (1-расм).

1-расм. Ривожланган мамлакатларда цемент-бетон қопламали юқори тезликда ҳаракатланиш мумкин бўлган автомобил йўлларининг улуши (фоиз).
Манба: Probetonstroy.com

АҚШда цемент-бетон йўллар юқори тезликда ҳаракатланиш мумкин бўлган йўллар умумий узунлигининг тахминан 60 фоизини, Германияда 38, Австрияда 46 фоизини ташкил қилади. Хитой цемент-бетон тезюрар йўллар қурилишини сезиларли даражада оширмоқда. Японияда мустаҳкамлиги, оддийлиги ва фойдаланиш муддатини ҳисобга олган ҳолда, тезюрар йўллардан ташқари, цемент-бетондан кўп қаватли йўл ўтказгичлари қурилган.

Табиий муҳитга зарарли таъсирларни камайтириш. Ўзбекистонда йўл қурилишида ҳамон асосан асфалт-бетон қопламадан фойдаланилади. Барча юкларнинг 95 фоизи ва йўловчиларнинг 88 фоизи автомобил йўлларида ташилади.

Замонавий талабларни ҳисобга олган ҳолда, халқаро стандартларга мувофиқ, соҳада йўлларни аста-секин автомобил ўқларига 13 тонналик юкламали йўлларга ўтказиш чоралари кўрилмоқда. Бу эса мустаҳкамлик хусусиятларини сезиларли даражада оширишни талаб қилади.

Ушбу нуқтаи назардан, цемент-бетон йўллар муҳим афзалликларга эга:

  • катта механик таъсирларга ва катта ўлчамли транспорт воситаларининг оғирлигига бардошли ва хизмат кўрсатиш муддати узоқроқ;
  • транспорт кам ёқилғи сарфлайди (10-20 фоиз);
  • мустаҳкам бетон қопламадан 30 ёки ундан ортиқ йил давомида таъмирлаш ишларига муҳтож бўлмасдан фойдаланиш мумкин, асфалт қоплама эса 8-12 йил хизмат қилади ва вақти-вақти билан таъмирлашни талаб этади;
  • қоплама экстремал об-ҳаво шароитларига, юқори ва паст ҳаво ҳароратига ёки намлик ўзгаришига юқори чидамлиликка эга;
  • экологик оқибатларни минималлаштиради, транспорт воситалари ҳаракат учун минимал ёқилғи сарфлайди;
  • табиий ресурсларни тежаш ва экологик хавфсизлик. Асфалт нефтни саноат усулида қайта ишлаш йўли билан олинади, бетоннинг асосий таркибий қисмлари эса зарарли кимёвий моддалар деярли йўқ бўлган оҳактошлардир.

Тупроқ ва қўшимча қатламларни цемент билан мустаҳкамлаш, бетон қопламани ётқизиш ёки йўлларни реконструкция қилиш пайтида асфалтнинг асосини цемент билан мустаҳкамлаш йўлларни янада мустаҳкам ва иқтисодий жиҳатдан фойдали қилади. Қурилиш вақти қисқаради, йўлнинг ўзи капитал таъмирсиз бир неча ўн йиллар хизмат қилади ва техник харажатлар пастлигини олдиндан айтиш мумкин.

Бетон йўллар юқори юк кўтариш қобилиятига эга. Бу асос ва пастки қатламларга юкламанинг бир хиллигини ва эскиришга чидамлилик коэффициентини етарли даражада таъминлайди. Улар барқарорлик хусусиятига эга, шу жумладан, юқори ва паст ҳарорат таъсирига. Цемент-бетон йўллар сирт ёпишқоқлигининг юқори коэффициентига эга. Уларнинг ёрқин юзаси қоронғида йўналиш олишни осонлаштиради ва ёзда қизиб кетишни камайтиради. Бундан ташқари, цемент-бетон акс эттирувчи эффекти туфайли ёритиш учун электр энергия сарфини 30 фоизга камайтиради.

Энг муҳим афзаллик — бу умумий иқтисодий самарадорлик — цемент-бетон йўлларнинг ҳаётий цикли асфалт-бетонга қараганда 2,5-3 баравар кўп.

Турли шароитларда цемент-бетон қопламаларини қуришнинг бошланғич қиймати асфалт-бетонга қараганда 20-40 фоиз қимматроқ бўлса-да, ҳаётий цикли нуқтаи назаридан асфалт қопламаларини таъмирлаш ва ишлатиш харажатлари шундайки, муқобил цемент-бетон қопламаларни қуриш ва ишлатиш анча арзонга тушади (2-расм).

2-расм. Ҳар хил турдаги йўлларга хизмат кўрсатишнинг ётқизиш нархига нисбатан қиймати (фоиз).
Манба: Koleso.temaretik.com

Цемент-бетон қоплама, айниқса, транспорт воситаларининг юқори интенсивлиги ва/ёки автомобил транспортининг оғир юки шароитида ўзини оқлайди. Битум импортини камайтириш орқали валютани сезиларли даражада тежашга ҳам эришилади. Цемент-бетон йўлларнинг асосий таркибий қисмлари — цемент ва норуда қаттиқ қурилиш материаллари (шағал, майдаланган тош, қум ва тошлар) деярли барча ҳудудларда ишлаб чиқарилади. Бу эса қурилиш майдонига материалларни ташиш билан боғлиқ иссиқхона газларини камайтиришда ёрдам беради.

Шу боис мамлакатимизда соҳани ривожлантиришнинг устувор йўналишлари қаторида янги қуриладиган ва реконструкция қилинадиган йўлларни босқичма-босқич цемент-бетон қопламага ўтказиш мақсадга мувофиқ.

Шу билан бирга, цемент-бетонни ётқизиш асфалт-бетон ишларига нисбатан анча мураккаб технологик жараён эканлигини ёдда тутиш керак.

Мамлакат турли минтақаларда, шу жумладан Германия, Жанубий Корея, Испания ва Озарбайжоннинг йирик компаниялари иштирокида цемент-бетон қопламали магистрал йўл участкаларини қуриш ва улардан фойдаланиш бўйича анча узоқ муддатли тажрибага эга. Андижон вилоятида цемент ишлаб чиқарувчи корхоналар томонидан мақсадли кластер ташкил этилди. У 31та чекка маҳалладаги 23 километрли йўлларни цемент-бетон аралашмаси билан қоплаб, 10 йилгача техник хизмат кўрсатишни ўз зиммасига олди.

Бу тажрибани бутун мамлакат бўйлаб ёйиш, 2022 йилда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида жами 2,6 минг километрли цемент-бетон қопламали ички йўлларни қуриш ва таъмирлашнинг кластерли усулини жорий этиш режалаштирилди. Ушбу йўл кластерлари фаолиятини қўллаб-қувватлаш мақсадида, 2022 йил охиригача ихтисослаштирилган ускуналар импорти божхона тўловлари ва утилизация йиғимларидан озод қилинди.

Бетон иссиқхона газларидан қутқаради. «Яшил» қурилиш талабларига жавоб берадиган табиий карбонатланиш жараёнида бетоннинг иссиқхона газларини ютиш қобилиятининг ижобий таъсири Шарқий Англия университети тадқиқотлари билан тасдиқланган. Олимлар 1930–2013 йилларда барча бинолар, иншоотлар ва бетон қопламалар томонидан атмосфера карбонат ангидриднинг минтақавий ва глобал сўрилишини моделлаштиришди. Бунда 4,5 гигатонна углерод ёки 16 гигатонна карбонат ангидриднинг сўрилиши аниқланди. Бу уларни яратиш жараёнида чиқадиган карбонат ангидриднинг тахминан 43 фоизи дегани. Цемент-бетон қопламалар углерод изининг камайишига ҳисса қўшади.

Пердю университети (АҚШ) қурилиш муҳандислиги кафедраси олимлари, шунингдек, бетон аралашмасига нано ўлчовли титан диоксид қўшилиши бетоннинг карбонат ангидридни боғлаш қобилиятини деярли икки баравар оширишини аниқлашди.

Қурилиш материаллари саноатининг тайёрлиги. Цемент-бетон йўлларни қуришда асосий қурилиш материаллари сифатида ишлатиладиган минерал хом ашё — шағал, қум, тошлар мамлакатнинг деярли барча ҳудудларида мавжуд. 2021 йилнинг январ–декабр ойларида маҳаллий корхоналар томонидан цемент ишлаб чиқариш 12 фоизга ўсиб, 14,2 миллион тоннага етди. 2021 йил охирида Ўзбекистонда цемент ишлаб чиқариш қуввати 21 миллион тоннани ташкил этди, 2022 йилда умумий қуввати 3,8 миллион тоннани ташкил этадиган 5 та инвестиция лойиҳасини якунлаш режалаштирилган бўлиб, бу ушбу турдаги материалларга бўлган эҳтиёжни тўлиқ қоплаш, шу жумладан цемент-бетон йўлларни қуриш ва таъмирлаш учун қулай имкониятлар очади.

«Яшил» қурилиш тамойилларининг жорий этилиши жаҳон ҳамжамиятининг эътиборини тортади, мамлакатнинг ижобий имиджини ривожлантиришга таъсир қилади, унинг турли халқаро индекслар, жумладан, кредит рейтинглари даражасини оширишда ёрдам беради.

Юқоридагиларга асосланиб, аниқ ижобий экологик таъсирни ҳисобга олган ҳолда, цемент ва унга асосланган материаллардан узоқ муддатда, шу жумладан, автомобил йўллари қурилишида доимий фойдаланишни тавсия этиш мумкин.

Цемент-бетон йўллар қурилишини кенгайтириш фойдалилигининг ижобий аргументлари — ҳудудларнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишини яхшилашга ёрдам берадиган бетон заводларининг мавжуд қувватларидан тўлиқроқ фойдаланиш имконияти, шунингдек, кўчма ва ихчам тез ўрнатиладиган бетон заводларидан фойдаланиш, жойлашувининг қисқа вақт ичида ўзгартирилиши ва кейинги жойда юқори сифатли бетон ишлаб чиқариш мумкинлигидир. Лойиҳанинг иқтисодий кўрсаткичларини яхшилашнинг қўшимча омили, юқоридаги афзалликларга қўшимча равишда, самарасиз транспорт харажатларини камайтириш бўлади.

Мирҳамид Тўраев,
ПМТИ бош илмий ходими.

Александр Цой,
ПМТИ катта илмий ходими

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг